Click to listen highlighted text!

АДОЛАТ ТАМОЙИЛИ ҚОНУНИЙ ВА АСОСЛИ ЖАЗО ТАЙИНЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

photo_2026-04-14_10-11-00

Тергов судига тақдим қилинган ҳужжатларга қараганда, бу воқеа Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида рўй берган.

Баён этилишича, 1980 йилда туғилган Қудрат Бобониёзов (исм-шарифлар ўзгартирилган) назоратчи Азамат Аҳмедовни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилган, шаъни, қадр-қимматини таҳқирлаган. Буниси камлик қилгандай, унга тегишли мобил телефон ускунасини шикастлаган, шу ердаги автоматлаштирилган сунъий тўсиқ ҳамда бинонинг ойналарини уриб синдирган. Ҳовурини бу билан ҳам босолмаган чоғи, Қ. Бобониёзов А. Аҳмедовни дўппослаб, унга тан жароҳати ҳам етказган. Шунингдек, у хизмат вазифасини ўтаётган ҳуқуқ тартиботи ходими Б. Камоловнинг қонуний талабини бажаришдан бош тортган ва унга фаол қаршилик кўрсатган. У бу қилмиши билан деҳқон бозорига 22 миллион 750 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Албатта, бундай қилмиш беиз кетмади, аниқроқ айтганда, Қ. Бобониёзовга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” ва 3-қисми “г” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ҳибсга олинди.

Бу ҳақда фикр юритганда, яна шуни айтиш керакки, вақтинчалик ҳибсга олиш эҳтиёт чораси 1991 йил Урганч шаҳрида туғилган Г. Матниёзовага нисбатан ҳам қўлланилди. Маълум бўлишича, у аёл боши билан товламачиликка қўл ургани етмагандек, аёл шаънига иснод келтирувчи жирканч иш билан ҳам шуғулланган.

Охир-оқибатда Жиноят кодексининг товламачиликка оид 165-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича жавобгарликка тортилган.

Г. Матниёзова содир этган жиноий қилмишнинг совуқ турқи даставвал 1993 йил Шовот туманида туғилган Бектурди Исмоилов билан Интернет тармоғи орқали танишгач, юз кўрсатади. Г. Матниёзова ўз хуштори билан ўрталаридаги муносабатни кейинчалик тубан ниятда фойдаланиш мақсадида яширинча тасвирга олиб қўяди. Бундан, табиийки, Б. Исмоилов бехабар қолади. Қисқаси, орадан кўп ўтмай бу маккор аёл ана шу беҳаё тасвирларни рўкач қилиб, ундан нақ 50 миллион сўм талаб қилади. Ўз яқинлари олдида уятга қолиш, шармандаю шармисор бўлишдан чўчиган Б. Исмоилов эса, унинг шартига кўнишдан бўлак илож топа олмайди ва 50 миллион сўмни товламачининг қўлига тутқазади.

Аммо товламачи аёлнинг нафси бу билан қониқмайди. У Б. Исмоиловдан янада мўмайроқ миқдорда пул ундиришни кўзлайди. Бу гал у ўртадаги “ишқий сир”нинг янги баҳосини 228 миллион сўм миқдорида белгилайди.

Б. Исмоилов оилавий дахлсизлигини асраш важидан аёлнинг бу талабига ҳам кўнади. Аммо бироз фурсат ўтгач, у фикрини ўзгартиради ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Товламачи-таъмагир аёлнинг қилмишлари пайи ана шу аснода қирқилади. “Ўзаро келишилган” 228 миллион сўмнинг 28 миллион сўмини олаётган маҳал рад этилмас далиллар асосида қўлга олинади.

Г. Матниёзова дастлабки суриштирув чоғи қилмишидан тонмади. Б. Исмоиловга оид сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш ва уни турли мураккаб вазиятларга дучор этиш билан таҳдид қилгани яққол аён бўлди.

Бу эса, қилмиш юки анча оғир эканидан далолат беради ва бу ҳолат прокурорнинг илтимосномасида ҳам қайд қилинди. Хусусан, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш сўралди.

Бинобарин, бундай чора Жиноят-процессуал кодексининг 236-моддаси биринчи қисмига кўра, айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашига изн бермаслик, унинг олдини олиш, жиноий фаолиятига барҳам бериш, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилувчи ҳолларга йўл қўймаслик, ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида терговга ҳамда одил судловга монелик қиладиган ҳолатлар содир этилмаган вазиятларда ва албатта, қонун талабига қатъий риоя қилинган ҳолда қўлланилади.

Бу борада суднинг қонун билан кафолатланган дахлсиз ваколатлари ҳам бор. Бу Жиноят кодексининг 243-моддаси 10-қисми 2-1-бандида ўз ифодасини топган. Унга мувофиқ, судья айбланувчига нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қамоққа олишга тааллуқли эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш ва уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Ушбу кодекснинг 242-1-моддаси биринчи қисмига мувофиқ уй қамоғи айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.

Кодекснинг 238-моддасида “Эҳтиёт чораларидан қайси бирини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ушбу ҳужжатнинг 236-моддасида назарда тутилган асослардан ташқари қўйилган айбнинг оғирлигини, айбланувчининг шахсини, машғулот турини, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳам ҳисобга олиши” белгиланган.

Масаланинг бу жиҳати назарда тутилса, адолат ва ҳақонийликнинг шу сингари намуналаридан биринчи галда айбланувчи тараф баҳраманд бўлмоғи керак. Ва амалда ҳам шундай бўлди. Гумонланувчи Г. Матниёзова муқим яшаш жойига эга экани, дастлабки тергов органинг чақирувига асосан етиб боргани, яширинишга уринмагани, чақирувга бирор маротаба ҳам айтилган вақтида бормаганлик ҳолати кузатилмагани, мажбурий тартибда келтириш тўғрисида қарор чиқаришга етакловчи ножўя ҳаракатлар содир қилинмагани, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилинаётганига доир далиллар тўпланмагани, бундай ҳужжатлар иш материалларида ҳам мавжуд эмаслиги аниқланди.

Айбланувчининг оилавий аҳволига келсак, у вояга етмаган бир нафар фарзандининг ягона боқувчиси, муқаддам судланмаган.

Шунга кўра, суд унга нисбатан “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни мақсадга мувофиқ, деб топди. Айбланувчи суд залидан озодликка чиқарилди.

Айнан шундай мурувват мақоламиз аввалида зикр қилинган ва Урганч Марказий деҳқон бозорида безорилик жиноятини содир этган Қудрат Бобониёзовга нисбатан ҳам қўлланилди.

Инсонпарварлик тамойилига асосланган ҳолда уй қамоғи жазосининг тайинланиши жиноят ҳуқуқида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кўриниши ҳисобланади. Ушбу ёндашув орқали шахсни жамиятдан тўлиқ ажратмасдан туриб, унинг хулқ-атворини назорат қилиш, қайта тарбиялаш ва ижтимоий мослашувини таъминлаш имконияти яратилади. Шу билан бирга, бу жазо тури жазонинг адолатлилиги ва мақсадга мувофиқлигини таъминлаб, жамият ва шахс манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлашга хизмат қилади.

Элёрбек Бобажонов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди

тергов судьяси

#thegov_button_69f3e40adf768 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f3e40adf768:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f3e40adf768 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69f3e40adf768:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!