МАНСАБ ВАКОЛАТИНИ СУИИСТЕЪМОЛ КИЛИШ ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Қуйида тафсилоти келтирилаётган жиноят иши «қаҳрамони» Отабек Абдураҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Тошкент шаҳридаги “Idea concept group” масъулияти чекланган жамиятда дастлаб оддий сотувчи, кейинчалик эса, катта сотувчи-маслаҳатчи, дўкон раҳбари, сўнг туманлараро супервайзер лавозимида фаолият юритган.
Супервайзер ушбу корхона тизимида раҳбарлик ва назорат ваколатига эга лавозимларидан бири саналади. Чунки О. Абдураҳимов бир эмас, икки эмас, олтита дўкон фаолиятини назорат қилиши, товарлар ҳаракатини кузатиши, товарлар савдосини мувофиқлаштириб бориши лозим эди.
Дўконларда сотиладиган маиший-техника буюмлари дастлаб корхона омборига кирим қилинади, сўнг сотувга чиқарилади. Баъзан бу товарлар, эҳтиёждан келиб чиқиб, бир филиалдан иккинчисига ўтказилади.
Табиийки, бу ишлар масъул ходимдан ҳисоб-китобни аниқ юритишни, жавобгарлик ва масъулиятни талаб қилади.
Кўриниб турибдики, масъулияти чекланган жамият мутасаддилари оддий сотувчиликдан иш бошлаган О. Абдураҳимовга ишонч билдириб, масъулиятли вазифани топширган. Албатта, ўзининг қадрини билган одам бундай ишончга садоқати, ҳалол меҳнати билан жавоб беради.
Бундай деяётганимизнинг сабаби шундаки, бир пайтлар жамоада яхшигина обрў-эътибор қозонган О. Абдураҳимовнинг кейинчалик нияти бузилади, натижада хизмат лавозимидан ғаразли мақсадда фойдалана бошлайди. У ўзининг назоратидаги дўкон филиаллари директорларига қўнғироқ қилиб, ўзи тайинлаган техника воситаларини жўнатиб юборишни буюради. Ўз навбатида, филиал директорлари унинг топшириғини сўзсиз бажаришади. Чунки иш тартиби шундай.
О. Абдураҳимов эса, дўконлардан олиб кетилган маиший-техника воситаларини ими-жимида Шайхонтоҳур туманидаги “Малика” бозорига олиб бориб, нақд пулга сотиб юборади. Шу тариқа 2023 йилнинг ноябрь ойидан 2025 йил февралига қадар “Idea Compass” дўконидан 21 дона 136 миллион 225 минг 235 сўмлик, “Idea Оазис” дўконидан 265 дона 1 миллиард 645 миллион 78 минг 413 сўмлик, “Idea Aviasozlar” дўконидан 163 дона 1 миллиард 56 миллион 617 минг 90 сўмлик турли хил маиший-техника буюмларини олиб, бозорда нақд пулга сотган. Бу қилмиши оқибатида масъулияти чекланган жамиятга жами 2 миллиард 895 миллион 86 минг 738 сўмлик моддий зарар етказган.
Айтиш керакки, О. Абдураҳимов бу жиноий қилмишни ўта пухталик билан содир этган. У жиноий қилмишидан бошқалар хабар топмаслиги учун товарларнинг электрон база бўйича ҳаракатини ҳам бошқарган. Товарлар, гўёки, бир филиалдан иккинчи филиалга ўтказилган.
2024 йил декабрь ойига келиб, корхона раҳбарияти электрон базада турган, лекин амалда мавжудлиги шубҳа уйғотаётган маиший-техника воситаларини суриштира бошлайди. Сири фош бўлишидан талвасага тушган О. Абдураҳимов алдов йўлига ўтади. Салкам 2 миллиард 200 миллион сўмлик техника воситаларини турли хил ташкилотлар сотиб олгани, тез орада пулини тўлашини айтиб, ўзининг ёлғон сўзларига ишонтиришга уринади.
Амалдаги тартибга кўра, ташкилотларга сотилган товарлар бўйича камида ўн беш фоиз тўлов олдиндан корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши керак. Масъулияти чекланган жамият мутасаддилари ушбу тўлов амалга оширилмагани сабабини суриштиравергач, О. Абдураҳимов ўз ёнидан корхона ҳисобига 440 миллион сўм тўлайди.
Аммо ташкилотлар томонидан сотиб олган техника воситаларининг пули ҳадеганда корхона ҳисоб рақамига тушавермайди. Яна бир томони бозордагилар ҳамма гапдан хабардор, масъулияти чекланган жамият билан ҳамкорлик қиладиган сотувчилар жамиятга тегишли товарлар нақд пулга сотилганини айтишади. Шундан сўнг О. Абдураҳимовнинг назоратида бўлган “Idea Магнит”, “Idea Оазис”, “Idea Aviasozlar”, “Idea Buyuk ipak yo‘li”, “Idea Compass” ва “Idea Goldenlife” дўконлари омборларидаги товарлар билан электрон база маълумотлари таққослаб кўрилади. Бу таққослаш жараёнида О. Абдураҳимовнинг хизмат ваколатидан ғаразли мақсадда фойдаланиб, содир этган жиноий қилмишлари юзага чиқа бошлайди.
Қилмишлари фош бўлгач, О. Абдураҳимов умуман қорасини кўрсатмай қўяди, телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермайди. Кейинчалик эса, у содир этган жинояти учун тайинланадиган муқаррар жазодан қутулиб қолиш учун хорижга қочиб кетишни режалаштираётгани маълум бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, у қўшни республика орқали Туркияга ўтишни мўлжаллаганди. Аммо унинг қабиҳ режаси амалга ошмайди, Ўзбекистонга ушлаб келтирилади.
Қочишга уриниш ҳам, вазиятни яшириш ҳам, электрон базадаги сохтакорликлар ҳам охир-оқибат ҳақиқатнинг очилишига тўсқинлик қила олмади. Талон-торож қилинган мулкнинг изи омбордаги камомадда, банк ҳисобидаги киримсизликда, электрон база номувофиқлигида, гувоҳлар кўрсатмалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа ҳужжатларда яққол кўринди. О. Абдураҳимов эса, судда жиноий кирдикорлари учун жавоб берди.
Тергов ва судда Отабек Абдураҳимов техника воситаларини сотувидан тушган пулнинг бир қисмини таваккалчиликка асосланган «1ХBEТ» ўйинига тикиб, ютқизганини тан олди.
Суд ушбу жиноят ишини мазмунан муҳокама қилиб, судланувчини Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган, яъни айбдорга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбдор деб топди. Судланувчига нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, у 2 йил муддатга корхона, муассаса ва ташкилотларда раҳбарлик, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд ҳукмида О. Абдураҳимовдан “Idea concept group” масъулияти чекланган жамият фойдасига 2 миллиард 895 миллион 86 минг 738 сўм моддий зарар ундириш ҳам алоҳида қайд этилди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, юқорида баён этилган жиноят иши тафсилотлари корхона, ташкилотлар, айниқса, савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланувчиларга жиддий сабоқ бўлмоғи керак.
Санжар АБДУҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Бектемир тумани суди судьяси

