ОМОНАТГА ХИЁНАТ: СУД СОХТАКОРЛАРГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ

Ҳаётда баъзан бировнинг мулкига кўз олайтириш, уни талон-торож этиш, шу орқали мўмай даромад топишни кўзлаган нафс бандалари ҳам учраб туради. Бундай кимсалар қонун талабларини ҳам, одамийлик мезонларини ҳам писанд этишмайди.
“Халқ банки” Қўшкўпир тумани филиали раҳбари Даврон Машарипов ва унинг таниши Руслан Раҳимов ҳам нафс измига кириб, ана шундай жиноий режа тузишади. Р. Раҳимов томонидан тақдим қилинган 15 нафар фуқаронинг паспорт нусхалари ва уларга тегишли бошқа зарур ҳужжатлар банк филиали “Чакана хизматлар бўлими” бошлиғи Сирожиддин Бобожонов ва ушбу бўлим бош мутахассиси Расул Матёқубов “ёрдами”да тўловга йўналтирилади. Натижада Д. Қобилова, Н. Раҳимов, А. Шомуродов, М. Рўзимова, Б. Раҳимова, С. Собиров, Б. Жуманиёзов номига 20 миллиондан, А. Сапаева, А. Авазматова, О. Жуманиёзов, Б. Тоиров, Қ. Қобилов, Б. Нуруллаев, С. Сапаева номига 22 миллиондан, Қ. Матвапаеванинг номига 15 миллион — жами 309 миллион сўм миқдорида микрокредит маблағлари ажратилади. Бироқ бу маблағнинг ақалли бир тийини ҳам ўз эгалари қўлига етиб бормайди. Маблағлар Ф. Раҳматуллаеванинг банк пластик карточкасига ўтказилиб, кейинчалик нақд пул шаклида Д. Машарипов ва Р. Раҳимовнинг чўнтагидан жой олади. Ишнинг бу даражада силлиқ кечганидан руҳланган “ҳамкорлар” кейинги гал Р. Назаровнинг номига 17 миллион, Ш. Раҳимов, О. Раҳимов, С. Собиров, А. Шомуродов номига 17 миллион 346 мингдан, Ш. Сапаев, М. Аҳмедова номига 17 миллион 500 минг сўм миқдорида кредит маблағлари расмийлаштиришади. Шундан сўнг 121 миллион 384 минг сўм маиший техника воситаларини сотиб олиш учун “Fayz Gold” ҳамда “Boltiq Dengizi” корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилади. Ушбу маблағ нақдлаштирилиб, ҳамтовоқларнинг шахсий эҳтиёжи учун сарфланади.
Энг қизиғи шундаки, жабрланувчилар “Халқ банки” Қўшкўпир тумани филиалида ўзларининг номига кредит маблағи ажратилгани ва уни кимлар олганини умуман билишмаган. Масалан, А. Сапаева ўз номига 22 миллион сўм миқдорида микроқарз ажратилганидан банк ходими ушбу пулни босқичма-босқич қайтаришни сўраб, хонадонига келгач, хабар топган.
О. Авазматов банк ходими “Мен ҳеч қандай кредит олганим йўқ”, деган иддаосини эшитишни ҳам истамаганини билдирган.
Маълум бўлишича, Р. Раҳимов турли ноқонуний усуллар ёрдамида фуқароларнинг паспорт нусхаларини қўлга киритган ва кредит жилдини шакллантириш учун банкка тақдим қилган. Банк кредити учун талаб қилинадиган бошқа сохта ҳужжатлар Д. Машарипов, С. Бобожонов ва Р. Матёқубов томонидан расмийлаштирилган.
Сохта ҳужжатлар асосида ажратилган кредит маблағлари айрим шахслар ва тадбиркорлик субьектлари шохобчалари орқали нақдлаштирилиб, ҳамтовоқларнинг шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборилган. Судда айбланувчи тариқасида кўрсатма берган Р. Раҳимов сохта кредит маблағларини нақдлаштиришдан келган “даромад”нинг 10 фоизи ўзига теккани, қолган қисмига кимлар эгалик қилганидан бехабар эканини билдирди. У банк филиали раҳбарига 15 минг АҚШ долларини берганини ҳам тан олди.
Суд муҳокамасида талон-торожлик, қалбакилаштириш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этган Р. Раҳимов, Д. Машарипов, Р. Матёқубов, С. Бобожоновнинг айби тўлиқ исботини топди. Биринчи босқич суди Р. Раҳимовга 6 йил-у 1 ой, Д. Машариповга 6 йил-у 6 ой, С. Бобожонов ва Р. Матёқубовга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Судланувчилар муайян муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, С. Бобожоновнинг аппеляция шикояти асосида унга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгартирилди. Етказилган зарар қисман қоплангани сабабли аппеляция инстанцияси С. Бобожоновга нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарди.
Нафсга эрк бериб, бировнинг омонатига хиёнат қилган кимсалар шу тариқа қонуний жазоларини олишди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз. Зеро, қинғирлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Даврон Муродов,
Хоразм вилояти
суди судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист