Click to listen highlighted text!

ТЕРГОВ СУДЬЯЛАРИ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЯНГИ КАФОЛАТИ

photo_2025-10-15_09-40-22

Мамлакатимизда кейинги 9 йил мобайнида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари илғор жаҳон андозалари асосида амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишини юритишга масъул бўлган мансабдор шахслар рўйхатида “тергов судьяси” деган янги лавозим жорий этилгани шу янгиланишлар йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Энди асосий вазифа — “тергов судьяси” институтининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашдан иборат. Бунда қарорлар шаффофлиги, судьяларнинг малакасини ошириш ва жамоатчилик ишончини мус­таҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Ушбу янги ҳуқуқий институтнинг муҳим афзалликлари ҳақида сўз борганда, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолатли терговни кафолатлаш ва давлат органлари устидан қонуний назоратни кучайтириш сингари долзарб вазифаларга алоҳида урғу бериш айни муддаодир. Шу билан бирга, халқаро тажрибалар кўрсатганидек, тергов судьяларининг мустақиллиги, малакаси ва иш юкламаси каби масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Тергов судьяси институти тарихига мухтасар назар солайлик. Бу ўринда, айниқса, Францияда juge d’instruction модели ўз тарихий илдизига эгалигини қайд этиш лозим. Бу мамлакатда айни институт давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида шаклланган.

АҚШда эса, шу мақомдаги магистрат судьялари ордер бериш, ҳибс санкцияси каби чекланган вазифаларни самарали адо этмоқда. Ҳар икки моделда ҳам умумий мақсад — инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Бугунги кунда Белгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари ўз фаолиятини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, ушбу институт Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда ҳам жорий этилган.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонига мувофиқ, бир қатор муҳим ваколатлар тергов судьясига берилди. Яъни тергов судьяси энди судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш, мажбурлов чораларини қўллаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шундан келиб чиққан ҳолда, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимосномаларни ҳал этади.

Тергов судьяси, шунингдек, паспортнинг ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномалар бўйича санкциялар бериш ваколатига эга.

Бундан ташқари у айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг ёки фуқаровий даъвогарнинг кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси каби жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқади.

Мазкур янги ҳуқуқий институтнинг яна бир муҳим жиҳатига алоҳида тўхталмаслик мумкин эмас. Бу ўринда гап жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши ҳақида бормоқда.

Фикримизча, айрим хорижий давлатларнинг жиноят процессуал қонунларида тергов судьяларига бериладиган ваколатларни ўрганиб чиқиб, қонунчиликка самарали таклифлар бериш лозим. Чунки мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ушбу институтнинг 2025 йил 1 январдан жорий этилганини инобатга олсак, ижобий хорижий амалиётларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш имконияти мавжуд.

Умуман олганда, тергов судьялари — жиноят ишини тергов қилиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколатга эга бўлган судьялардир. Улар ишни судда кўриб чиқишдан аввалги босқичда фаолият юритадилар.

Муҳими, бу тартиб билан фуқароларнинг ҳуқуқлари янада кучли ҳимоя қилинади ва судлар ўртасида мутаносиб назорат механизмидан кенг фойдаланилади. Бундай янгича ҳуқуқий тартиб-таомиллар, шубҳасиз, судлар томонидан адолатли қарор чиқарилишига кафолат яратади.

Айни пайтда Тошкент вилояти судларида 27 нафар тергов судьяси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида Тошкент вилояти судларида тергов судьялари томонидан 3 минг 389 та жиноятга оид санкция материаллари кўриб чиқилган ва 3 минг 261 таси қаноатлантирилган.

Мазкур амалиётнинг бошқа судьялар фаолиятидан фарқли жиҳатлари шундаки, тергов судьялари иш ҳали суд муҳокамасига етиб бормай туриб, тергов босқичидаги қонунбузилишларни назорат қилиш орқали тергов жараёнида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фуқароларнинг эркинликлари, шахсий дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи сингари конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоғида терговчи ва прокурорнинг ортиқча ёки асоссиз ҳаракатларини бартараф этиб, кўрилаётган жиноят ишларида шаффофлик ва қонунийлик мезонларини оширишга кўмаклашади.

Шундай қилиб, мазкур янги институт инсон ҳуқуқлари тергов босқичидаёқ суд ҳимоясида бўлишига, халқаро қонунлар тамойиллари, хусусан, айбсизлик презумпцияси амалда таъминланишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам, тергов судьялари — жиноят процессининг муҳим “ҳуқуқий кўзгуси”, десак, тўғри бўлади.

Янада содда қилиб айтганда, бошқа судьялар ишни якуний тартибда кўриб чиқиб, ҳукм чиқаради, тергов судьялари эса, иш судгача етиб бормасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига чек қўяди. Албатта, бундай тартиб-таомилларнинг судларда қўлланилиши — жамият аъзоларининг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш билан бирга, кенг жамоатчилик орасида судларнинг адолат қўрғони эканлигига ишончни янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

#thegov_button_68f2ab7aa471f { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68f2ab7aa471f:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68f2ab7aa471f { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_68f2ab7aa471f:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!