Click to listen highlighted text!

НАФС ГИРДОБИ

photo_2026-10-02_16-33-36

Халқимиз ҳалол ва фидоий меҳнат ортидан топилган ризқ-насибани юксак қадрлайди. Бемеҳнат бойликка ружу қўйган кимсаларни эса, қаттиқ қоралайди. Табиийки, нопок йўл билан топилган луқма охир-оқибат кишини аянчли қисматга гирифтор этади.

Айни шундай қисматга кечмиш йили Давлат кадастрлар палатаси Хоразм вилояти бошқармаси Гурлан тумани филиали бошлиғи лавозимида ишлаган Зоҳид Оллаберганов ҳам дуч келди: балои-нафсни жиловлай олмасликнинг оқибати шу бўлди. Унга оид воқеа фуқаро М. Қўчқорованинг мурожаати билан боғлиқ ҳолатда рўй берди. Бундай қаралса, аризада илгари сурилган талаб: нотурар бинони турар жой тоифасига ўтказишни рад этиш учун жўяли асос йўқ эди. Фуқаро мазкур иморатни турар жой объектлари тоифасига ўтказишни сўраб, дастлаб туман Архитектура, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига мурожаат қилган.

Бу мурожаат тегишли ҳужжатлар, қурилиш-бинокорлик соҳаси мутахасисларининг фикр-мулоҳазаларига таянган ҳолда атрофлича ўрганиб чиқилган ва ижобий хулоса берилган. Ўз навбатида, М. Қўчқорова ушбу хулосани туман кадастр идорасига тақдим этган. Унинг қонуний талаби мазкур идорада ҳам атрофлича ўрганилган. Бу жараёнда яна қатор зарурий ҳужжатлар тўпланган, айримлари янгидан расмийлаштирилган.

Хайриятки, бари муаммоларсиз ечим топган. Тоифасини ўзгартириш ва давлат рўйхатидан ўтказилиши назарда тутилган ушбу бинони З. Оллабергановнинг ўзи ҳам бориб кўрган. Мурожаат юзасидан амалга оширилган тадбирлар якуни идора мутасадилари ва мутахассислари томонидан расман кўриб ҳам чиқилган.

Зикр қилинганидек, аризачининг талабини қаноатлантирмаслик учун асос ва сабаблар топилмаган. Пировардида ишни М. Қўчқорованинг фойдасига ҳал этиш хусусида бир тўхтамга келинган ва ҳужжатларни якуний хулосага келиш учун юқори турувчи маҳкама – кадастрлар палатаси вилоят бошқармасига тақдим этишга бориб тақалган. Аммо сўровнинг ечими айни шу паллада боши берк кўчага кирган: андаккина муаммо туғилган.

Аниқроғи, уни кимсан бошлиқнинг шахсан ўзи “кашф” этган. У негадир тўпланган ҳужжатларни юқори турувчи маҳкамага тақдим қилиш ва масаланинг ечимини сўрашга шошилмаган. Аризачи М. Қўчқорова эса, бошлиқнинг ҳузурига қатнайвериб, овора бўлган.

М. Қўчқорова аризасида баён этилган масалаларни ҳал этиб беришни сўраб, бир неча марта мурожаат қилганини З. Оллабергановнинг ўзи ҳам тан олди. Бироқ бинони нотурар жойлар тоифасига ўтказиб бериш ва уни давлат рўйхатига олиш ваколати туман миқёсидаги маҳкама ва унинг раҳбари зиммасидан соқит этилган. Шу важдан ҳам З. Оллаберганов бу таклифни ҳар сафар рад этиб келган, масала фақат вилоят кадастр бошқармаси орқали ечим топиши мумкинлигини тушунтирган, тўпланган ҳужжатларни тез орада ана шу юқори ташкилот эътиборига ҳавола этишини айтган. Лекин ҳали айтилганидек, расмийлаштирилган ҳужжатларни қўлида атай тутиб турган. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Асл ҳақиқат иш пировардида суд ва терговга етган маҳал юзага қалқиб чиқди.

