Click to listen highlighted text!

ШҲТга АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

photo_2024-05-23_16-41-15

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг йиғилишига Ўзбекистон раислик қилди.

Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси Олий суди раиси Дхананджая Йешвант Чандрачуд, Эрон Ислом Республикаси Суд ҳокимияти раисининг ўринбосари Козим Ғарибободий, Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси Асламбек Мергалиев, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюнь, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси Замирбек Базарбеков, Покистон Ислом Республикаси Олий суди раиси Кази Фаез Иса, Россия Федерацияси Олий суди раиси Ирина Подносова, Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат вакили – Беларусь Республикаси Олий суди раиси Валентин Сукало ва меҳмонлар – ШҲТ бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

Йиғилиш аввалида унинг иштирокчилари авиаҳалокат туфайли вафот этган Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва бошқа расмий шахсларнинг хотирасига сукут сақладилар.

Тадбир муқаддимасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Кадиров ўқиб эшиттирди.

Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.

ШҲТ ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.

Олий суд органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни ШҲТ маконида қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Ўзбекистон раислиги даврида одил судлов самарадорлигини ошириш борасидаги масалалар қаторида, суд-ҳуқуқ тизимида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳуқуқни қўллаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва судлар фаолиятига доир бошқа муҳим масалалар юзасидан фаол равишда маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бу жараён ташрифлар, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган 40 дан ортиқ йирик тадбирлар иштирок этиш орқали амалга оширилди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Миллат ва чегара билмас иллат саналадиган одам савдосига қарши курашиш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан ШҲТ давлатлари учун долзарб муаммо эканлиги инобатга олиниб, одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқиш амалиёти муҳокама қилинди. Бу борада тизимли равишда ўзаро тажриба алмашинуви аҳамиятли экани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, фуқаролик судлови соҳасида медиация институтидан кенг фойдаланиш бўйича чоралар қабул қилиш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Шу билан бирга низони ҳал этиш ва унинг тарафлари учун ўзаро маъқул келувчи қарор қабул қилишга эришишнинг асосий механизмларидан бири бўлган медиацияни янада чуқур ўрганиш ва унинг моҳиятини англаш умумманфаатли экани эътироф этилди.

Йиғилиш иштирокчилари мулк ҳуқуқи ҳимояси ва хусусий мулк дахлсизлигини одил судлов воситасида таъминлаш чораларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.

Давлат органлари билан ўзаро муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш ҳамда унинг кафолатларини кучайтириш борасида катта аҳамият касб этувчи маъмурий одил судловни шакллантириш ва ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтилди.

Суд жараёнларида янги технологияларни қўллаш орқали одил судловни рақамлаштириш истиқболлари масаласи ҳам мажлис кун тартибидан ўрин олди. Бу борада ШҲТга аъзо мамлакатлар Олий судлари келгусида илғор тажриба ва одил судловни амалга оширишда ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича янги билимлар билан алмашишга тайёрлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари якдиллик билан қайд этганидек, Олий судлар раисларининг кенг кўламли масалалар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўсини ва глобал мавқеини янада оширишга ҳам хизмат қилади.

Зотан, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини бирлаштирган ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантиришнинг механизми сифатида Евроосиё қитъасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашдаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ишонч, дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидлади. 

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги биргаликдаги фаолиятни янада такомиллаштириш, адолат, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. 

Йиғилиш якуни бўйича ШҲТга аъзо давлатлар суд ҳокимиятининг олий органлари ҳамкорлиги истиқболлари тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. 

Якуний ҳужжатда кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг 20-йиғилишини 2025 йилда Хитой Халқ Республикасида ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши тўлиқ ўзаро англашув руҳи ва дўстона муҳитда, юқори даражада мазмунли ўтди.

#thegov_button_673fda323b768 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_673fda323b768:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_673fda323b768 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_673fda323b768:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!