Click to listen highlighted text!

МУДҲИШ ҚИЛМИШ БЕГУНОҲ БОЛАНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

photo_2024-10-21_12-41-01

Судлов амалиёти жиноятларнинг аксари қасддан ёки ўзини-ўзи идора қила олмаслик натижасида содир этилишини кўрсатади. Бундай қилмишлар орасида ўткинчи ҳис-туйғулар оқибатида содир этилганлари ҳам учрайди. Ана шундай мудҳиш қилмишларнинг бири Тупроққалъа туманида рўй берди. Кўрганнинг ҳам, эшитганнинг ҳам этини жунжиктирувчи бу мудҳиш ҳодиса арзимас оилавий тортишув асносида келиб чиқди.

Сиртдан қараганда, 1980 йили Ҳазорасп туманида туғилган Музаффар Матниёзов ва Питнак шаҳрида истиқомат қилувчи Насиба Ёқубоваларнинг оилавий турмуши тинчгина кечарди, ўртада оддий баҳс-мунозаралардан ташқари айтишга арзигулик жиддий муаммолар кўзга ташланмасди. Бу оила Питнак шаҳридаги хонадонлардан бирида ижарада турарди.

Афсуски, бу мудҳиш воқеа оддий жанжал оқибатида келиб чиқди. Ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилган Музаффар уйига қайтгач, хотини Насибадан қандай таом тайёрлаётганини сўради. Аммо таомнинг номини эшитиб, негадир бирдан жазаваси қўзиди. Жаҳл аралаш бунақа овқатни емаслигини айтиб, уй ичига кириб кетди. Уй ичида эндигина 7 ёшни қаршилаган Беҳрузбек (2016 йили Насибанинг аввалги турмушидан туғилган) аллақандай ўйин ўйнаб ўтирарди. Асабий ҳолатдаги Музаффар болага кўзи тушиб, баттар тутоқиб кетди. У болани аввалига бўралатиб сўкди, сўнг зарб билан унинг белига тепди. Бола оғир зарбнинг таъсирида ерга юзтубан йиқилди. Бола унга нисбатан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасди. Энг ёмони, ақлини буткул йўқотиб, қутуриб кетган Музаффар қўллари билан болани томоғидан бўға бошлади. Шўрлик боланинг жон ҳолатда типирчилаши ҳам унинг тош қотган юрагини юмшатолмади… Бир зумда боланинг нафаси сўнди. Ошхонада куймаланиб юрган Насиба ичкарида содир бўлган бу мудҳиш воқеадан бехабар қолди. Музаффар эса, боланинг жонсиз жасадини ўриндиққа ётқизиб, устидан сув сепди, болада ҳеч қандай жонланиш аломати сезилмагач, устига кўрпа ёпиб қўйди. Сўнг у ҳеч нарса рўй бермагандек, нариги хонага ўтди. Шовқин солиб ўйнаётган боланинг бирданига тинчиб қолгани онанинг эътиборини тортмай қолмади. Шу боис, у эрини сўроққа тутди ва унинг “ухлаб қолди” деган гапини эшитиб, хавотири бироз босилди. Музаффар кечки овқатни ҳам кутмай дўконга бориб-келаман дея кўча сари йўналди. Аммо у шу кетганча қайтиб келмади.

Она эмасми, анчайин тўполончи фарзандининг ҳеч кутилмаганда овози чиқмай қолгани Насибанинг кўнглига барибир ғулғула солди. У Беҳрузбек ётқизиб қўйилган хона томон ошиқди. Кира солиб, ҳали-ҳамон “ухлаётган” боласига сўз қотди: овқат тайёрлигини айтди, тез туриб, юз-қўлингни юв, овқатланамиз, ўғлим, деди. Афсуски, боладан бирон сас-садо эшитилмади. Унинг шифтга қадалган кўзлари аллақачон бир нуқтада қотиб қолганди. Бироздан сўнг онанинг аччиқ фарёди еру кўкни тутди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилишди. “Тез ёрдам” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришди.

