МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – ИНСОН ҲАЁТИ ВА ИШ САМАРАДОРЛИГИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Маълумки, меҳнат хавфсизлиги ҳар қандай жамиятда иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга муҳим масала ҳисобланади. Меҳнат хавфсизлиги нафақат инсон ҳаёти, сиҳат-саломатлиги муҳофазасига қаратилган ҳуқуқий талаб, балки жамиятда иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, агар ишчи иш жойида жароҳат олса, корхона нафақат тиббий ва моддий тўловлар тўлайди, балки иш жараёнидаги тўхташлар ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши оқибатида моддий зарар ҳам кўради. Шу боис меҳнат хавфсизлиги ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, унинг талабларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун Жиноят кодексининг 257-моддасида “Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш орқали оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан жарима, маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси” тайинланиши белгилаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 359–363-моддаларида эса, иш берувчи иш жойларини хавфсиз ҳолда сақлаши ва ходимларни зарур ҳимоя воситалари билан таъминлашга мажбурлиги қайд этилган.
Шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18, 24 ва 25-моддаларида ходимларни йўриқномадан ўтказиш, малакасини текшириш ва иш жойларини хавфсиз ҳолатда сақлаш талаблари белгиланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб айтганда, меҳнат хавфсизлигининг қуйидаги 5 та муҳим қоидалари мавжуд:
1. Йўриқнома ва тайёргарлик — ҳар бир ходим ишга киришдан олдин хавфсизлик бўйича йўриқномадан ўтиши ва имзо билан тасдиқлаши шарт.
2. Шахсий ҳимоя воситалари — махсус кийим, пойабзал, қўлқоп, каска, кўзойнак каби воситалардан доимо фойдаланиш.
3. Баландликда ишлаганда қўшимча ҳимоя — панжаралар, хавфсизлик арқонлари ва қўллов воситалари ёрдамисиз ишламаслик.
4. Иш жойини хавфсиз ҳолатда сақлаш — полдаги мой ёки сувни ўз вақтида тозалаш, хавфли ускуналарни белгилаш.
5. Мунтазам назорат — ҳар ойда иш жойи ва ускуналар ҳолатини текшириш.
Маълумотларга қараганда, юртимизда 2024 йилда иш жараёнида 1 минг 200 дан ортиқ бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бу кўрсаткичнинг 65 фоизи хавфсизлик талабларига риоя этмаслик оқибатида содир бўлган. Шу жумладан, баландликдан йиқилиш 40 фоизни ташкил этади. Бу бахтсиз ҳодисанинг ҳар тўртинчиси шахсий ҳимоя воситаларининг йўқлиги сабабли содир бўлган.
Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирсак, жомбойлик Шариф Маматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) “Жомбой яшил чироқлари” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Аммо у ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани оқибатида масъулияти чекланган жамиятининг хом ашё омбори ишчиси Шокир Бекжонов бахтсиз ҳодисага учраган.
Экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Ш. Бекжонов бахтсиз ҳодиса туфайли бош мияга қон қуйилиши, кўкрак қафаси шикастланиши, суяклар синиши ва ҳаёт учун хавфли бошқа оғир тан жароҳатлар олган. Текширув далолатномасида ҳодиса иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этилган.
Албатта, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, масъулияти чекланган жамиятнинг масъул ходими Ш. Маматов қонун олдида жавоб берди.
Судда ишни кўриш жараёнида Ш. Маматов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, қилмишидан пушаймон эканини қайд этди. Шунингдек, у жабрланувчига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплади. Ўз навбатида, жабрланувчи ҳам судланувчини кечириб, даъвоси йўқ эканини билдирди.
Мазкур жиноят иши қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари боис томонларнинг ўзаро ярашуви билан якун топди.
Бу, ўз навбатида, иш берувчининг меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этмаслиги ўта нохуш якун топишини кўрсатади.
Зарифа АҲМЕДОВА,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди судьяси

