НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУДДА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ ВА ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарори ноқонуний тарзда қабул қилингани боис судгача етиб келди.
Гап шундаки, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 24 октябрдаги 00321-хс-сонли буйруғига асосан “Great Master Building” масъулияти чекланган жамиятига тегишли шаҳобчада 2023 йил 25 октябрдан бошлаб 8 иш куни мобайнида солиқ текшируви ўтказилган.
Текшириш жараёнида корхона рўйхатга олинган юридик манзилда фаолият юритмаётгани аниқланган.
Шу боис тадбиркорнинг фаолияти мавжуд маълумотлар асосида таҳлил қилинган. Жумладан, корхона томонидан 2022 йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим қилинган баланс ҳисоботида 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмлик товар-моддий бойликлари захираси акс эттирилган. Шундан ишлаб чиқариш захираси 11 миллиард 292 миллион 906 минг сўм, тугалланмаган ишлаб чиқариш 1 миллиард 920 миллион 157 минг сўм миқдорида экани кўрсатилган. Лекин корхона масъуллари товар-моддий бойликлари сақланаётган омборлар тўғрисида маълумотни тақдим этмагани сабабли 13 213 063 000 сўмлик товар-моддий бойликлар камомад деб баҳоланган. Бунга жавобан корхона 2023 йил 21 ноябрда солиқ бошқармасига 60-сонли эътироз хатини тақдим этган. Унда корхона камомад дея баҳоланган 13 213 063 000 сўмлик қурилиш материаллари 2023 йилда фойдаланишга топширилган турар-жойлар учун сарфланганини билдирган. Исбот тариқасида Давлат кадастрлар палатаси Қўқон шаҳар филиали томонидан тайёрланган кадастр ҳужжатларини ҳам илова қилган. Бироқ солиқ органи корхонанинг кўчмас мулк ва омборлари ижара шартномаси “E-IJARA” электрон дастурида рўйхатдан ўтмаганини асос қилиб, эътироз хатини инобатга олмаган.
Қолаверса, солиқ хизмати ходимлари Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 13 мартдаги 203-хс-сонли буйруғига асосан корхонада солиқ аудити ҳам ўтказилиб, бошқарманинг 2023 йил 14 июлдаги 99-сонли қарори билан молиявий жарималар қўлланганига эътибор қаратишган. Яъни корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозимлиги важи билан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатда молиявий жарима қўллаш тўғрисида хулосага келинган.
Шундан сўнг Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорига асосан корхонага нисбатан 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмнинг 12 фоизи – 1 миллиард 585 миллион 567 минг сўм миқдорида қўшимча қиймат солиғи ҳисобланган.
Шунингдек, 44 миллиард 738 миллион 702 минг сўмлик умумий солиқ базасининг 20 фоизи – 8 миллиард 947 миллион 740 минг сўм ҳамда Солиқ кодексининг 216 ва 223-моддаларига мувофиқ 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўм камомад миқдорининг 40 фоизи – 5 миллиард 285 миллион 225 минг сўм молиявий жарималар қўлланилган. Кейинчалик солиқ бошқармасининг 2023 йил 23 декабрдаги 20/5-93255-сонли қарорига мувофиқ дастлабки ҳужжатдаги хатолик тузатилиб, корхонага нисбатан 8 миллиард 947 миллион 740 минг сўм молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қисми чиқариб ташланган.
Албатта, бундай ноқонуний ёндошув тадбиркорга катта зарар етказган. Шу боис у Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.
Суд мажлисида ҳақиқатан ҳам, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг юқоридаги қарори қонунга зид равишда қабул қилингани аён бўлди. Аниқланишича, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 14 июлдаги 99-сонли қарори асосида корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозим деб топилган ҳамда унга нисбатан молиявий жарималар қўлланилган.
Аммо Фарғона туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан солиқ бошқармасининг ушбу қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Апелляция инстанцияси 2024 йил 23 январдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Ушбу суд ҳужжатларида солиқ бошқармасининг корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши кераклиги ҳақидаги хулосаси рад этилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 72-моддасига мувофиқ, маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.
Бундан ташқари тадбиркорнинг 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмлик товар-моддий бойликлари турар-жой биноси сифатида корхона балансига қабул қилинган бўлса-да, лекин уларнинг реализация этилмагани ҳолати Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг низоли қарорида исботлаб берилмаган. Шундай экан, бу ҳужжатни қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 63-моддасида “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак” дея қайд этилган.
Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 12-моддасига биноан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. Ана шу асосларга таянган Фарғона туманлараро маъмурий суди Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Элмурод ОРТИҚОВ,
Фарғона туманлараро
маъмурий суди судьяси