ОСОН ДАРОМАД НИҚОБИДАГИ АЛДОВ ЁКИ СОХТА ТРЕЙДЕРЛАР НАЙРАНГИ

Телефон экранида кишини ўзига тортадиган таклиф пайдо бўлди: бор-йўғи 300 минг сўм сармоя киритилса бас, маблағ қисқа вақт ичида бир неча баробар кўпайтириб берилар эмиш. Таклиф эгаси ижтимоий тармоқда муваффақиятли фаолият олиб бораётган трейдер сифатида кўринди. Саҳифадаги видеолар, обуначилар сонининг кўплиги ва ютуқлар «мана, мен» деб тургани ҳеч бир шубҳага ўрин қолдирмасди.
Фуқаро Ш. Абдусатторов (исм-шарифлар ўзгартирилди) кутилмаган таклифга ишонди ва 300 минг сўм пулни кўрсатилган банк картасига ўтказди. Орадан кўп ўтмай, унга 33 миллион сўм даромад ишлаб топилгани ҳақида хушхабар келди. Энди ана шу пулни ечиб олиш учун у 3 миллион 600 минг сўм тўлов қилиши керак эмиш. Йўқ жойдан катта ютуқ чиқаётганидан қувониб кетган Шодмонбек Абдусатторов бу пулни ҳам ўтказди.
Аммо қувончи узоққа чўзилмади, катта даромад билан сийлаётган трейдер бирдан ном-нишонсиз йўқолди. Аккаунт эса, жабрланувчи Ш. Абдусатторовни блоклаб қўйди. Бир неча дақиқа ичида 3 миллион 900 минг сўмидан айрилган Ш. Абдусатторов телефон экрани ортида ҳақиқий трейдер эмас, балки ашаддий фирибгарлар турганини англаб етди.
Яқинда судда судланувчилар Ш. Ҳасанов, С. Барноев, Ш. Нуриллаев ва Ғ. Очиловга нисбатан жиноят иши муҳокама қилинди. Жиноят ишида сохта трейдинг тармоғининг қандай ташкил этилгани, жабрланувчиларнинг ишончи қай тарзда суиистеъмол қилингани ва ахборот технологиялари жиноят қуролига айлантирилгани тўлиқ ойдинлашди.
Судланувчилар фуқароларнинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш мақсадида ахборот тизими ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, “Телеграм” мессенжерида расмий трейдерлик фаолияти билан шуғулланувчи “А. А.”нинг сохта аккаунтини яратган. Пулларни кўпайтириш тўғрисида сохта эълонлар жойлаштиришган.
Шу тариқа ҳақиқий трейдернинг номи ва обрўсидан сохта профилга ишонч уйғотиш воситаси сифатида фойдаланишган.
Улар аккаунтларга «ҳалол даромад», «трейдинг орқали пул кўпайтириш», «кичик сармоядан катта фойда» мазмунидаги хабарларни жойлаштирган.
Минглаб обуначиси бор каналлар сотиб олинган, хорижий телефон рақамларига очилган аккаунтлар ишлатилган, айрим профилларга пуллик «Премиум» хизмати уланган. Шу йўл билан сохта саҳифаларга ташқи жиҳатдан ишончли ва расмий кўриниш берилган.
Фирибгарлик занжири оддий, аммо психологик жиҳатдан пухта ўйланган.
Негаки, дастлаб фуқарога кичик миқдорда пул киритиш таклиф қилинган.
У пулни ўтказгач, унга сохта сурат, видео ёки электрон маълумот юборилиб, гўё киритилган сармоя бир неча миллион сўмга кўпайгани айтилган.
Фуқаро катта даромадни кўриб, қувониб кетгач, кейинги тузоқ ишга туширилган. Яъни «фойдани ечиб олиш учун комиссия тўланг», «солиқни ёпиш керак», «ҳисобни фаоллаштиринг», «ютуқнинг маълум фоизини ўтказинг» каби алдовлар билан қўшимча пул талаб қилинган.
