ТАДБИРКОРНИНГ СУДГА МУРОЖААТИ ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Мамлакатимизда 2024 йил 1 январдан буён судларда иш юритиш жараёни билан боғлиқ бир қатор янги таомиллар ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, ишларни тафтиш тартибида кўриш институти жорий этилди.
Бу ўзгаришларнинг асосий мақсадларидан бири суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишдан иборат. Бунда, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, пировардида қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш кўзда тутилган.
Натижада низоларни тафтиш босқичида кўриш жараёнида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлиги иш материаллари бўйича текширилиб, тарафлар суддан рози бўлиб чиқиб кетишларига эришилмоқда. Андижон вилояти маъмурий судининг тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган қуйидаги иш ҳам фикримизнинг яққол исботидир.
Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “W F” (фирма номи қисқартирилган) масъулияти чекланган жамияти судга ариза билан мурожаат қилиб, вилоят солиқ бошқармасининг 2022 йил 30 ноябрдаги, шунингдек, Солиқ қўмитасининг 2023 йил 26 декабрдаги тегишли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган. Андижон туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 27 июндаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантиришдан рад қилинади.
Андижон вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси ҳам 2024 йил 11 сентябрдаги тегишли қарори билан қуйи судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиради. Масъулияти чекланган жамият вакили бу гал энди тафтиш шикояти билан суднинг эшигини қоқади. Хўш, тадбиркор нимадан норози эди?
Аниқланишича, Андижон вилоят солиқ бошқармаси биринчи ўринбосарининг 2022 йил 3 октябрдаги буйруғига асосан, юқорида номи тилга олинган масъулияти чекланган жамиятда 2021 йил январь-декабрь ойларидаги 12 ойлик фаолиятида қўшимча қиймат солиғи, фойда солиғининг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши бўйича камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган. Текширув муддати 2022 йил 3 октябрдан 3 ноябргача деб кўрсатилган.
Солиқ бошқармасининг 2022 йил 6 октябрдаги яна бир буйруғи билан юқоридаги буйруқнинг 1-бандига 2021 йил январь-декабрь ойлари фаолиятидаги қўшилган қиймат солиғи, 2021 йил январь – 2022 йил август ойлари фаолиятидаги жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ, 2022 йил январь – сентябрь ойлари фаолиятидаги фойда солиғи, 2021 йил январь – декабрь ойлари фаолиятидаги фойда солиғи, шунингдек, 2022 йил январь – сентябрь ойлари фаолиятидаги қўшилган қиймат солиғи, деб ўзгартиш киритилган. Шунингдек, камерал солиқ текшируви муддати 2022 йил 15 ноябрга қадар узайтирилган.
Қолаверса, масъулияти чекланган жамиятда сайёр солиқ текшируви ўтказилиши ҳам белгиланган. Сайёр солиқ текшируви далолатномасида жамиятга қарашли омбор мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Бошқарманинг 2022 йил 15 ноябрдаги буйруғи билан камерал солиқ текшируви муддати 16 ноябрга қадар узайтирилган.
Солиқ бошқармаси томонидан ўша йилнинг 15 ноябрь санасида тадбиркорлик субъектига йўлланган хабарномада солиққа оид ҳуқуқбузарлик далолатномаси лойиҳаси билан танишиш ҳамда имзолаш учун эртасига – 16 ноябрь куни солиқ органига келиши сўралган. Айни санада камерал солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш юзасидан далолатнома расмийлаштирилган бўлса-да, бироқ масъулияти чекланган жамият раҳбари томонидан имзоланмаган.
Қолаверса, 17 ноябрь куни масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш ҳақида бошқарманинг талабномаси юборилган. Талабномада:
• камерал солиқ текширувида жамият томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларида тафовутлар, яъни хатоликлар аниқланиб, камерал солиқ текшируви натижаси бўйича қўшимча солиқлар ҳисобланганлиги;
• 2022 йил 1 январдан 30 сентябрь ойлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича 32 миллион 240 минг 118 сўм, 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 август ойлари учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ бўйича 1 миллиард 849 миллион 993 минг 440 сўм ҳисобланганлиги маълум қилинган.
Жами тафовут суммаси 1 миллиард 882 миллион 233 минг 558 сўм эканлиги кўрсатилган. Талабнома олинган кундан эътиборан 5 кунлик муддат давомида аниқланган тафовутларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда асослантириш ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозимлиги маълум қилинган.
Шундан сўнг солиқ бошқармаси томонидан 2022 йил 30 ноябрда камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, ушбу масъулияти чекланган жамиятга нисбатан 1 миллиард 882 миллион 233 минг 558 сўм миқдорида солиқ ва тўловлар қўшимча ҳисобланган.
Тадбиркор Андижон вилояти солиқ бошқармасининг бу қароридан норози бўлиб, Солиқ қўмитасига мурожаат қилади. Аммо қўмита томонидан унинг мурожаати қаноатлантирилмайди.
Кейинчалик солиқ органи қарорларидан норози бўлиб судга киритилган ариза, юқорида қайд этилганидек, биринчи ва кассацияси инстанцияларида қаноатлантиришдан рад қилинади. Низо бўйича тафтиш инстанциясига қадар бўлган жараённинг асосий тафсилотлари шу.
