Click to listen highlighted text!

ҚИММАТГА ТУШГАН ЛОҚАЙДЛИК

photo_2026-02-17_15-13-57

2024 йил 21 октябрда имзоланган шартномага мувофиқ, сотувчи — “OTAMUROD OTAJONOV” масъулияти чекланган жамияти харидор — “XORAZMYO`LKO`KALAM” давлат муассасасига жами 144 миллион сўмлик қайрағоч дарахти кўчатларини етказиб бериш, ҳамкор тараф эса, юқорида қайд этилган миқдордаги маблағни ўз вақтида тўлаш мажбуриятини зиммаларига олган.

Сотувчи орадан 15 кун ўтмаёқ ўз шартномавий мажбуриятини бажариб, шартномада кўрсатилган 144 миллион сўмлик қайрағоч кўчатларини харидорга етказиб беради. Албатта, кўчатлар харидорини топгани яхши бўлди.

Чунки кўчат ўз вақтида ерга қадалса, тез орада кўкка бўй чўзади, ҳадемай танаси қучоққа сиғмайдиган дарахтга айланади. Шу боис сотувчи харидорнинг қуюқ ваъдасига ишониб, кўчатларни пули тўланишини кутмай етказиб берган.

Аммо харидор кўчатлар пулини орадан ҳафта, ойлар ўтса-да, тўлашни хаёлига келтирмайди.

Буни қарангки, кейинчалик тўлов мажбуриятидан буткул бош тортади.

Бунинг жабри сотувчининг бошига ёғилади. У нақд 144 миллион сўм миқдорида молиявий зарар кўради. Харидорнинг ҳузурига қатнайвериб, чарчайди. Салкам 9 ойлик бесамар елиб-югуришлардан сўнг судга мурожаат қилади.

Даъвогар — “OTAMUROD OTAJONOV” масъулияти чекланган жамиятининг шартномада белгиланган миқдордаги пулни ундириш ҳақидаги даъвоси судда атрофлича ўрганилди. Маълум бўлишича, жавобгар мақомидаги “XORAZMYO`LKO`KALAM” муассасаси давлат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилотнинг барча сарф-харажатлари эса, табиийки, давлат маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бундай вазиятда бюджет ҳисобидан ажратилган маблағлар, моддий воситалар тобе идора ва корхоналар тарафидан ваколатли давлат муассасаларининг қатъий назорати остида оқилона ва самарали тарзда сарфланиши зарур. Шу маънода судга жавобгар мақомида жалб қилинган “XORAZMYO`LKO`KALAM” корхонаси давлат харидларининг субъекти бўлиб, хўжалик фаолиятини юритиш чоғида амалга ошириладиган харидларга давлат буюртмачиси ҳисобланишини назарда тутиш лозим.

Шу билан бирга, ғазначилик ташкилотининг маълумотномасига кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартнома ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмаган. Модомики, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасида ушбу қонун давлат буюртмачилари томонидан хўжалик фаолиятини юритиш чоғида амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланган.

Шундай бўлса-да, тарафлар бу талабга риоя этмаган. Айни пайтда ушбу қонуннинг 30-моддаси талаблари ҳам бузилган. Унда белгиланишича, харид тадбирлари электрон дўкон, бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион, энг яхши таклифларни танлаш, тендер, тўғридан-тўғри шартномалар асосида Президент фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан рухсат этилган харидларнинг бошқа рақобатли турлари орқали амалга оширилади.

Аммо, маълум бўлишича, жавобгар хариднинг ушбу тартиб-таомилларини четлаб ўтган ҳолда даъвогар билан тўғридан-тўғри равишда шартнома расмийлаштирган. Бу ҳам етмагандек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 28 февралдаги “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари ҳам эътибордан соқит этилган.

Мазкур ҳужжатнинг 6-бандида уқтирилишича, бюджет ташкилотларининг товарлар, ишлар, хизматлар етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек, буюртмачиларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид битимлари мажбурий тартибда ғазначилик муассасасида рўйхатга олиниши шарт ва келишилган аҳднома ушбу тадбир амалга оширилгандан кейин кучга киради. Айни шундай талаб Бюджет кодексининг 122-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 116-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, қонунчилик талабларига мос келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган ҳужжат ҳақиқий ҳисобланмайди.

Албатта, суд жараёнида маълум бўлган бу ҳолатлар жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланди. Томонлар, биринчи галда, жавобгар тараф ўзаро келишув чоғида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддаси талабларига риоя этмагани, яъни харид электрон дўкон ёхуд бошланғич нархни пасайтиришга қарата ўтказиладиган аукцион, энг яхши таклифлар танлови ёки тен­дер савдолари орқали амалга оширилмагани, шартнома тегишли тартибда ғазначилик муассасасида рўйхатдан ўтказилмагани алоҳида қайд этилди.

Бу ҳолат охир-оқибатда бемаврид ишонувчанлик ва лоқайдликнинг азобини кўрган даъвогар тарафнинг гарданига янада оғир юк бўлиб тушди. Суд юқорида ҳукмингизга ҳавола қилинган ҳолатлар ва қонун талабига мувофиқ унинг жавобгардан 144 миллион сўм миқоридаги хариднинг пулини ундириб беришга қаратилган талабини рад этди.

Буларнинг бари биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди.

Оқибатини ўйламай босилган қадамларнинг мантиқий якуни шу бўлди. Аслида қонун талабига амал қилмасликнинг оқибати шундай кечади. Аянчли ва ачинарли вазиятларга йўлиқмасликнинг бирдан-бир шарти қонун талаблари, инсонийлик тамойилларига риоя этишдан иборат.  

Баҳодир Давлатов,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди раиси

#thegov_button_69bd11ec70d43 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69bd11ec70d43:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69bd11ec70d43 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69bd11ec70d43:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!