Жабрланувчи биринчи маблағини қайтариб олиш ва ваъда қилинган катта даромадга эга бўлиш умидида кўпроқ тўловни амалга оширган.
Пуллар ўтказилгандан сўнг эса, жабрланувчининг аккаунти блокланган.
Мулоқот тўхтаган. Сохта трейдер ғойиб бўлган.
Жиноят туфайли 3 миллион 900 минг сўмидан ажралиб қолган фақат Ш. Абдусатторов эмас. Бундан ташқари судланувчилар замонавий фирибгарлик йўли билан М. Саидовани 933 минг сўмга, Ҳ. Мансуровни 2 миллион сўмга, Ф. Йўлдошевани 3 миллион 500 минг сўмга, Ғ. Қодировни 3 миллион 900 минг сўмга, Л. Алишеровни 6 миллион 100 минг сўмга ва Ш. Абдуллаевни 6 миллион 370 минг сўмга “чув” туширган.
Жиноят ишини кўриш жараёнида маълум бўлдики, сохта профиллар машҳур шахс номи билан юритилгани алдов таъсирини кучайтирган.
Жабрланувчилар таниш номни, кўп сонли обуначиларни ва “муваффақиятли ҳаракат” тасвирларини кўриб, қарши томонни текшириш заруратини буткул унутиб қўйган.
Жиноий занжирда банк карталари алоҳида вазифани бажарган.
Судланувчилардан бири бошқа шахс номидаги банк картасини пул эвазига олган, унга ўз телефон рақамини SMS-хабарнома хизмати сифатида улаган ва картани мобиль тўлов иловалари орқали бошқарган.
Жабрланувчилар пулни айнан шу картага ўтказган. Кейин маблағнинг муайян қисми картадан фойдаланган воситачига «хизмат ҳақи» сифатида қолдирилиб, қолгани бошқа иштирокчиларнинг виртуал ёки банк карталарига йўналтирилган. Судда берилган кўрсатмаларга кўра, воситачи тушган пулнинг 10 фоизини ўзида қолдирган.
Амалиётда бундай банк карталари кўпинча «дроп-карта» деб аталади.
Бунда карта расман бир шахс номида бўлади, аммо ундан бошқа шахслар пул қабул қилиш, ўтказиш ёки нақдлаштириш учун фойдаланади.
Карта эгаси «фақат картамни бердим», «пул қаердан келганини билмасдим» ёки «озгина ҳақ олдим» деб ўйлаши мумкин. Бироқ бегона шахсларга банк картаси, мобиль илова, SMS-код ёки ҳисобварақни бошқариш имконини бериш инсонни ноқонуний молиявий занжирга тортиши мумкин. Шунинг учун банк картаси оддий пластик восита эмас, балки шахснинг молиявий жавобгарлиги билан боғлиқ ҳужжат эканини ҳам унутмаслик керак.
Мазкур жиноят ишидаги энг ўйлантирувчи ҳолатлардан бири — судланувчиларнинг айримлари аввал худди шундай сохта «даромад» схемасига ўзлари ишониб қолганини судда баён қилганидир.
Улардан бири «Halol daromad» номли каналга ишониб, онасига тегишли картадан 400 минг сўм ўтказган. Кейин унга 21 миллион сўм «ютуқ» чиққани, бу маблағни олиш учун яна 1 миллион 500 минг сўм тўлаш кераклиги айтилган. У шубҳаланиб, қўшимча пул ўтказмагач, аккаунти блокланган.
Бошқа судланувчи ҳам аввал «Halol Treding» каналига 100 минг сўм ўтказиб, кейин 8 миллион сўм «ютуқ» чиққани ҳақидаги сохта хабарни олган. Аммо бу воқеадан тегишли хулоса чиқариш ўрнига, кейинчалик ўзи ҳам кўп сонли обуначиси бор канал сотиб олган, номини ўзгартирган ва одамларга худди шундай сохта ваъдалар бера бошлаган.
