ФИРИБ ЗАНЖИРИ

Ҳаётда кўпгина жиноий қилмишлар ҳалол меҳнатдан қочиш, нафс қутқусига учиш, енгилнинг остида, оғирнинг устида юришни кўзлаш каби иллатлар ортидан келиб чиқади.
Масалан, урганчлик, 35 ёшли М. Бекниёзов 2 нафар фарзанднинг отаси бўлса-да, ҳеч қаерда ишламасди. Бироқ оила, рўзғор деганлари ўзига яраша моддий маблағ эвазига тебратилади.
Оила бошлиғининг эса, ҳалол меҳнатга бўйни ёр бермасди. Шу боис у мўмай пул топиш йўлини анча излади. Хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Охир-оқибат Урганч шаҳрида таниши Ихтиёр Усмонов билан учрашиб, 140 миллион сўм қарз бериб туришини илтимос қилди.
— Оғайни, кредитга машина олмоқчиман. “FengonS508 EVR” деганидан. Бошланғич тўлов учун қарз бериб турсанг, ойма-ой тўлаб, бир йилда пулингни қайтараман. Хоҳласанг, шартнома орқали расмийлаштирамиз. Йўқ демагин, илтимос, — дейди у.
— Шартнома орқали бўлса, майли, — рози бўлади И. Усмонов.
Шундан сўнг улар қарз шартномасини имзолашади. Унга кўра, Ихтиёр Усмонов М. Бекниёзовга 140 миллион сўмни қарзга беради. Қарздор эса, бу пулни ҳар ойда 11 миллион 666 минг сўмдан тўлаш шарти билан қайтариш мажбуриятини олади.
Пулни олгач, М. Бекниёзов “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг Хонқа банк хизматлари марказига автомашина сотиб олиш мақсадида бирламчи кредит ажратилишини сўраб, ариза билан мурожаат қилади. Аризасига ижобий жавоб олгач, И. Усмонов берган пулнинг 121 344 000 сўмини автомашинанинг бошланғич 30 фоизлик тўлови сифатида “AUTO MOTORS ASIA” масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига ўтказади.
Кейин тўлов квитанциясини банкка тақдим қилади. Натижада 2024 йил 18 июль куни банк билан 447-сонли молиявий истеъмол шартномаси тузиш орқали 60 ой муддатга йиллик 29 фоиз устама тўлаш шарти билан 283 миллион 136 минг сўм миқдорида кредит ажратилишига эришади.
Қарабсизки, кўп ўтмай ўзи мўлжаллаган “FengonS508 EVR” русумли автомашинанинг эгасига айланади.
Келишувга кўра, М. Бекниёзов кредит таъминоти сифатида автомашинани 30 календарь кун ичида гаровга қўйиб, банкка тақдим қилиши лозим эди.
Бироқ у “Ишим битди, эшагим лойдан ўтди” қабилида иш тутиб, гаров шартномасини расмийлаштирмайди.
Буни қарангки, орадан кўп ўтмай М. Бекниёзов автомашинага харидор излай бошлайди. Сўраб-суриштириб, таниши Сулаймон Аллаёров орқали автомашина сотиб олиш ниятида юрган Шоҳжаҳон Ҳасановни топади.
— Кўриб турибсиз, машина янги. Ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ автосалондан олиб чиққанимга. Лекин пул зарур бўлиб қолгани учун сотяпман. Бўлмаса, бунақа машинани сотармидим, — дейди у ёлғон гапириб.
Унинг лафзига ишонган Ш. Ҳасанов эса, автомашинани 250 миллион сўмга сотиб олади. Аммо М. Бекниёзов “FengonS508 EVR”нинг кредит эвазига сотиб олгани, аслида кредит таъминоти сифатида гаров шартномаси расмийлаштирилиши лозим бўлганини, агар гаров шартномаси расмийлаштирилмаса, 30 кундан сўнг автоматик равишда тақиқ қўйилишини харидордан ҳам, иккаласининг ўртасида турган С. Аллаёровдан ҳам яширади. Аксинча, қилмишини хаспўшлаш мақсадида Ш. Ҳасановнинг укаси Қ. Ҳасанов ва таниши А. Мадраҳимовлар номига автомашинани сотиш ҳуқуқини берувчи ишончномани расмийлаштириб беради.
Шундан сўнг 250 миллион сўмни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Лекин Ихтиёр Усмоновдан олган қарзини ёки банк кредитини қайтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Шунингдек, автомашинани олди-сотди шартномасини расмийлаштириш орқали Шоҳжаҳон Ҳасановнинг номига ўтказиб бермайди.
Бинобарин, орадан кўп ўтмай жабрланувчилар ҳамда банк масъулларининг мурожаатига асосан М. Бекниёзовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Шу боис жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди М. Бекниёзовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчилар И. Усмонов ва Ш. Ҳасановга ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” Хонқа банк хизматлари маркази фойдасига етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланди. Аммо…
Аммо Матназар Бекниёзов суд ҳукмидан норози бўлган ҳолда Хоразм вилояти судига апелляция шикояти билан мурожаат этиб, айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оиласининг ягона боқувчиси эканини инобатга олишни ва енгилроқ жазо тайинлашни сўрайди.
Қолаверса, жабрланувчи Шоҳжаҳон Ҳасанов ҳам апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ўзига нисбатан содир этилган фирибгарликда Матназар Бекниёзов билан бирга Сулаймон Аллаёровнинг ҳам қўли борлигини таъкидлаган ҳолда уларни бир гуруҳ сифатида айблаш учун жиноят ишини Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида терговга қайтаришни сўрайди.
Таъкидлаш лозимки, биринчи инстанция судида Матназар Бекниёзовнинг айби тўлиқ ўз исботини топгани боис суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, тўғри хулосага келган. Сулаймон Аллаёров эса, М. Бекниёзовдан автомашинани сотиб олмаган, балки харидор билан иккисининг ўртасида воситачи бўлиб, олди-сотдидан маълум миқдорда моддий манфаат кўрган. Яъни С. Аллаёров М. Бекниёзовнинг автомашинасини сотмоқчи эканлигини айтганида, Ш. Ҳасанов аввал “FengonS508 EVR”ни кўрган. Сўнг уни сотиб олишга рози бўлган. Фақатгина автомашинани сотиш ҳуқуқини берувчи ишончнома расмийлаштириш учун нотариусга боришган пайтда С. Аллаёров воситачилик ҳақини олиб қолган, холос. Қолган 250 миллион сўм пулни М. Бекниёзовнинг таниши А. Отажоновнинг қўлига берган. Энг муҳими, тергов жараёни ва биринчи инстанция судида С. Аллаёровнинг жиноятга дахли борлигини тасдиқловчи далиллар ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланмаган. Бундай вазиятда уни автомашинани ўзи сотиб олиб, кейин Ш. Ҳасановга сотган, деб ҳисоблаб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган вилоят суди жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жиноят кодексининг 42-моддасига мувофиқ, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Шундай экан, М. Бекниёзов жазони ўташ жараёнида қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб, кўзи очилса, ажаб эмас. Зеро, бировнинг ҳақи ўзгага асло буюрмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Зафар ЯКУБОВ,
Хоразм вилояти суди судьяси

