Click to listen highlighted text!

КЕЧИККАН МЕҲР

photo_2025-02-28_18-25-37

Ўғилой момо суд залига бироз ҳая­жон ва ҳадик билан кириб келди. Унинг хаёлини марҳум қизи Нилуфардан ёдгор бўлиб қолган набираси Ғайратжонни олиб қўйишмасмикин, деган ўй банд этиб олганди.

…Нилуфар бир неча йил муқаддам узоқ қариндошининг ўғли Раҳматулла билан турмуш қурди. Лекин уларнинг оилавий ҳаёти вақт ўтса-да, ўз изми ва ўзанига тушмади. Нилуфар тўйдан сўнг орадан 4 ой ўтмай ота-онасининг уйига қайтиб келди. Ўғли Ғайрат ҳам шу ерда туғилди.

Аслида, фарзанд — эр-хотин ўртасида муроса муҳитини қайта тиклаш гарови. Бироқ Раҳматулла ва Нилуфар ўртасидаги оилавий муносабатларда бу ҳол рўй бермади: ўғил эр ва хотин ўртасида кўприк бўла олмади. Аксинча, Раҳматулла орани очди, бош­қа аёлга уйланди ва икки нафар фарзанднинг отаси бўлишга ҳам улгурди.

Нилуфар эса, Ғайратни оқ ювиб, оқ тараганча ўз ота-онасининг уйида қолди. Хайриятки, бобо ва бувиси ҳам қараб турмади. Отасиз ўсаётган набирага суянч ва таянч бўлишди. Бироқ турмуш тасодифларга тўла.

Оилага кулфат оралади. Оғир касаллик яккаю ягона фарзанднинг онаси Нилуфарни ҳаётдан олиб кетди.

Бу пайтда Ғайрат ҳали 6 ёшга ҳам тўлмаганди. Бобо – Шарифбой Раҳмонов ва буви – Ўғилой  Камолова (исм-шарифлар ўзгартирилган) уқдирилганидек, онасидан бевақт жудо бўлган боладан меҳрларини дариғ тутишмади, уни оқ ювиб, оқ тарашди. Хонадон соҳиблари тез орада ўзлари истиқомат қилаётган Хива тумани ҳокими номига ариза ёзиб, болага нисбатан васийлик мақомини белгилаш ва ушбу ҳуқуқни ўзларига беришни сўрашди. Ҳоким сўровни қабул қилди. Буви бўлмиш Ўғилой Камолова ҳокимнинг тегишли қарорига мувофиқ, ўз набирасига васий этиб тайинланди. Ушбу қарор марҳума Нилуфар Раҳмоновадан қолган набирани ҳеч кимдан кам қилмай камолга етказиш гаровига айланди.

Лекин набиранинг тарбияси узоққа чўзилмади. Ота бўлмиш Раҳматулла Отамуродов кутилмаганда, ўғлини йўқлаб, собиқ қайнота ва қайнонасининг уйига келди-да, фарзандини ўз қармоғига олиш ниятида эканини билдирди. Аммо талаби рад этилгач, у судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд муҳокамаси жараёнида болани тарбиялашда ота сифатида устувор ҳуқуққа эга эканлигини таъкидлади.

Бироқ Ўғилой опа ҳам судда довдираб қолмади. Ўзини қўлга олганча, собиқ куёв ўғли Ғайрат туғилганидан буён ундан ақалли бирон марта ҳам хабар олмагани, шу боис, ўз фарзанди отасини танимаслиги, орадан кечган давр мобайнида унинг моддий ва маънавий ёрдамидан мосуво ўсгани, алимент пулларини ҳам мунтазам тўламаганини баён этди, боланинг яйраб ўсиши учун оиласида барча шароитлар муҳайё этилганига алоҳида урғу берди, пировардида набирасини ўз қарамоғида қолдиришни сўради.

Суд масалани тегишли мутахассис ва мутасаддиларнинг хулосаларига суянган ҳолда атрофлича ўрганди. Бола туғилгандан буён фақат бобо ва бувиси қарамоғида тарбияланаётгани, уларга ўрганиб қолгани, ота бўлмиш шахсни мутлақо танимаслиги, бундай вазиятда уни бобо ва буви қарамоғидан ажратиш салбий оқибатларга олиб келиши, руҳий зарба бўлиши мумкинлигини назарда тутди.

Айни пайтда қонун талабига ҳам қатъий амал қилинди. Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарори талабига кўра, суд болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда вояга етмаганларнинг хоҳиш ва манфаатларига мос келадиган мазмунда ҳал қилув қарорини чиқариши зарур.

Суд масалани ана шу тахлитда ҳал қилар экан, болани у кўз очиб кўрган хонадон, ўзи таниган, билган, меҳр-оқибат улашган инсонлар қарамоғида қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди. Зеро, боланинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва афзал чораси ҳам – шу. Фарзанд боласеварлар хонадонида вояга етмоғи, тарбиявий тадбирларнинг узвий ва бардавомлигидан баҳраманд бўлмоғи даркор.

Суд бу ҳолатларни назарда тутган ҳолда вояга етмаган Ғайрат Отамуродовни унга васий қилиб белгиланган Ў. Камолова, шунингдек, бобоси Ш. Раҳмоновнинг тарбиясида қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди. Бу суднинг ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди. Ота – Р. Отамуродовга эса, ўз фарзанди билан ҳафтанинг муайян кунларида монеликсиз учрашиб туришни сўраб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Афсуски, ҳаётда учрайдиган оилавий нотинчлик ва ота-оналар ўртасидаги низодан кўпинча фарзандлар азият чекади. Бу ҳолатни ўз жонажон оиласини барбод этган ота­оналар, қолаверса, уларни қуршаб турган қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, маҳалла жамоатчилиги қандай изоҳларкан? Фарзандларнинг бахт-иқболи, оила ва турмуш қадри ҳар нарсадан устун. Буни уқмоқ, англамоқ керак. Шундай бир вазиятда ўзларининг тор манфаатларини фарзандларнинг иқбол ва истиқболидан устун санаётган кимсаларнинг хурмача қилиқларига ачинмасликнинг иложи йўқ. Бу ҳолат, ўз навбатида, ота-она, қариндош-уруғ ва маҳалла-кўй низодаги ҳар бир оилани асраб қолиш замирида келажагимиз эгалари — фарзандлар тақдири мужассам эканини ҳеч қачон унутмасликлари керак.

Хушнуд Болтаев,

Хоразм вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

#thegov_button_6804e4feb766b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6804e4feb766b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6804e4feb766b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6804e4feb766b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!