… 2022 йил сентябрь ойидан буён Давлат кадастрлар палатасининг туман филиали бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган З. Оллаберганов 2025 йилнинг 10 июнь куни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томонидан машъум қилмиш устида қўлга олинади. Унинг интиҳоси ачинарли бўлди. З. Оллаберганов М. Қўчқорова томонидан узатилган ва кўзга чалинмас алфозда “пора” сўзи битилган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб, чўнтагига солган маҳал қўлга тушди. Лекин чўнтакдан чиққан бу пул унинг наздида, асло пора эмас, балки таниши М. Қўчқоровадан олинган “қарз”нинг нақ ўзи эмиш…

Гумонланувчи З. Оллаберганов судда ҳам, терговда ҳам ўзига қўйилган айбни тан олмай, пулни пора эмас, қарз тариқасида олганини такрор-такрор баён этди. Лекин судда аризачи М. Қўчқорова томонидан пинҳона тарзда ёзиб олинган ва ҳар икки тарафнинг ўзаро суҳбати мазмуни муфассаал ифодасини топган аудио тасманинг жонли овози томонларнинг ҳукмига ҳавола этилди. Ушбу суҳбат чоғи қарз масаласи умуман тилга олинмагани, аксинча, З. Оллаберганов М. Қўчқоровага тегишли бинога оид ҳужжатларни мазкур қурилмани бузмай туриб, ҳозирлаб бериш, гарчи ваколати доирасига кирмаса-да, уни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини зиммасига олгани аён бўлди. Аммо аудио тасмадаги ёзувга қараганда, бу юмушни кадастрлар палатасининг Урганчдаги бошқармасига бормай, у ерда аллакимларнидир кўндирмай туриб ҳал этишнинг имкони йўқ. Бу эса, муайян миқдордаги харажатни талаб этади.

Овозли тасмада аризачи аёл кўрсатилажак “беминнат” хизматнинг ҳақи қанча бўлишини сўрагани, “ҳожатбарор ёшулли” эса, ушбу нархни илмоқли тарзда “кўки”дан беш юз қилиб белгилагани, айни пайтда бошқа туманларда бу каби юмушларнинг қиймати аллақачон мингдан ошиб кетганини писанда тариқасида баён этганига оид далил-исботлар ўзининг ифодасини топганди. Судда М. Қўчқорова ҳам гувоҳ сифатида айнан шу мазмунда кўрсатма берди.

Яна бир гувоҳ – мазкур палатанинг вилоят бошқармаси юридик бўлими бошлиғи В. Ўринов эса, масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини баён этди. М. Қўчқорованинг аризаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 200-сонли қарори 2-иловаси талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда Архитектура идораси тарафидан атрофлича ва синчиклаб ўранилгани, мурожаатда ифодасини топган сўров шундан сўнггина қаноатлантирилгани, фуқарога қарашли бино билан боғлиқ реконструкциялаш ва тоифасини қайта ихтисослаштириш, яъни турар жой сифатида қайд этиш учун рухсатнома берилиши зарур бўлгани, бу борада туман кадастр ташкилоти раҳбарига ҳам муайян ваколатлар берилганини билдирди.

Суд бу ҳолатлар, шунингдек, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олди ва Жиноят кодексининг пора олишга доир 210-модаси 2-қисми “в” банди бўйича жазо тайинлади. Судланувчи 5 йил озодликдан, ушбу кодекснинг 45-моддасига асосан эса, 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу жиноят иши пировардида жиноят ишлари бўйича вилоят судининг аппеляция ҳайъатида ҳам кўриб чиқилди ва дастлабки босқич судининг ҳукмини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асослар топилмади.

… Порахўрлик – оғир, асоратли ва аянчли оқибатларга етакловчи иллат.

Юртимизда бу каби қилмишларга нисбатан муросасиз кураш олиб борилаётгани боиси ҳам шунда. Бу иллат тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги ва баҳамжиҳатлиги баробарида янада тезроқ ва самаралироқ бартараф этилади.

Маҳмуджон Маҳмудов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_6adb662685e6b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6adb662685e6b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6adb662685e6b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6adb662685e6b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!