Click to listen highlighted text!

МУРОЖААТНОМА – ЮКСАК СТРАТЕГИК МАҚСАД, ҚАТЪИЙ МАСЪУЛИЯТ ИФОДАСИ

photo_2026-02-05_16-17-24

Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади сифатида белгиланган – ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, замонавий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини белгилаб берган давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Парламентга ва у орқали халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси бугунги кунгача кенг жамоатчилик ҳамда нуфузли халқаро экспертларнинг юксак эътирофларига сазовор бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг бу сафарги Мурожаатномасида алоҳида қайд этилганидек, бутун инсоният кутилмаган кулфат ва талафотлар, ўта оғир синов ва қийинчиликларни бошидан кечираётган мураккаб геосиёсий вазиятда “содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали” бир замонда яшамоқдамиз.

Энди бевосита ҳуқуқшунослик касбимдан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш, ушбу муҳим органни ташкилий-институционал тартибда тубдан такомиллаштириш, янги жамиятдаги шиддатли ислоҳотлар талабларига мослаштириш мамлакатимиздаги ҳуқуқий сиёсатнинг энг устувор йўналишига айланганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Эътибор қилинг, биргина одил судлов фаолиятини тўлақонли амалга ошириш мақсадида, кейинги 9 йилда 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, унинг ижросини самарали таъминлаш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 26 декабрда йўлланган навбатдаги Мурожаатномада ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш вазифаси белгиланди.

Бунда асосий ёндашув суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, хусусан, одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни янада такомиллаштириш, эндиликдаги вазифа терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, айниқса, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини қисқартириш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мурожаатномада адолатли суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга қаратилган энг муҳим ғоя ва ташаббуслардан яна бири – 2026 йилдан бошлаб, тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш масаласи бўлди.

Маълумки, 2025 йил 1 январдан мамлакатимизда жиноят ишини судга қадар юритишда тарафлар ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши ва процессуал мажбуриятларини бажаришлари учун бу жараёнда холислик ҳамда беғаразликни таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари таркибида тергов судьяси лавозими жорий этилди.

Айтиш керакки, суд тизимида нисбатан янги институт – тергов судьясининг вужудга келиши одил судловни амалга оширишнинг ниҳоятда муҳим омилларидан бири ҳисобланадиган суд назоратининг самарали амалга оширилиши, инчунин, ишни судга қадар юритишда ҳақиқий ва қонуний тортишув муҳитини яратиш имкониятини янада оширди. Сабаби, айнан ҳимоячининг илтимосномасини ишни судга қадар юритувчи органлар ҳал қилмаслиги туфайли кучлар мувозанати яратилади. Бу эса, жиноят процессида ҳимоячи мавқеининг янада ошишига, унинг исботлаш жараёнида қатнашиш ҳуқуқи таъминланишига амалий таъсир кўрсатади.

Ишончли далилларни топиш ва мустаҳкамлаш юзасидан асосли илтимосномаси рад қилинган ҳолларда, тергов судьяси унга ушбу ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини кафолатлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтганда, Мурожаатномада суд процессида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этадиган тергов судьясига қўшимча ваколатлар бериш билан унинг фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси белгиланмоқда.

Эндиликда тергов судьяси ўзи рухсат берган қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров эҳтиёт чорасини ўзи ўзгартириши, қонуний деб топса, уни бекор қилиши мумкин. Шунингдек, айбланувчига нисбатан қўлланилган паспорт ҳаракатини чеклаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқишни тақиқлаш, мол-мулкни хатлаш ёки телефонлар орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш каби процессуал мажбурлов чораларини ҳам бекор қилиши мумкин.

Шунингдек, Мурожаатномада Президентимиз томонидан айни пайтгача миллий суд тизимимизда мавжуд бўлмаган янги бир институтни татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Яъни “энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади”.

Гап шундаки, суд тизимида “халқ вакиллари ҳайъати” институтининг жорий этилиши, биринчидан, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти шароитида судда энг муҳим демократик институтлардан бири шаклланишига эришилади; иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунинг баробарида, жамият манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлаш имконияти ортишига олиб келади; учинчидан, давлат органларининг ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажариши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятини кенгайтиради; тўртинчидан, суд тизимида манфаатлар тўқнашуви (коррупция) ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уни таҳлил қилиш, бу иллатга қарши самарали курашиш ва унинг олдини олиш механизмлари такомиллаштирилади.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган ғоя ва ташаббуслар мантиқий изчилликка асосланганлиги ва бир-бирини тўлдириб бораётганлиги яққол кўриниб туради. Зеро, уларнинг туб негизида инсон, унинг манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириб бориш сингари инсонпарвар ва адолатпарвар ғоялар мужассам.

Ушбу ғояларнинг ҳаётий ижросини таъминлаш кўп сонли ҳуқуқшунос кадрлар, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг судьялар корпусига, суд тизими ходимлари зиммасига жуда катта масъулият ва юксак вазифалар юклашини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Аҳмад ИСМОИЛОВ,

юридик фанлар бўйича

 фалсафа доктори (PhD)

 

#thegov_button_69abac3ad5bc2 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69abac3ad5bc2:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69abac3ad5bc2 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69abac3ad5bc2:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!