Аммо боланинг қотилини ҳеч қаердан топиб бўлмади. Унга нисбатан қидирув эълон қилинди ва тез орада гумонланувчи қўлга олинди. Тергов жараёнида М. Матниёзов барча айбини тан олди: спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйига келгани, хотини билан сан-манга боргани, болани тўполон қилгани учун койигани, бироқ бу билан кифояланмай уни тепиб, ерга қулатгани ва пировардида бўғиб, умрига зомин бўлганини очиқ баён қилди. У бундай мазмундаги кўрсатмасини ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва адвокат Д. Эшёзов иштирокидаги учрашув чоғида ҳам бирма-бир сўзлаб берди. Аммо орадан кўп ўтмай гумонланувчи сўзидан тониб, кўрсатмасини инкор этди. Суд ва тергов эса, гувоҳлар кўрсатмалари ва далил-исботларга таянди. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Хоразм вилояти филиалининг Ҳазорасп-Тупроққалъа бўлими тиббий эксперти О. Бобоев судда гувоҳлик беришича, 2016 йили туғилган Б. Отахановнинг ўлими бўйин аъзоларининг ташқи куч, қўл бармоқлари таъсирида қаттиқ сиқилгани ва нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Эксперт тадқиқодлари натижасида аниқланган бу ҳолатлар лаборатория текшируви якунида ҳам ўз тасдиғини топди. Вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси Ш. Сейдамов гумонланувчининг дастлабки терговдаги баёноти рўй берган мудҳиш қотиллик тафсилотларини аниқлаш чоғи юзага қалқиб чиққан ҳолатларга мутлақо ва мантиқан мос эканлигини таъкидлади. Айни пайтда бошқа бир ҳолат: қотиллик жинояти рўй берган пайтда хонада М. Матниёзовнинг ўзидан ташқари ҳеч ким бўлмагани ойдинлашди. Боланинг онаси Н. Ёқубова кечки овқат тайёрлаш билан банд бўлиб, ичкарида юз берган машъум воқеадан бехабар қолган.

М. Матниёзов эса, мантиқан тасдиқланган бу ҳолатларнинг барини инкор этди. Боланинг ўлимида айбдор эмаслигини терговдан ташқари ўтказилган барча суд мажлислари чоғи ҳам тинимсиз такрорлади.

Унинг адвокати тарафидан ана шу раддия асосида келтирилган шикоят пировардида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш босқичида муҳокама этилди. Шу тариқа ҳозирда узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумнинг рўй берган қотиллик ҳаракатига дахли йўқлиги ҳақидаги даъвоси ва боланинг жасадини текшириш якунлари юзасидан чиқарилган суд-тиббий экспертизасига бўлган эътирози синчиклаб ўрганилди. Унда судга тақдим қилинган ҳужжатлар, далиллар, гувоҳлик кўрсатмаларининг ҳақиқат ва мантиққа нечоғли мослиги алоҳида ўрганилди. Унинг якунлари маҳкумга қўйилган айб ва шу айб юзасидан тайинланган жазо мутлақо асосли ва қонуний эканлигини кўрсатди. Шу аснода боланинг ўлими ўткир касаллик ёки оддий тутқаноқ натижасида келиб чиққани ҳақидаги тахминлар ҳам чиппакка чиқди.

Муҳокама чоғи судланувчининг шахсига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум бўлишича, М. Матниёзов аввал ҳам уч марта судланиб, ўз жиноий қилмишларининг жазосини тортган. Даставвал (2015 йил 26 июнь) жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2017 йили муддатидан олдин жазодан озод қилингач, тағин ўғирлик кўчасига кирган. Бу галги қилмиши ҳам мазкур кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича малакаланган ва яна 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йили тағин судланиб, жазога тортилган: бу гал учинчи такрорий қилмиши учун 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Ўтказилган суд жараёнлари айбланувчи ўзининг айбини ўзгаларга тўнкаш асносида ўзига тайинланиши муқаррар бўлган жазодан қутулиб қолишга уринганини кўрсатди. Бинобарин, дастлабки босқич судининг машъум жиноят юзасидан чиқарган ҳукмини бекор қилиш ва жазони енгиллаштиришнинг имкони йўқ. Шу муносабат билан дастлабки босқич судининг М. Матниёзовни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга оид 97-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташга қарата чиқарган ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Адолат ва ҳақиқат тамойили ана шу тариқа қарор топди.

Акбар Аминов,

Хоразм вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судлов

ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_6741d5a8ac5ae { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6741d5a8ac5ae:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6741d5a8ac5ae { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6741d5a8ac5ae:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!