ЕРГА ОИД НИЗОЛАРНИ МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Сўнгги йилларда маъмурий судларда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилиниши баробарида ерга оид оммавий низолар кўрилиб, ҳал этилмоқда. Яъни, ерга оид низоларнинг аксарияти маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш масалаларидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тегишли органларнинг ваколатига тааллуқли масалалар судлар томонидан ҳал қилинмайди. Айтайлик, Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкасини бериш (реализация қилиш) бўйича ваколатли органлар белгиланган. Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ваколатига эга. Бу ваколатларни фақат шу органнинг ўзигина бажаради. Борди-ю, ваколатли давлат органи тегишли тартиб-таомилга риоя қилмаса ёки қонунга зид равишда ҳаракатланса, ушбу ҳаракат(ҳаракатсизлик) ёхуд ноқонуний қарор устидан маъмурий судларга мурожаат қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, маъмурий органнинг объектни танлов ёки аукционга чиқаришга қадар амалга оширган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ёхуд қарори билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий низолар маъмурий судларда кўриб чиқилиб, ҳал этилса, аукцион ёки танлов натижаси юзасидан вужудга келган низолар эса (масалан, битим, ким ошди савдосини ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш, битимни бекор қилиш, ўзгартириш) тегишинча фуқаролик ишлари бўйича судлар ёинки иқтисодий судларда кўриб чиқилади.
Ерга оид низо билан судга мурожаат этишда Ер кодексининг 31- ва 33-моддаларига асосан ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келганлиги ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эканлиги муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш, шу жумладан, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ҳамда ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилган. Гарчи 2021 йил 16 августда Ер кодексининг 23-моддасига ўзгартишлар киритилган бўлса-да, 2021 йил 9 июндан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимларининг ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ажратиш(реализация қилиш) ваколати чекланган.
Фуқаролар ва юридик шахслар ерга оид ўзларининг ҳуқуқларини бузаётган қарор ёки хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) маъмурий органнинг ваколати доирасида амалга оширганлигига аҳамият қаратишлари лозим.
Зеро, айрим маъмурий органларда ҳуқуқий билим ва салоҳияти етарли бўлмаган кадрлар ўзлари билмаган ҳолда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларни бузишга сабаб бўлган қарор чиқаришлари, хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) содир этиш ҳолатлари учраб туради.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига асосан маъмурий органннинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида ариза(шикоят) билан маъмурий судга мурожаат қилишлари талаб этилади. Узрсиз сабабларга кўра муддатни ўтказиб юбориш эса манфаатдор шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланмаслигига олиб келади.
Қонунларимиздаги мазкур қоидаларни билиш, уларга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб, эркин ва фаровон ҳаётнинг гарови ҳисобланади.