БЕКОР БЎЛГАН БУЙРУҚ: СУД ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАДИ
Мамлакатимиз Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Бинобарин, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, касб ва фаолият турини эркин танлаши учун кенг имкониятлар яратилган.
Бироқ ҳаётда баъзан меҳнат қонунчилигига ҳамда амалдаги қонунларга амал қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинларини бузилишига олиб келади.
Мисол учун айтадиган бўлсак, Наргиза Хўжамова судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Учқудуқ тумани спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғини ноқонуний деб топиш, ўзини йўриқчи-услубчи вазифасига ишга тиклаш, етказилган маънавий зарар учун 250 000 000 сўм товон пули ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Н. Хўжамова 2017 йилда Учқудуқ тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактабига йўриқчи-услубчи лавозимига ишга қабул қилинган.
Учқудуқ тумани спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғига асосан, Н. Хўжамова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 4-бандига асосан ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилгани, уни бартараф этиш имконияти бўлмагани муносабати билан бекор қилинган.
Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарори 1-иловасидаги Низомнинг 62-бандида спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни жисмоний тарбия бўйича олий маълумотли ва камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан тайинланадиган йўриқчи-услубчи амалга оширади деб белгиланган. Иш берувчи ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғида ана шу Низом талабини асос сифатида келтирган.
Бундан ташқари Навоий вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ходимлари томонидан тузилган далолатномада Н. Хўжамовага мактабда мавжуд бўлган бошқа иш ўрни таклиф қилингани, бироқ у бошқа ишга ўтишни рад этгани қайд этилган.
Аммо Н. Хўжамова суд мажлисида берган кўрсатмасида иш берувчи томонидан унга бошқа иш ўрни оғзаки равишда таклиф қилингани, лекин у бунга рози бўлмагани, чунки ўз лавозими вазифаларини яхши билишини билдирди.
Суд иш ҳолати ва қонун талабларидан келиб чиқиб, Н. Хўжамова йўриқчи-услубчи лавозимида 2017 йил 3 январдан буён ишлаб келгани, олий маълумотли экани, йўриқчи-услубчи лавозими тренер-ўқитувчи лавозимидан юқори туриши, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 4-бандини нотўғри талқин қилганини эътироф этди. Суд ана шу қонуний асосларга таянган ҳолда Н. Хўжамова билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғни ғайриқонуний деб топди ва уни ишлаб келган вазифасига ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.
Шунингдек, унга етказилган маънавий зарар учун товон пули ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни ҳам лозим топди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир идора ва ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари бузилмайди. Бу эса, ўз навбатида, судлардаги иш юкламасини камайтиришга ҳам ҳисса қўшади.
Анвар Жумаев,
фуқаролик ишлари бўйича
Учқудуқ тумани суди раиси