Click to listen highlighted text!

НИЗОЛАРНИНГ МАЪМУРИЙ СУДГА ТААЛЛУҚЛИЛИГИ ВА СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИГИ: МУАММО ВА ЕЧИМ

photo_2024-06-28_15-56-43

Давлат томонидан ҳал этиладиган ҳуқуқ ҳақидаги низолар ва бошқа юридик ишларнинг муайян давлат органи иш юритувига тегишлилиги муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида, юридик ишларни турли хил юрисдикциявий органлар ўртасида аниқ ва мақсадга мувофиқ равишда тақсимланишини таъминлайди. Тааллуқлиликнинг муҳим белгиси унинг қонун билан аниқ белгилаб қўйилгани ҳисобланади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига кўра, маъмурий судлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ҳамда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи бошқа бир қатор ишларни кўриши белгиланган.

Кодекснинг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақлидир.

Аммо амалиёт ва илғор хорижий тажриба таҳлили миллий қонунчилигимизда аризаларнинг маъмурий судларга тааллуқлилиги борасида ислоҳотларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, ҳоким қарорларининг қонунийлигини назорат қилувчи ва ноқонуний қарорларни бартараф этиш ваколатига эга бўлган бир қатор (адлия бошқармалари, прокуратура, юқори турувчи ҳокимликлар, халқ депутатлари кенгашлари, омбудсман) субъектлар бўлса-да, қонунчиликда бундай низоларни судгача ҳал этишнинг мажбурий механизми назарда тутилмаган. Бу эса, нафақат судларнинг иш юкламаси ортиши, балки фуқаролар ва ҳокимликларнинг суд харажатлари учун ортиқча маблағ сарфлашига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” деб номланган 4.2-бўлимида судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш ҳамда судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш вазифаси белгиланган.

Кўпгина хорижий давлатлар, жумладан, Германия ва Латвия давлатлари қонунчилигида аризачи маъмурий органнинг ҳаракати, қарори устидан маъмурий судга мурожаат қилишдан олдин дастлаб юқори турувчи органга мурожаат қилиши мажбурий қоида сифатида белгиланган. Аммо мамлакатимиз қонунчилигида бундай қоида назарда тутилмаган. Бу эса, низоларни судга қадар босқичда ҳал қилиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис қонунчиликка маъмурий судга мурожаат қилишдан олдин жавобгарнинг юқори турувчи органига мурожаат қилишининг мажбурий тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Бунинг учун Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 184-моддаси иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилади:

“Маъмурий органлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар фақат юқори турувчи органга шикоят қилинганидан кейингина судда кўриб чиқилади. Бу қоида юқори турувчи органи мавжуд бўлмаган маъмурий органларга нисбатан татбиқ этилмайди”.

Суд амалиётида учраётган муаммолардан яна бири қонунчиликда инвесторлар ва мулк ҳуқуқларини бекор қилишга оид қарорлар фақат суд тартибида бекор қилинишига доир императив қоида белгиланган бўлса-да, амалда бундай қарорлар адлия бошқармасининг тақдимномаси ёки прокурор протестига асосан ҳокимларнинг ўзи томонидан бекор қилиниб келинаётганидир. Ушбу қоиданинг амалда тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида шу каби чекловни “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир. Ана шунда бундай қарорлар прокуратура ва адлия органлари томонидан маъмурий судга ариза киритиш тартибида кўриб чиқилади. Бу инвесторлар ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиради.

Шу ўринда судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига тўхталадиган бўлсак, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 32-моддасига мувофиқ фуқаро ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

Маъмурий судларнинг иш ҳажми таҳлили шуни кўрсатадики, 2023 йилда Нукус туманлараро маъмурий судида 784 та, Фарғона туманлараро маъмурий судида 806 та, Самарқанд туманлараро маъмурий судида 1 311 та иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич Тошкент туманлараро маъмурий судида 2 832 тани ташкил этган. Судларда иш ҳажми ўртасида бундай тафовутнинг келиб чиқишига аксарият ҳолатларда аризачилар турли ҳудудларда яшашса-да, маъмурий органларнинг марказий идоралари пойтахтда жойлашгани асосий сабаб бўлган.

Натижада Тошкент туманлараро маъмурий судининг иш юкламаси бошқа туманлараро маъмурий судларга нисбатан бир неча баробар кўпайган.

Бундан ташқари суд амалиётида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари бўйича низолашаётган фуқаролар ишни жавобгар жойлашган ҳудуддаги маъмурий судда кўрилишини истамайдиган ҳолатлар ҳам учрайди. Буни улар судга жавобгар мансабдор шахс томонидан таъсир ўтказилиши мумкинлиги билан изоҳлашади. Шу сабабли аризачилар муайян ҳудуддаги мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки қарорлари устидан берган ариза ва шикоятларининг холис кўрилишини таъминлаш учун бошқа ҳудуд судида кўриб чиқиш ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилишади. Бироқ қонунчиликда суд ишини маҳаллий маъмурий суддан бошқа ҳудудий судга олиб беришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаган.

Ушбу муаммони ҳал этиш учун замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва видеоконференцалоқа имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда маъмурий ишларни аризачининг хоҳишига кўра, экстерриториал кўриш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Бундай тартибни жорий этилиши ўз навбатида, маъмурий ишлар барча ҳудудлардаги судлар ўртасида автоматик равишда тенг тақсимланиб, ишларнинг тез ва сифатли кўрилишига шарт-шароит яратади. Қолаверса, бундай тақсимот аризачиларнинг холислик ва объективлик борасидаги шубҳаларини ҳам бартараф этади. Хорижий давлатлар суд амалиётида экстерриториал тақсимот тартиби йўлга қўйилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Хулоса ўрнида айтганда, юқорида баён этилган ўзгартириш ва қўшимчалар келгусида одил судлов фаолиятининг сифати ва самарадорлиги янада ортишига, провардида эса фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга бўлган ишончи янада ошишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Нодира Хакимова,

Олий суд судьяси

#thegov_button_6740960e57f7d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740960e57f7d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740960e57f7d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6740960e57f7d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!