Click to listen highlighted text!

ЖАЗОНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ — ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ ЭНГ ИШОНЧЛИ ҚАЛҚОН

photo_2026-10-20_14-46-47

Гиёҳвандлик аввал инсоннинг иродасини, сўнг соғлиғини, кейин эса оиласини ва жамиятдаги ўрнини емиради. Бир шприц ёки бир дона таблеткадан бошланган йўл кўп ҳолларда ўғирлик, фирибгарлик, оилавий зўравонлик ва ҳатто оғир жиноятлар билан якун топиши мумкин.

Олий суд Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги «Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида бу тоифадаги жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига таҳдид солиши алоҳида таъкидланган. Бугун бу таҳдид, афсуски, янги қиёфа касб этмоқда.

Яъни наркотиклар энди қоронғи кўчаларда эмас, смартфон экранида, мессенжердаги «каналлар»да, «закладка» деб аталувчи яширин жойларда тарқатилмоқда. Сотувчи харидорнинг юзини кўрмайди, харидор эса, кўпинча ҳали ҳаётни англаб улгурмаган ўсмир бўлиб чиқади.

Давлатимиз бу хавфга нисбатан қатъий ва тизимли кураш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни асосида гиёҳвандликка оид жиноятлар учун жавобгарлик тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

Аниқроқ айтсак, Жиноят кодексининг XIX боби энди «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» деб номланди. Шу номнинг ўзиёқ қонун чиқарувчининг нуқтаи назарини аниқ ифодалайди: гиёҳвандлик савдоси — миллат генофондига қарши қаратилган жиноятдир.

Кодексга 13 та янги модда — 276-1–276-13-моддалар киритилди.

Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этганлик учун — беш йилдан ўн йилгача, уюшган гуруҳ томонидан ёки икки ва ундан ортиқ лаборатория ташкил этилганда эса, ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Илк бор гиёҳвандлик моддаларининг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилганлик учун алоҳида жавобгарлик (276-3-модда) жорий этилди — энди савдони «соябон» остида ушлаб турганлар ҳам жазодан четда қолмайди. Бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш учун жавобгарлик эса, мустақил 276-2-моддада кўзда тутилди.

Энг асосий янгиликлардан яна бири — Жиноят кодексининг 273-моддаси тўлиқ янги таҳрирда берилди. Энди гиёҳвандлик воситаларини таълим ташкилотларида, ётоқхоналарда, болалар оромгоҳларида ва уларга туташ ҳудудларда, вояга етмаганларга, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет орқали сотиш алоҳида оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

Кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ томонидан Интернет орқали ёхуд бир неча давлат ҳудудида содир этилган қилмишлар учун жазо ўн беш йилдан йигирма йилгача этиб белгиланади.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 73-моддасига киритилган ўзгаришга кўра, гиёҳвандлик моддаси савдоси, нарколаборатория ташкил этиш ва ҳомийлик билан боғлиқ ҳолларда мол-мулкни мусодара қилиш ҳам назарда тутилди. Бундай қатъий чора жиноий даромад манбаини илдизи билан бартараф этишга қаратилган.

Жавобгарлик муқаррарлиги фақат оғир жиноятлар билан чекланмайди.

Сотиш мақсадини кўзламай оз миқдорда гиёҳвандлик воситасини тайёрлагани, олгани, сақлагани, ташигани ёки жўнатгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги 56-моддасига кўра, мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача жарима ёхуд ўн беш суткагача маъмурий қамоқ белгиланди.

Ушбу кодексга янги 187-1-модда ҳам киритилди. Унга кўра, жамоат жойларида гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача жарима ёхуд ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилди.

Вояга етмаганларни спиртли ичимлик ёки гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб этганлик учун кодекснинг 188-моддаси бўйича ҳам маъмурий қамоқ қўлланилади.

Муҳими, бу тоифадаги ишлар энди бевосита судьялар томонидан кўрилади. Бу эса, суднинг зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Баъзан «муқаррар жазо» ибораси ҳаммага бир хил, энг оғир жазо бериш деб тушунилади. Бу — хато. Олий суд Пленумининг «Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 34-бандида аниқ мезон белгиланган: ташкилотчилар, сотувчилар, контрабандачилар, илгари судланганлар ва вояга етмаганларни жиноятга жалб этганлар оғирроқ жавобгарликка тортилиши лозим.

