УЛУҒЛАНГАН ИНСОН ҚАДРИ: НОҲАҚ СУДЛАНГАН ТАДБИРКОР ОҚЛАНДИ

Мингбулоқ туманида яшовчи Анвар Тангиров ҳозир 38 ёшда, ғайрат-шижоатли йигит. У фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларга техника хизмати кўрсатишни йўлга қўйган. Аммо ўтган йил А. Тангировнинг бошига жиддий ташвиш тушди. Аниқроғи, у фирибгарликда айбланиб, жавобгарликка тортилади.
Хўш, А. Тангиров қайси хатти-ҳаракати учун жазога тортилган эди?
У ҳақиқатан ҳам, айбдор эдими?!
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судининг 2022 йил 13 июндаги ҳукмида қайд этилишича, А. Тангиров 2020 йил ноябрь ойида таниши Шукур Ғофуров билан ҳар бир килоси 18 000 сўмдан бўлган 12 500 кило синтетик ип маҳсулотини сотиб олишга келишади. А. Тангиров маҳсулот ҳақи сифатида ўзига тегишли “VOLVO EW-55” русумли экскаваторни 212 500 000 сўмга баҳолаб, унга беради. 2021 йил май ойига қадар Ш. Ғофуров баҳоси 112 379 616 сўмлик 6 243 кило синтетик ип етказиб беради. Бироқ ўртада келишмовчилик юзага келиб, А. Тангиров экскаваторни қайтариб олади. Шундан сўнг Ш. Ғофуров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Оқибатда А. Тангировга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлайди.
Лекин Фарғона вилояти судининг 2022 йил 19 сентябрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилади. Яъни жиноят иши Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” бандидан кодекснинг 229-моддасига қайта квалификация қилинади. Шунга кўра, судланувчига иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.
Бироқ А. Тангиров суд ҳукми ва ажримидан норози бўлиб, Олий судга мурожаат қилади. Чунки у ўзини айбсиз деб биларди. Шу боис Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 январдаги ажрими билан Фарғона вилояти судининг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун Фарғона вилояти судига юборилади. Таъкидлаш лозимки, апелляция суди мажлисида А. Тангировнинг айбсиз экани аён бўлди.
Гап шундаки, Ш. Ғофуров экскаваторни олган-у, аммо 12 500 кило синтетик ипни тўлиқ, ўз вақтида етказиб бермаган. Қолаверса, етказиб берилган маҳсулотнинг ҳам аксарияти сифатсиз бўлиб чиққан. Бу ҳам етмагандек, етказиб берилган бир қисм ип келишилган турдаги маҳсулот бўлмаган. Шунингдек, А. Тангиров экскаваторини таъмирлаб, соз ҳолда берган бўлса-да, Ш. Ғофуров техникани 5 ой давомида ишлатиб фойда кўрган. Бироқ у суд мажлисида берган кўрсатмасида экскаваторнинг носоз экани ва ўз ҳисобидан таъмирлаганини таъкидлаган.
Гарчи экскаватор Ш. Ғофуров фойдаланган пайтда бир неча маротаба ишдан чиққан бўлса-да, ушбу ҳолатни А. Тангировнинг ҳаракатлари билан боғлаб бўлмайди. Чунки у экскаваторни А. Тангировдан соз ҳолатда қабул қилиб олган. Ўз навбатида, техниканинг бузилиши нима билан боғлиқлиги, яъни унинг азалдан носоз бўлгани ёки Ш. Ғофуровнинг ундан нотўғри фойдаланиши оқибатида ишдан чиққанлигига аниқлик киритишнинг имкони мавжуд эмас. Шу сабабли экскаваторни таъмирлашга қилган харажатлар А. Тангировнинг ҳаракатларига бирор-бир алоқаси йўқ.
Бундай вазиятда у техникани таъмирламаслиги ва унинг азалдан носоз бўлганини исботлаган ҳолда ўз эгасига қайтариб бериши мумкин эди. Шу билан бирга, А. Тангиров Ш. Ғофуровнинг 12 500 кило синтетик ип маҳсулотини айтилган муддатда ва келишилган турда етказиб бермагани сабабли экскаваторни қайтариб олган.
Бундан ташқари апелляция инстанциясида гувоҳлик берган экскаватор ҳайдовчиси Э. Валиев 5 ой мобайнида техника соз ҳолатида ишлаган кунлари 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача пул топганини билдирди.
Агар экскаватор А. Тангировнинг ўзида турганида эди, у ҳам шунча миқдорда даромад олиши мумкин бўлган. Бинобарин, у 6 243 кило ипни бой берилган фойдаси эвазига қайтаришдан бош тортган.
Амалдаги қонун талабига кўра, жиноий оқибат – бу жиноий-ҳуқуқий муҳофаза этиладиган, ижтимоий-муносабат объектлари элементларига ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши натижасида етказилган салбий сифат ва миқдор ўзгаришларида ифодаланган зарардир.
Қилмиш ва жиноий оқибат ўртасидаги сабабий боғлиқлик – вужудга келган жиноий оқибатларнинг содир этилган муайян ижтимоий хавфли қилмиш билан бевосита узвийлигида акс этадиган объектив қонуниятнинг намоён бўлиши ҳисобланади. Шу маънода айтганда, дастлабки тергов органи ва суд иш ҳолатларига бир томонлама баҳо бериб, жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти, жиноят усули, шунингдек, рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш исботланган бўлиши кераклиги ҳақидаги қонун талабларига риоя қилинмаган. Қолаверса, жабрланувчига етказилган гўёки жиноий оқибат сифатида талқин қилинаётган зарарни келиб чиқиш сабаблари ва хусусиятларига ҳам баҳо берилмаган. Тилга олинган низонинг эркин фуқаролик муносабатлар асосида тузилган шартноманинг (маҳсулот етказиб бериш шартномаси) тарафлар томонидан бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани оқибатида келиб чиққани, шу боис айни масала фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ҳолда ҳал этилиши лозимлигига эътибор қаратмаган. Энг муҳими, А. Тангиров етказиб бериладиган ип маҳсулотини аввалдан фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш ёки уларнинг ҳақини тўламаслик мақсадини кўзламаган, яъни Ш. Ғофуров билан айнан шундай мақсадда келишув тузмаган.
Яна бир мулоҳаза шундан иборатки, дастлабки тергов органи иш ҳолатларини А. Тангировнинг ҳаракатларига нисбатан зид равишда талқин қилиб, синчковлик билан ўрганиб чиқмаган. Бу А. Тангировнинг ноқонуний равишда айбланганини кўрсатади. Биринчи инстанция суди ҳам дастлабки тергов органи томонидан тақдим қилинган, ишнинг ҳақиқий ҳолатларига номувофиқ бўлган айблов хулосаси билан келишиб, айбланувчининг ҳаракатларига атрофлича баҳо бермаган. Пировардида А. Тангировни фирибгарлик жиноятини содир этганликда айблаб, барвақт тўхтамга келган. Бундай ҳолатда суд ҳукмини қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.
Ушбу кодекснинг 497-19-моддасига мувофиқ суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилгани, суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлади. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судининг 2022 йил 13 июндаги ҳукмини бекор қилган ҳолда А. Тангировни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шуни эътироф этиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самараси ўлароқ, судлар томонидан оқлов ҳукмлари ва ажримларини чиқариш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Натижада судланувчилар ноҳақ айбловдан халос бўлишяпти. Зеро, бу инсон қадрини улуғлаш, унга бўлган эътиборнинг энг ёрқин намунасидир.
Фаррух АБДУРАИМОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси