Click to listen highlighted text!

ВАКОЛАТ ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

photo_2026-09-03_11-50-33

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар бир давлат хизматчиси, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими ўз фаолиятида қонунга таяниши, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиши шарт.

Чунки ваколат доирасидан четга чиқиш, қонун талабларига беписандлик билан қараш муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.

Буни қуйида баён этиладиган воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин.

Суд ҳужжатларида баён этилишича, уч нафар профилактика инспектори қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқиб, фуқарони асоссиз ушлаб туриш, унга нисбатан зўрлик ишлатиш, оғир тан жароҳатлари етказиш ҳамда содир этилган ҳаракатларга қонуний тус бериш мақсадида сохта ҳужжатлар расмийлаштиришда айбдор деб топилди. Воқеа, аслида, шундай бошланган: жабрланувчи Абдимутал Бўтаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида муқаддам оилавий низолар бўлиб турган.

Ана шу низолар юзасидан профилактика инспектори сифатида Низом Пирназаров тегишли профилактик чораларни кўриб келган.

Вақт ўтиши билан А. Бўтаевнинг кўнглида негадир турмуш ўртоғи ва профилактика инспектори ўртасида қандайдир муносабат бор, деган гумон пайдо бўлади.

2025 йил 14 август куни кечки пайт А. Бўтаев ўзи истиқомат қиладиган маҳалла ҳудудидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шоҳобчаси ёнида Н. Пирназаровни кўриб қолади ва кўнглидаги шубҳа яна бош кўтаради. Бунинг сабаби ҳам бор эди.

Чунки Н. Пирназаровнинг иш ўрни ўзгарган, бошқа туманга профилактика нозири этиб тайинланганди. Аммо янги иш жойида бўлиш ўрнига бу атрофда юргани А. Бўтаевнинг эски «дарди»ни яна оловлантиради. Чидаб туролмасдан собиқ профилактика инспекторидан яна эски масалага ойдинлик киритишни талаб қилади.

Н. Пирназаровнинг кўнглида эса, А. Бўтаевга нисбатан ғаразли ўй пайдо бўлади ва ундан ўч олиш нияти туғилади. Вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, уни ҳуқуқбузар сифатида кўрсатиш ва суд орқали маъмурий қамоққа ҳукм қилдириш ҳаракатига тушади.

Бунинг учун аввал бирга ишлаган профилактика инспектори Инъомжон Келдибековга қўнғироқ қилади. А. Бўтаев пичоқ кўтариб, таҳдид қилаётганидан ёзғиради ва ундан ёрдам сўрайди.

Кейинроқ Н. Пирназаровнинг илтимосига кўра, И. Келдибеков ва яна бир профилактика инспектори Муҳиддин Холбеков ҳам ички ишлар бўлими маъмурий биносига етиб келади. Улар учрашгач, Н. Пирназаров А. Бўтаевга нисбатан майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳужжат расмийлаштириб, уни маъмурий қамоққа ҳукм қилдиришда амалий ёрдам беришни сўрайди.

Шундан сўнг у А. Бўтаевга қўнғироқ қилиб, Наманган шаҳар 1-сонли ИИБ маъмурий биноси олдига етиб келишини буюради. У келгач, ичкарига мажбурлаб олиб киришади. Унинг ёнида ўткир тиғли жисм борлиги важи билан шахсий тинтув ўтказилади. Бироқ А. Бўтаевнинг ёнидан ҳеч нарса топилмайди.

А. Бўтаев ўзини асоссиз ушлаб, тинтув қилинаётганига эътироз билдиради. Аммо унинг бу эътирози фаол қаршилик кўрсатиш сифатида баҳоланади. Шундан сўнг унинг қўлларини орқасига қайириб, видеокузатувдан четда бўлган “Фуқароларни қабул қилиш хонаси”га олиб боришади.

Хонада бу воқеаларга гувоҳ бўладиган ҳеч ким йўқ эди. Шу сабабли А. Бўтаевни айнан шу хонада уриб-дўппослашган. Бунинг оқибатида унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказилган. Бу суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам қайд этилади.

Шундан сўнг А. Бўтаевни қўйиб юборишган бўлса керак, деб ўйлаяпсизми?

Йўқ, энди жабрланувчининг эркинлигини чеклашга киришилган. Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2025 йил 14 август куни соат ўн саккиздан бошлаб тўрт ярим соат жабрланувчи қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда ушлаб турилган.

Қолаверса, Н. Пирназаров жабрланувчи юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят қилмаслиги ёки тиббиёт ходимларига айтиб қўймаслиги чораларини ахтарган. Жабрланувчини дастлаб Поп, кейин Косонсой туманларига, гўёки ўз хоҳиши билан дам олишга чиққан қилиб бирга олиб юрган.

Профилактика инспекторининг хизмат хонасида айбсиз айбдорга нисбатан тайёрланган сохта ҳужжатларга мажбурлаб имзо қўйдирилади. Шундан сўнг А. Бўтаев аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса-да, унга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар мазмунан кўриш учун судга тақдим этилади.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ушбу маъмурий материалларни кўриб чиқиб, тўпланган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги учун қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун қайтаради.

Бу томонда эса, олган оғир тан жароҳатлари туфайли А. Бўтаевнинг соғлиғи кун сайин оғирлашиб бораётганди. Судда мақсадларига етолмагач, 2025 йил 16 август куни судланувчилар А. Бўтаевни Наманган шаҳридаги «Марҳабо шифо» хусусий шифохонасига ётқизишади.

Бундан А. Бўтаевнинг онаси ва бошқа яқин қариндошлари хабар топгач, оғир аҳволдаги беморни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалига ётқизишади. Шифокорлар томонидан кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинади.

Судда аниқланган яна бир муҳим ҳолат — судланувчилар содир этган ҳаракатларига қонуний тус беришга уринилганидир. Бу билан улар ўзларининг зўравонлик ҳаракатларини яшириш, жабрланувчини айбдор шахс сифатида кўрсатиш ва уни маъмурий қамоққа тортилишига уринишган. Ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритилиши, ҳақиқий ҳолатнинг бузиб кўрсатилиши ва сохталаштирилган материалларни судга тақдим этишга ҳаракат қилиниши одил судловга қарши жиноят сифатида баҳоланди.

Суд жараёнида жабрланувчи А. Бўтаев дастлабки терговда берган кўрсатмаларини тасдиқлади. Қайд этилган далиллар бир-бирини тўлдириб, воқеа тасодифий жанжал эмас, балки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, зўрлик ишлатиш ва кейин уни яширишга уриниш билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар занжиридан иборат эканини кўрсатди.

Суд иш ҳолатларини ўрганиб, Н. Пирназаров, И. Келдибеков ва М. Холбоевнинг ҳаракатларига Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича ҳуқуқий баҳо берди. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, далилларни сохталаштириш ва қонунга хилоф равишда ушлаб туришда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, ҳар учала судланувчи 3 йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида, шунингдек, давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд Н. Пирназаровга 7 йил, И. Келдибековга 6 йил, М. Холбоевга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Суд, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди.

Хулоса шуки, қонуний ваколат адолатни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун берилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказган, мансаб ваколатидан четга чиққан ва ўз қилмишини сохта ҳужжатлар билан яширишга уринган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беради. Адолатнинг асосий мезони ҳам шу: ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир шахс қонун олдида тенгдир.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6aa5b63013c2f { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aa5b63013c2f:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aa5b63013c2f { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6aa5b63013c2f:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!