ИШОНЧ ОРТИДАГИ ХИЁНАТ ЁХУД «FACE ID» ОРҚАЛИ СОДИР ЭТИЛГАН ЎҒИРЛИК

Кейинги йилларда ахборот технологиялари ҳаётимизда чуқур ўрин эгалламоқда. Айниқса, “Face ID”, яъни шахснинг юзини таниш орқали шахсини аниқлаш тизими кўплаб қурилмаларда қўлланила бошлади. Албатта, бу тизим фойдаланувчиларга бир қатор қулайлик яратиб, парол ва кодлардан воз кечиш имконини берди.
Бироқ ҳар қандай қулайлик ортида маълум хавф ҳам яширинган. Буни айнан “Face ID” қурилмасидан ғараз ниятда фойдаланиб, фирибгарлик жиноятлари содир этилаётгани мисолида кўриш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фирибгар кимсалар бу қурилмадан ғаразли ниятда фойдаланишида одамларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва технология ҳақидаги етарли билимга эга эмаслиги қўл келмоқда. “Face ID” бу — оддий қурилма эмас, балки шахсий биометрик калит ҳисобланади. Шу маънода, уни бошқаларга бериш — шахсий ҳужжатингизни ўз қўлингиз билан топшириш билан баробар.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида биометрик маълумотлар билан боғлиқ кибержиноятлар сони қарийб 40 фоизга ошган.
Айниқса, юзни таниш тизимларидан фойдаланиш орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар тез суръатларда кўпайиб бормоқда.
Халқаро киберхавфсизлик ташкилотлари таҳлилларига қараганда, 2024-2025 йилларда онлайн фирибгарлик ҳолатларининг 60 фоиздан ортиғи биометрик ёки шахсий маълумотларни қўлга киритиш билан боғлиқ.
Фойдаланувчиларнинг 70 фоизга яқини номаълум ҳаволалар орқали шахсий маълумотларини ўзлари ошкор қилган. Ёки “Deepfake” технологиялари билан боғлиқ фирибгарликлар сони сўнгги бир йилда уч бараварга кўпайган. Онлайн кредит олишда фирибгарлик ҳолатларининг катта қисми “Face ID” тасдиғи орқали амалга оширилган.
Яқинда судда кўриб чиқилган бир жиноят иши бугунги кунда ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи нечоғли долзарб эканлигини яна бир марта кўрсатди.
Имрон (исм-шарифлар ўзгартирилди) Гулнисо билан 2024 йилнинг ноябрь ойида кўчада тасодифан танишиб қолади. Аммо бу оддийгина танишув кейинчалик анчайин жиддийлашади, бора-бора ўрталарида илиқ муносабат пайдо бўлади.
Буёғини сўрасангиз, Гулнисонинг ота-онаси ва акалари хорижда ишлаб, унинг номига пул жўнатиб туришарди. Гулнисо банк муассасасига пулларни омонатга қўйиб, ўзининг телефон аппаратига ўрнатилган “Зоомрад” иловаси орқали уни назорат қилиб борарди. Аниқ ёдида, 2025 йилнинг 19 ноябрь куни банкдаги омонатга 2 минг 200 АҚШ доллари қўйгач, маблағнинг жами миқдори 317 миллион сўмга етганди.
Орадан ўн кун ўтиб, телефони орқали омонатдаги пулларни текшириб кўрса, 100 миллион сўм йўқ. Аввал 20 миллион сўм, кейинроқ бўлиб-бўлиб яна 80 миллион, жами 100 миллион сўмни кимдир ечиб олганди.
Гулнисо кутилмаганда бундай катта миқдордаги пулидан айрилиб қолганидан қаттиқ ташвишга тушади. Ҳақиқий ҳолат ойдинлашганида эса, буткул ўзини йўқотиб қўяди…
Юқорида Имрон билан Гулнисо ўртасида илиқ муносабат юзага келганини айтгандик. Кунлардан бир кун улар Тошкент шаҳрига бориб, айланиб келишни режалаштиришади. Имрон билан ўртоғи Шоҳруҳ, Гулнисо билан дугонаси Жасминалар беш кун давомида пойтахтда сайр қилишади.
Имрон ўзига қимматбаҳо кийим-кечак, янги русумдаги телефон аппарати сотиб олади. Гулнисога ҳам янги телефон аппаратидан ташқари кийим-кечаклар сотиб олиб, совға қилади.
Воқеа баёнидан ўқувчида бирон-бир жойда ишламайдиган ёш йигит бунча сарф-харажатлар учун маблағни қаердан олди, деган савол туғилиши тайин.
Ҳақиқатан ҳам, судланувчи Имрон Боқиев Гулнисо Имомова билан яқин муносабатларидан фойдаланиб, унинг мобил телефонига ноқонуний равишда кириш имкониятини қўлга киритган. У “Face ID” тизими орқали ўзининг юзи тасвирини қурилмага киритиб, телефондаги иловаларга тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эга бўлган. Шу орқали у жабрланувчига тегишли “Зоомрад” банк иловасига кириб, бир неча кун давомида маблағларни ўзлаштирган. Натижада жами 100 миллион сўм маблағни талон-торож қилган.
Судда ушбу жиноий қилмишга ҳуқуқий баҳо берилди. И. Боқиев Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилди.
Судланувчининг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарар унинг отаси томонидан тўлиқ қоплангани ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги каби ҳолатлар инобатга олинди.
Судланувчига нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Юқорида тафсилоти баён этилган жиноий қилмиш бугунги кунда яна бир бор ахборот хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Яширишга ҳожат йўқ, бугунги кунда кўпчилик фуқаролар мобиль қурилмалардан фойдаланишда оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмайди. Хусусан, телефонни бошқаларга бериш, паролларни ошкор қилиш ёки биометрик ҳимоя тизимларига бошқа шахсларни киритиш каби ҳолатлар юқорида баён этилгани сингари жиноий қилмишлар рўй беришига сабаб бўлади.
Мутахассислар тавсиясига кўра, мобил қурилмалардан фойдаланишда бир қатор оддий қоидаларга амал қилиш орқали бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Жумладан, биометрик ҳимояга фақат ўзининг маълумотларини киритиш, телефонни назоратсиз қолдирмаслик, банк ва тўлов иловаларида қўшимча ҳимоя воситаларини ёқиш, шунингдек, молиявий операцияларни мунтазам текшириб бориш муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, судда кўрилган ушбу жиноят иши барчамиз учун сабоқ бўлиши керак. Масаланинг яна бир муҳим томони, бугунги кунда хавф кўчада эмас, балки қўлимиздаги қурилмада эканлигини унутмаслигимиз даркор. Ҳар биримиз ахборот хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиб, ўз шахсий маълумот ва молиявий манфаатларимизни ҳимоя қилсак, шубҳа йўқки, жабрдийда бўлиб, муаммолар гирдобига қолмаймиз.
Зарифа АҲМЕДОВА,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди судьяси