Айни вақтда сотиш мақсадини кўзламай гиёҳвандлик воситасини олган ёки сақлаган шахсларга, шунингдек, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш масаласи, албатта, муҳокама қилиниши шарт.

Бошқача айтганда, суд савдогар билан унинг қурбонини бир тарозига қўймайди. Гиёҳвандлик моддаси орқали бойиётган шахсга нисбатан жазо, ҳақиқатан ҳам, оғир ва муқаррар бўлиши керак.

Гиёҳвандлик иллатига мубтало бўлган шахсга эса, жазо билан бирга, даволаниш имконияти ҳам берилади: Жиноят кодексининг 96-моддасига кўра, мажбурий даволаш озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланганда ҳам қўлланилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 273-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиб, ҳокимият органларига арз қилса ва восита ёки моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.

Судья сифатида яна бир муҳим жиҳатни таъкидлашни истардим.

Жазонинг муқаррарлиги далилларнинг ишончлилигига таянади. Қонунга хилоф тўпланган далил асосида чиқарилган ҳукм эртага бекор қилинади ва айбдор жазодан қутулиб қолади. Шу боис суд ҳар бир ишда ҳар бир далилни синчковлик билан текширади.

Хусусан, гиёҳвандлик воситаларига оид иш бўйича эксперт хулосаси олиниши шарт ва бундай экспертиза фақат давлат суд-экспертиза муассасаларида ўтказилади. Аралашмадаги нейтрал тўлдирувчи моддалар оғирлиги ҳисобга олинмайди — миқдор актив модданинг соф оғирлиги бўйича аниқланади.

Миқдорга мансублик масаласини эксперт эмас, суд ҳал қилади. «Назорат остида олиш» каби тезкор-қидирув тадбирлари қонун талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиши, гиёҳвандлик моддаси савдоси қасди эса, фақат миқдор билан эмас, далиллар мажмуи — дозаларга қадоқлаш, тарози, яширин жойлар, ёзишмалар орқали исботланиши лозим.

Интернет орқали содир этилган жиноятларда рақамли далиллар — телефон экспертизаси, ёзишмалар, электрон ҳамён ҳаракатлари процессуал жиҳатдан тўғри расмийлаштирилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бу талаблар суд ҳукмининг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши учун керак. Қонун доирасида тўпланган далил — муқаррар жазонинг пойдевори.

Судлар ўз ишини қилади: айбдорни жазолайди, жабрланувчига ёрдам қўлини чўзади, жиноятга имкон берган сабаб ва шароитларни аниқлаб, тегишли идораларга хусусий ажрим чиқаради. Лекин гиёҳвандликка қарши курашнинг ҳал қилувчи жабҳаси суд залида эмас, балки оила даврасида, мактаб синфида, маҳалла гузарида ўтади.

Ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: фарзандингизнинг телефонида нима борлигига, кимлар билан ёзишаётганига, кечаси қаерга чиқиб кетаётганига бефарқ бўлманг. Кутилмаган пул, тушунарсиз посилкалар, «осон иш» ҳақидаги гаплар — буларнинг ортида ўсмирни — «курьер» сифатида ёллаётган жиноий тармоқ турган бўлиши мумкин.

Ёдда тутиш лозимки, вояга етмаган болани бундай ишга жалб қилганлар энг оғир жавобгарликка тортилади, аммо фарзанднинг бой берилган ёшлигини ҳеч қандай ҳукм билан қайтариб бўлмайди.

Ёшларга эса шуни айтмоқчиман: «бир марта синаб кўриш», «ҳеч ким билмайди», «енгил пул» — булар гиёҳвандлик тузоғининг энг эски ва алдамчи баҳоналари. Бугун Интернет изсиз эмас, «закладка» яширин эмас, қонун эса, ҳеч кимга истисно бермайди.

Жазонинг муқаррарлиги — давлатнинг жамиятга берган ваъдасидир. Бу ваъда шуни англатадики, гиёҳвандлик моддаси ортидан бойлик орттиришни ўйлаган ҳар бир шахс эртами-кечми, албатта, қонун олдида жавоб беради.

Биз, судьялар ҳар бир ҳукм, ҳар бир қарор орқали жамиятга битта оддий, лекин муҳим ҳақиқатни етказамиз: гиёҳвандликка йўл берилмайди, унинг ортидаги жиноятга эса, жазо муқаррар.

Ҳамробек Сапаев,

жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп тумани суди раиси

#thegov_button_6ad82acc330ab { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ad82acc330ab:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ad82acc330ab { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ad82acc330ab:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!