Шу тариқа Андижон вилояти маъмурий судининг тафтиш инстанцияси тадбиркорнинг шикояти асосида зикр этилган масалани атрофлича кўриб чиқди. Бу жараёнда тўпланган ҳар бир ҳужжатни синчиклаб ўрганди ва якунда судлов ҳайъати бир қатор асосларга кўра, қуйи судларнинг хулосалари билан келишмаслик хусусидаги тўхтамга келди.
Тафтиш инстанцияси томонидан тайинланган суд-бухгалтерия экспертизаси хулосасига кўра, масъулияти чекланган жамиятнинг 2021-2022 йиллардаги фаолияти юзасидан камерал солиқ текшируви солиқ қонунчилиги ва амалдаги қонунларга асосан солиқ органига жамият томонидан тақдим этилган баланс, молиявий, солиқ ҳисоботлари, банк маълумотлари, электрон ҳисобварақ фактураларининг ўзаро таҳлили асосида ўтказилган.
Масъулияти чекланган жамиятнинг устав фондининг камайтирилиши масаласини ўрганишда, жамият ташкил топган 2018 йил 22 майдан, текшириш ўз ичига олган давригача барча ташкилий ҳужжатлар, устав фонди белгиланиши, иштирокчилари, уларнинг ҳақиқатда қўшган улушлари тўлиқ ўрганилмаган, деб ҳисоблаш мумкин.
Солиқ органи камерал текшириш далолатномасини тузиш ва қарор қабул қилишда жамиятнинг баланс маълумотларида ўзгаришлар асоси ҳисобланган бошланғич ҳужжатлар ўрганилмасдан, солиқ ва тўловлар қўшимча ҳисобланиши юзасидан барвақт тўхтамга келинган.
Маълумки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан, жамият иштирокчилари жамиятнинг устав фондидаги ё устав капиталидаги ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш ва жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, ушбу қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқишга ҳақлидир.
Солиқ кодексининг 304-моддасига асосан иштирокчилар таркибидан чиқиш (чиқиб кетиш) чоғида устав фондига (устав капиталига) қўшилган ҳисса доирасида олинган ёки иштирокчининг улуши миқдорини камайтириш, шунингдек, тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулкини иштирокчилар ўртасида тақсимлаш чоғида олинган маблағлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди. Бироқ солиқ органининг низолашилаётган далолатномасида ва қарорида жамиятга нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 1 миллиард 882 миллион 993 минг 440 сўм ҳисобланганлиги тўғрисида ҳуқуқий асос кўрсатилмаган.
Солиқ кодексининг 165-моддаси тўққизинчи қисмида “Солиқ органи текширув далолатномаси кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жойи тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошланадиган кунга қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилади” деб белгиланган. Шундай бўлса-да, солиқ бошқармаси томонидан 2022 йил 16 ноябрь куни жамият раҳбарининг солиқ органига келиши ва далолатнома лойиҳаси билан танишиши, уни имзолаши тўғрисидаги хабарнома бир кун олдин юборилган.
Бошқача айтганда, Андижон вилоят солиқ бошқармаси Солиқ кодексининг 165-моддасида белгилаб қўйилган талабларига риоя қилмаган. Оқибатда солиқ бошқармасининг далолатномаси жамият раҳбарининг иштирокисиз кўриб чиқилган ва далолатнома жамият раҳбари ёки унинг вакили томонидан имзоланмаган.
Эътибор бериш зарур бўлган яна бир жиҳат: солиқ бошқармаси далолатномасининг 9-бандидаги “Текширилган солиқлар номи ва қамраб олинган даври” графасида масъулияти чекланган жамиятда қамраб олинган солиқ даври нотўғри кўрсатилиб, солиқ бошқармасининг 2022 йил 6 октябрдаги тегишли буйруғи билан ўзгартириш киритилган солиқ даври далолатномада ёзилмаган.
Бундан ташқари солиқ текшируви материаллари 2022 йил 30 ноябрда кўриб чиқилиб, шу сана билан баённома расмийлаштирилган. Аммо баённомадан кўринишича, ўша куни масъулияти чекланган жамият вакиллари солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишда қатнашмаган.
Шунингдек, Андижон вилоят солиқ бошқармасининг 2022 йил 30 ноябрдаги қарорида масъулияти чекланган жамиятнинг солиқ органига юборган жавоблари ва жамиятнинг фикри акс эттирилмаган. Бу билан Солиқ кодексининг 166-моддаси талаблари бузилган.
Солиқ кодексининг 157-моддаси учинчи қисмига кўра, солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу Кодексда белгиланган талабларга риоя этмаслик юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.
Тафтиш инстанцияси суди ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, қуйи судларнинг қарорларини бекор қилди. Андижон вилояти солиқ бошқармаси ва Солиқ қўмитасининг тегишли қарорларини ҳам ҳақиқий эмас, деб топди.
Мухтасар айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга бўлган ишончини қозониш ниҳоятда муҳим. Чунки тадбиркорлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинишига ишонган жамиятда иқтисодиёт барқарор ривожланади. Бундай барқарорлик эса, халқнинг турмуш даражаси юксалишига ҳамда юрт тараққиётига хизмат қилади.
Ойбек Баракабаев,
Андижон вилояти
маъмурий суди раиси

