Click to listen highlighted text!

ТЎХТАТИЛГАН “ПАРВОЗ”: СУДДА ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

photo_2024-06-20_12-09-49

Ҳозирги пайтда бутун дунё миқёсида одам савдоси жинояти глобал муаммо ҳисобланади. Куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланадиган ушбу трансчегаравий жиноятга қарши курашиш жаҳон жамоатчилигининг доимий диққат марказида турибди. Афсуски, бу турдаги жиноятчилик мамлакатимизга ҳам бегона эмас.

Маълумотларга қараганда, 2021 йилда юртимизда одам савдоси қурбонлари сони 175 нафарни ташкил этган. Шундан 81 нафар хотин-қиз шаҳвоний мақсадларда фойдаланилган бўлса, 12 нафар эркак мажбурий меҳнат қурбонига айланган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 93 нафарга тенг бўлган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда ушбу хавфли жиноят турига қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.

Хусусан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун асосида бу хавфли жиноятга қарши қатъият билан кураш олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамасдан қабиҳ ниятда ушбу тубан жиноятга қўл ураётган кимсалар ҳам учраб турибди.

Фикримизни мисол орқали давом эттирадиган бўлсак, Самарқанд шаҳрида яшовчи Гулнисо Ғанижонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмушидан ажрашгач, моддий жиҳатдан қийналиб қолади. Чўкаётган одам хасга ёпишгани каби у ҳам бу вазиятдан чиқишга чора ахтаради. Ўтган йилнинг охирида у қариндоши Моҳитоб Асадовага хорижга бориб ишлаб келиш ниятида эканини айтади.

Бу бежизга эмас эди. Чунки ёш жиҳатидан тенгдош бўлган М. Асадованинг турмуш тарзи ҳам Г. Ғанижонованинг яшаш муҳитидан фарқ қилмасди. У ҳам худди Г. Ғанижонова сингари эридан ажрашган бўлиб, бир неча йил аввал Туркияга ишга бориб келган эди. Шу боис М. Асадова қариндошининг хорижга бориш режасини дарҳол қўллаб-қувватлаб, Туркияда танишлари борлиги ва улардан ёрдам беришни илтимос қилишини билдиради.

Шундан сўнг М. Асадова “Метош” исмли таниш аёлга қўнғироқ қилиб, Г. Ғанижоновага иш топиб беришни сўрайди. “Метош” Г. Ғанижоновага тўғридан-тўғри тубан йўл орқали пул ишлашни таклиф қилади.

Аммо дабдурустдан айтилган бу таклифни Г. Ғанижонова рад этади.

— Яқинда Туркияга кетаман, – дея гапида давом этади М. Асадова. – Агар бирга кетиб, мен айтган иш билан шуғулланишни истовчи танишларинг бўлса, олдимга олиб кел. Хизмат ҳақингни бераман…

Бу гап Г. Ғанижоновага маъқул келади ва яқин таниши бўлган Фарида Худойқуловадан ахлоқсиз қизларни топишга ёрдам беришни сўрайди.

Бунинг эвазига мўмайгина “хизмат ҳақи” олишини эшитган Ф. Худойқулова тез орада “Марғуба”, “Шалола”, “Ирода” исмли қизларни М. Асадованинг уйига бошлаб келади. Ўз навбатида, М. Асадова уларнинг фотосуратларини хориждаги ҳамтовоғи “Метош”га жўнатади. Қизлар “Метош”га маъқул келгани учун уларнинг ҳар бирига 300 АҚШ долларидан тўлашга рози бўлади. М. Асадова бунинг ҳисобидан Г. Ғанижоновани ҳам моддий манфаатдор қилишга ваъда беради.

Ушбу келишувдан сўнг М. Асадова “Самарқанд – Истамбул” йўналиши орқали Туркия давлатига учиб кетиш учун ўзи, Ф. Худойқулова, “Марғуба”, “Шалола” ва “Ирода”га авиачипта харид қилади. Аммо уларнинг парвози тўхтатилади. Шу йил 16 январь куни “Самарқанд” халқаро аэропортида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда М. Асадова ва Г. Ғанижонова қўлга олинади. Шундан сўнг уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд М. Асадова ва Г. Ғанижоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б”, “е” бандларига асосан айбдор деб топди ва уларга муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шу тариқа яна бир оғир жиноятнинг пайи қирқилди. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Зеро, одам савдоси энг тубан жиноят тури ҳисобланади.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6740879405f91 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740879405f91:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740879405f91 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6740879405f91:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!