Click to listen highlighted text!

ТИЛ ЕТКАЗГАН ЖАРОҲАТ ЁКИ ТУҲМАТ ВА ҲАҚОРАТ ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

photo_2026-02-11_11-57-15

Маълумки, Бош Қонунимиз талабига кўра, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

Чунончи, шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолати саналган ушбу қоида амалдаги қонунларимизда ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, Жиноят кодексининг 139-моддасида “туҳмат”, 140-моддасида эса, “ҳақорат қилиш” билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Демак, булардан кўринадики, ушбу конституциявий қоидага риоя этмаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, 2024 йил 3 март куни Сирдарё тумани ҳудудида жойлашган чегара божхона постининг “Малик” божхона пунктида божхона ходими М. Элмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилди) Ш. Очилбоеванинг “Нексия-3” русумли автомашинасидаги юкларини назорат текширувидан ўтказаётганда ўртада тортишув келиб чиқади. Бунга Ш. Очилбоеванинг автомашинасида меъёридан ортиқча моддий товар-бойликлар борлиги сабаб бўлади.

М. Элмуродова хизмати тақозосига кўра, Ш. Очилбоевадан автомашинасидаги юкларни туширишини сўрайди. Аммо Ш. Очилбоева унинг талабига бўйсунмай қаршилик кўрсатади. Бу ҳам етмагандек, М. Элмуродованинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлайди.

Судга оид лингвистик экспертиза хулосаси ҳам Ш. Очилбоева М. Элмуродовага нисбатан айтган сўзлар ҳақорат маъносида қўлланилганини тасдиқлади.

Аммо Ш. Очилбоева бу билан чекланмайди, у “ётиб қолгунча…” қабилида иш тутиб, 2024 йил 20 май куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди мажлисида ўзига нисбатан жиноят иши кўрилаётганида, М. Элмуродованинг оғир жиноят содир этганлиги ҳақида судга ариза билан мурожаат қилади. Гўёки, М. Элмуродова божхона пунктида хизмат вазифасини бажариш давомида назорат пунктидан ўтадиган фуқаролардан турли моддий қимматлик ва ашёларни “совға” тариқасида олаётган эмиш…

Энг ёмони, Ш. Очилбоева аризасида М. Элмуродовани оғир турдаги жиноят — пора олишда ҳам айблайди.

Табиийки, унинг аризасида келтирилган важлар қонун талаби асосида текшириб чиқилди. Аммо ариза бирор-бир мақбул далил ёки асосларга эга эмаслиги, фақат М. Элмуродовани атай шарманда қиладиган, уни оғир жиноят содир этишда айблаб, уйдирмалар тарқатиш мақсадида судга тақдим этилгани аниқланди.

Шундан сўнг биринчи босқич судининг 2025 йил 14 августдаги ҳукмига кўра, судланувчи Ш. Очилбоева Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а” банди ва 140-моддаси 3-қисм “а” банди билан айбдор топилди ва 1 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Ўз навбатида, Ш. Очилбоева биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, Сирдарё вилоят судининг апелляция судлов ҳайъатига мурожаат қилди.

Апелляция инстанцияси суди ўз ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Хўш, апелляция судлов ҳайъати нега бундай қарорга келди?

Шу ўринда бу ҳақда батафсил тўхталадиган бўлсак, ушбу жиноят ишида М. Элмуродованинг 2024 йил 13 мартда Сирдарё вилоят прокурорига 3 март куни “Малик” божхона пунктида хизмат вазифасини бажараётганида Ш. Очилбоева ҳақорат қилгани, 2024 йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишонч телефони” орқали йўллаган мурожаатида уни фуқаролардан пора оляпти, деб туҳмат қилганлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси бор. Бундан ташқари Ш. Очилбоевани М. Элмуродовага ёзган “СМС” хабарлари борки, унинг тафсилотидан газетхонни қисқача таништириш лозим кўринади.

Гап шундаки, 2024 йилнинг 21 февраль куни соат 10.25 ларда М. Элмуродованинг қўл телефонига Ш. Очилбоевадан чегара божхона пункти орқали товар-моддий бойликларни белгиланганидан кўпроқ миқдорда олиб ўтишига ёрдам беришни сўраб, “СМС” хабар келади. Хабарга жавобан жабрланувчи М. Элмуродова божхона чегараси орқали ҳаракатланиш тартибини тушунтиради, ҳар бир товар учун белгиланган тартибда божхона тўловлари тўланиши лозим эканини ёзиб юборади. Ш. Очилбоева эса, очиқ-ошкор таҳдид қилишга ўтади, яъни ёрдам бериб турмаса, туҳмат билан ишдан бўшаттириб юборишини айтади.

Афсусланарли томони шундаки, судланувчи ёлғон уйдирмалари билан бир қатор идора ходимларининг қимматли вақтини ҳам ўғирлаб келган.

Масалан, Ш. Очилбоева М. Элмуродова 4 нафар фуқародан пора оляпти, деб “Ишонч телефони” орқали йўллаган мурожаати юзасидан Сирдарё тумани прокурори ёрдамчиси томонидан текшириш ўтказилган. Аммо божхона ходими М. Элмуродованинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмагани сабабли унга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган.

Бундан ташқари “Сирдарё” чегара божхона постининг масъул ходимлари томонидан Ш. Очилбоева юқори ташкилотларга йўллаган мурожаати юзасидан ўтказилган хизмат текширувида ҳам унинг важлари тасдиғини топмаган. Бу каби судланувчининг туҳмат ва уйдирмадан иборат, текширишларда исботини топмаган мурожаатлари рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Аслида Ш. Очилбоева бож­хона маскани орқали “Нексия 3” русумли автомашинасида Ўзбекистон Республикасига ҳар хил турдаги товар ва моддий бойликларни кўп миқдорда олиб киришга доимий равишда уриниб келган. Унинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйиш мақсадида у билан бир неча марта профилактик суҳбатлар ўтказилган, ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган товарларига нисбатан божхона пункти ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган. Бироқ Ш. Очилбоева булардан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмай ноқонуний фаолиятини яна давом эттирган.

Гувоҳи бўлганингиздек, хизмат вазифасини бажараётган ходимга нисбатан ҳурматсизлик қилиш муқаррар жазога сабаб бўлди.

Бу, ўз навбатида, юртимизда ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати кафолатли ҳимоя қилиниши, бу борада содир этилган жиноий қилмишлар ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини кўрсатади.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти

суди судьяси,

Абдуҳамид

ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_699b2ffaed563 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_699b2ffaed563:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_699b2ffaed563 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_699b2ffaed563:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!