ҲУҚУҚИЙ ЖАМИЯТДА КОРРУПЦИЯГА ЎРИН ЙЎҚ

Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 22 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун жамиятда коррупция иллатига қарши муросасиз курашни янги босқичга олиб чиқди.
Ушбу янги қонунга кўра, Жиноят кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодексининг 73-моддаси янги “в1” банд билан тўлдирилди. Гап шундаки, 73-модда “Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш” дея номланган. Унда нафақат жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш талаблари, балки ушбу модда қўлланилмайдиган шахслар тоифаси ҳам қайд этилган.
Бинобарин, янги киритилган “в1” бандга асосан, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, шунингдек, фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари кодексга “Коррупцияга оид жиноятлар” атамаси ҳам киритилди. Қолаверса, коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ҳам ўз аксини топди. Шунингдек, ушбу кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, бу ҳам коррупциявий жиноят сифатида баҳоланади.
Айтиш керакки, юқорида қайд этилган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” деб номланган 175-8-моддаси ҳам мазмунан ва ҳажман бойитилди. Унга кўра, давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Бундан ташқари янги қонун билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида — коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар, давлат органлари ва ташкилотларида эса, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.
Яна бир янгилик. Давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида, коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади.
Бунда коррупцияга оид жиноятчилик статистикаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳолининг коррупцияга бўлган муносабати, коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатнинг самарадорлигига доир маълумотлар, айни масалага масъул ҳамда дахлдор ташкилотларнинг ахборотига таянилади. Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан, суд томонидан амалга оширилади.
Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан 2 йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, ушбу янги қонун билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри” деб номланган 27-1-модда билан тўлдирилди. Бунга кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилади. Яъни Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.
Электрон реестрга киритилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Қолаверса, бундай шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ҳам белгиланади. Хусусан, айни тоифадаги шахс давлат хизматига ишга қабул қилинмайди ва давлат мукофотлари билан тақдирланмайди. Унинг номзоди сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга кўрсатилмайди. Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлолмайди. Шунингдек, ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорларнинг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирок этолмайди. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларига тайинланмайди.
Электрон реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юритилади.
Албатта, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилиб борилаверади. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда коррупцияга ўрин йўқ.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Косонсой тумани суди тергов судьяси

