НОҚОНУНИЙ ҲАРАКАТ СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини ислоҳ қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ер ажратиш ваколати ҳокимлардан олиниб, ер участкаларини аукцион орқали реализация қилиш тартиби жорий этилди. Ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта муомалага киритиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда, кейинги пайтларда ер участкалари билан боғлиқ кадастр бўғинларидаги муаммолар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан судларга келиб тушаётган ариза ва шикоятлар сони нисбатан кўпайгани кузатилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кадастр тизими фаолиятида қонун устуворлиги ва унинг ижросини таъминлашга қаратилган самарадор саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Айниқса, ноқонуний ва берухсат барпо этилган қурилмаларни бартараф этиш асносида шаҳар-қишлоқларимиз кўрку жамоли янада ортаётгани қувонарлидир.
Бироқ қонунга дахлдор масалаларга ҳамиша ва ҳамма жойда синчковлик, диққат ва эътибор назари билан қараш керак бўлади.
Бу борадаги амалий ҳаракатлар юзаки ёхуд беписанд тарзда адо этилар экан, бунинг оқибати эътироз ва норозиликларга сабаб бўлади.
Худди шундай масалани судгача етаклаб келган ҳолатларнинг бири ўтган йили Урганч туманида рўй берди. Икки нафар фарзанднинг отаси Муроджон Бекимматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзаро олди-сотди шартномасига асосан туманнинг “Оқ ариқлар” маҳалласидан уй-жой сотиб олади ва орадан уч кун ўтмаёқ, 2024 йил 2 февралда давлат рўйхатидан ўтказади.
Шундан сўнг орадан етти ой вақт ўтгач, Кадастр агентлигининг туман бўлими бошлиғи унинг номига расмий хат йўллади. Ҳужжатда фуқаро М. Бекимматов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиққани, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузишга доир 68-1-моддасида баён қилинган ҳуқуқбузарликни содир этгани, ўзи сотиб олган турар жойни 7 ойдан буён давлат рўйхатидан ўтказмагани, ушбу қилмиши учун базавий ҳисоблашнинг ўн баравари, яъни 3 миллион 750 минг сўм миқдорида жаримага тортилгани ўз ифодасини топганди.
Чиндан-да, ажабланарли ҳолат. Башарти, Кадастр маҳкамаси қонунийлик асосида иш тутганида, янги сотиб олинган иморатни амалдаги тартиб-таомиллар асосида ва белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказган фуқарони айни шу мажбуриятни бажармаганликда айбламаган, фуқаро эса, асоссиз равишда жаримага тортилмаган, беҳуда азият чекмаган бўларди.
М. Бекимматовнинг мушкули судда ечим топди.
Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасига кўра, зикр этилаётган мазмундаги ишни кўриб чиқаётган тегишли орган (мансабдор шахс): маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, у юз берган вақт ва жойни, гумондор шахснинг айбли ёки айбсиз эканлигини, жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, унга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган таъсирий чорани енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказган ёки етказмаганини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт.
Суд масаланинг айни шу жиҳатини назарда тутди. Кадастр маҳкамаси М. Бекимматовга нисбатан жарима чорасини ушбу кодексда белгиланган айни қоидани четлаган ҳолда қўллагани маълум бўлди.
Судда М. Бекимматовга нисбатан кадастр бўлими мутасаддиси томонидан маъмурий жазо қўллаш юзасида чиқарилган қарор қонуний ва асосли эмаслиги рўйи-рост аён бўлди. Бу жараёнда Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 35-сонли қароридан келиб чиқиб, М. Бекимматовнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги аниқланди.
Кадастр маҳкамаси бошлиғининг ноқонуний қарори бекор қилинди.
Муроджон Бекимматовга оид маъмурий иш қонуний асосда тугатилди.
Аммо, афсуски, жиноят ишлари бўйича Гурлан туман судида бу сингари номувофиқликларга тааллуқли яна бир нечта суд жараёнлари бўлиб ўтди.
Фуқаролар айни мазмунда киритган сўровларнинг бари суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди. Ваҳоланки, бундай муаммоларни жойлардаги мутасаддилар ҳам ўз ҳуқуқ ва ваколатлари доирасида осонгина ҳал этишлари мумкин эди.
Дилмурод Юсупов,
жиноят ишлари бўйича
Гурлан тумани суди
тергов судьяси