Демак, алдовга учраш ҳар доим инсонни эҳтиёткор қилиб қўймайди.
Ҳуқуқий онг ва маънавий масъулият етарли бўлмаса, баъзан жабр кўрган шахс ўзига қўлланган усулни бошқаларга қарши ишлатишга уриниши ҳам мумкин.
Қисқаси, яна юқорида баён этилган фирибгарлик қилмишига қайтадиган бўлсак, интернетда содир этилгани уни изсиз қолдирмади. Аксинча, ҳар бир аккаунт, банк ўтказмаси ва электрон ёзишма иш бўйича далилга айланди.
Судланувчиларнинг айби уларнинг иқрорлик кўрсатмаларидан ташқари жабрланувчиларнинг аризалари, пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотлар, ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар, аккаунт ва профилларни кўздан кечириш баённомалари, банк сирини ташкил этувчи ҳисобварақ ҳаракатлари, карталардаги операциялар тарихи, телефон қурилмалари ва бошқа ёзма ҳамда ашёвий далиллар билан тасдиқланди.
Бу ҳолат кибермаконда содир этилган жиноят «виртуал» бўлгани билан унинг оқибати ва далили реал эканини кўрсатади. Телефондан ўчирилган хабар, бошқа шахс номидаги карта ёки хорижий рақамга очилган аккаунт жиноий жавобгарликдан ҳимоя қилмайди.
Қонун талабига кўра, фирибгарлик — алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёхуд унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида фирибгарликнинг такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, шунингдек, ахборот тизими ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, содир этилиши оғирлаштирилган ҳолат сифатида белгиланган.
Олий суд Пленумининг фирибгарлик ишлари бўйича тушунтиришига кўра, банкдаги пул маблағи алдов ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали айбдорнинг ёхуд бошқа шахснинг ҳисобварағига ўтказилган пайтдан бошлаб, уни тасарруф этишнинг реал имконияти пайдо бўлади ва фирибгарлик тугалланган деб ҳисобланади. Демак, фирибгар пулни нақдлаштириб улгурмаган бўлса ҳам, маблағ кўрсатилган картага ўтган пайт ҳуқуқий аҳамиятга эга.
Амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Суд қонун талабларига таяниб, судланувчиларга қилмишларига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади: улар ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.
Хулоса шуки, аввало, тўрт судланувчидан уч нафари эндигина йигирма ёшга қадам қўйган бўлиб, уларнинг жиноят кўчасига кирганликлари жуда афсусланарли. Бундан кўриниб турибдики, рақамли технологияларни билиш, ижтимоий тармоқда канал очиш, виртуал картадан фойдаланиш ва аккаунт сотиб олиш қобилияти ҳуқуқий маданият билан уйғунлашмаса, билим жамият фойдасига эмас, жиноий мақсадга хизмат қилиши эҳтимоли кучли экани амалда кўриниб қолди.
Одам «мен экран ортидаман», «карта бошқа одам номида», «аккаунт хорижий рақамга очилган», «мени топишолмайди» деб ўйлаши мумкин.
Аммо ҳар бир рақамли ҳаракат ўзидан из қолдиради. Банк операцияси, IP-манзил, телефон қурилмаси, аккаунт маълумоти ва электрон ёзишма охир-оқибат битта занжирга бирлашади.
Қисқаси, фирибгарларнинг осон бойиш ваъдасига эмас, қонунга ва соғлом мулоҳазаларга ишонинг. Пулингизни ўтказишдан олдин шахсни, платформани ва ҳуқуқий асосни текширинг. Банк картангизни зинҳор бошқалар ихтиёрига берманг.
Ғофир Амонов,
жиноят ишлари бўйича
Нурафшон шаҳар суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист

