Click to listen highlighted text!

КЕЧ БЎЛСА-ДА, АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ: ОЛИЙ СУДНИНГ ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИ ЗАМИРИДАГИ ҲАҚИҚАТ

photo_2026-05-26_11-49-56

Қисмат шундай бешафқатки, баъзан беайб ва беғубор инсонларнинг шаъни топталади, қадр-қимматига ҳам “қора” деб тамға босади. Аммо вақт чархпалаги айланиб, адолат қуёши балқиб чиқади: ким оқу ким қора эканлиги барибир равшан бўлади.

Жорий йил 6 май куни Олий судда бўлиб ўтган очиқ суд мажлиси нафақат ҳуқуқий жараён, балки халқимизнинг бир асрлик ярасига малҳам бўлган тарихий воқеа сифатида ҳам муҳрланди. Ўша куни 161 нафар ватандошимизнинг пок номи орадан юз йил ўтиб, қайта тикланди.

Айтиш керакки, оқланганлар орасидаги ўнлаб шахслар ўз маҳалладошлари ҳамда қишлоқдошларини озиқ-овқат билан таъминлаган бойлар ва ишбилармон мулкдорлар бўлган.

Шўро мафкураси учун эса “бой” дегани — “эзувчи” ва “аксилинқилобчи” деган маънони англатарди.

Ана шу 161 нафар шахсга қўйилган асосий айбловлардан бири — миллий озодлик ҳаракати раҳбарлари, яъни қўрбошилар билан яқин алоқада бўлиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш эди. Архив ҳужжатлари шуни кўрсатадики, ўша даврда Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ёки Иброҳимбек каби қўрбошиларга бир коса овқат берган хонадон ёки уларнинг отига тақа қоққан ҳунарманд ҳам “босмачиларнинг ҳамтовоғи” сифатида қатағон қилинган.

Аслида, бу алоқалар аксар ҳолларда табиий зарурат бўлган. Қўрбошилар ўз юртини босқинчилардан ҳимоя қилган миллий қаҳрамонлар сифатида кўрилгани учун халқ уларга ихтиёрий равишда кўмак берган.

Айрим ҳолларда эса, қўрбошилар қишлоқларга кириб келганда, аҳоли қўрқув ёки меҳмоннавозлик юзасидан уларни кутиб олган. Аммо шўро “учлик”лари учун бу ҳолат ўлим жазоси ёки сургун учун етарли асос бўлиб хизмат қилган.

Шўро ҳокимияти ва қизил армия 1918-1920 йилларда миллий озодлик ҳаракатини халқ кўз ўнгида обрўсизлантириш, уларни шунчаки “талончи” ва “қароқчи” қилиб кўрсатиш учун “босмачи” атамасини тизимли равишда қўллагани сир эмас.

Ўз навбатида, большевиклар томонидан ўрнатилган “ҳарбий коммунизм” сиёсати озиқ-овқатнинг реквизиция қилиниши, яъни тортиб олиниши ва аҳолининг очликдан қирилишига олиб келганки, оқибатда одамлар қўлига қурол олишга мажбур бўлган. Масжид ва мадрасаларнинг ёпилиши, миллий қадриятларнинг оёқости қилиниши эса, бу қаршилик ҳаракатини муқаддас кураш даражасига кўтарган.

Шўро ҳокимиятининг фикрича, бу ҳаракатда қатнашиш “ватанга хиёнат” ва “жиноят” деб ҳисобланган бўлса, бугунги тарихшунослик ва мустақил давлатчилик нуқтаи назаридан қараганда, ушбу кураш ўз ер-мулкини, ор-номусини ва эътиқодини босқинчилардан ҳимоя қилишдин бошқа нарса эмас.

Бу 161 нафар шахснинг жиноят ишларини варақлаган киши ҳайратдан ёқа ушлайди. Айблов баённомаларида “совет ҳокимиятини ағдаришга қаратилган қуролли қўзғолонларда қатнашиш”, “чет эл жосуслари билан алоқа ўрнатиш” ва “миллий айирмачилик” каби ваҳимали жумлалар келтирилган.

Аммо реал ҳақиқат шундаки, ушбу шахсларнинг кўпчилиги на суд қилинган, на айбсизлигини исботлаш учун адвокат хизматидан фойдаланган. “Тройка”ларнинг ҳукми қисқа ва қатъий бўлган: 33 нафари дарҳол отиш жазосига, қолганлари Сибирь ва шимолий ўлкалардаги концлагерларда 5 йилдан 10 йилгача мажбурий меҳнат жазосига ҳукм қилинган.

Шу тариқа 1920-йилларнинг совуқ қишларида ваҳшиёна қийноқлар остида олиб борилган сўроқлар натижасида улардан “иқрорлар” олинган.

Буларнинг барчаси ҳуқуқий меъёрларга ҳам, инсоний мезонларга ҳам мутлақо зиддир.

Олий суд томонидан ушбу шахсларнинг оқланишига бир неча муҳим омиллар асос бўлди. Жумладан, архив ҳужжатлари ўрганилганда, уларнинг айбдорлиги суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, суд муҳокамасисиз жиноий жавобгарликка тортилганини кўриш мумкин. Зеро, иш ҳужжатлари уларнинг ўз даврида ватан ҳимояси, юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллий ғурури учун курашганлигини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, дастлабки тергов даврида жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этилган ушбу шахсларнинг айримлари қўйилган айбловни инкор қилган бўлса-да, уларни айблаш учун фақатгина гувоҳларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари асос қилиб олинган.

Қолаверса, ўша даврдаги тергов жараёнларида ҳатто энг оддий ҳуқуқий нормаларга ҳам амал қилинмаган, уларни айбдор деб топишда, ишга тааллуқли бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмасдан, текшириб чиқилмасдан ва холис баҳоланмасдан бирон-бир ишончли далилларсиз қарор чиқарилган.

Мазкур шахслар аслида жиноятчи эмас, балки ўз ер-мулкини, дини ва миллий қадриятларини ҳимоя қилган ватанпарварлар бўлгани тарихий ҳақиқат сифатида эътироф этилди.

Бугун Ўзбекистонда қатағон қурбонларини оқлаш шунчаки кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасига кўтарилган маънавий вазифадир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу инсонларнинг номларини тиклаш орқали биз тарихий адолатни тиклаяпмиз.

Олий суд томонидан йўлга қўйилган ушбу амалиёт нафақат марҳумларнинг руҳини шод қилади, балки уларнинг бугунги кунда яшаётган авлодлари – фарзандлари, набиралари елкасидан “халқ душманининг авлоди” деган оғир маломатни олиб ташлайди ва ўз аждодларига нисбатан фахр туйғусини шакллантиради.

Бинобарин, 2021 йилдан буён жами 1 200 дан ортиқ ватандошимизнинг оқланиши халқимизнинг ўтмишига бўлган ҳурмати ва келажакка бўлган ишончининг рамзидир.

Мухтасар айтганда, 161 нафар шахснинг оқланиши – бу 161 та оиланинг қайта тикланиши, 161 та ҳақиқатнинг қарор топишидир. Кеч бўлса-да, адолат барибир ғалаба қозонди.

Хумоюн Абдуразақов,

Олий суднинг

Жамоатчилик билан алоқалар

 маркази катта консультанти

#thegov_button_6a1a11a263737 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a1a11a263737:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a1a11a263737 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a1a11a263737:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!