XИЁНАТ ЖАМОАТ МУЛКИНИ ЎЗЛАШТИРИШ АСНОСИДА НАМОЁН БЎЛДИ

Аввало шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 августдаги «2019-2022 йилларда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 8-бандига кўра, қадимий шаҳарнинг «Ангарик», «Қиблатоза-боғ», «Шихлар» ва «Лолазор» маҳаллалари табиий газ тармоғига қайта уланди. Натижада бир неча ўн минг киши истиқомат қилувчи ушбу ҳудуд суюлтирилган табиий газ билан узлуксиз таъминланди. Албатта, бундай қулайликдан маҳалла аҳлининг боши осмонга етди.

Аммо аҳоли бу қулайликдан баҳраманд бўлиб, турмушига файз кирган чоғ «Ҳудудгаз Хоразм» масъу­лия­ти чекланган жамиятининг Хива тумани филиали ходимлари ўзларига антиқа юмуш топишди.

Айниқса, масъулияти чекланган жамиятининг туман филиали табиий газ баллонлари ҳисобини юритувчи техник ходими Садоқат Эрназарова ва суюлтирилган газ бўлими етакчи муҳандиси Давронбек Ҳалимов ҳаммадан кўпроқ «жонбозлик» кўрсатишди. Улар ўзларига дахли бўл­маган ишларга ҳам боши билан шўнғиди. Бу жараёнда юқо­рида номи қайд этилган маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига муқаддам тар­қатилган 1 429 дона маиший газ баллонлари йиғиб олинди.

Албатта, бундай тадбирларнинг амалга оширишнинг ўзи­га хос тартиб-таомиллари бор. Яъни аҳоли ижара асосида фойдаланиб келган газ баллонлари қайтариб олингач, албатта, ҳужжат асосида ҳисобхонага кирим қи­линиши ва идора омборига топширилиши керак эди. Таассуфки, икки ҳамкасб бу қои­дага амал қи­лишмади. Кейинчалик расмийлаштирилган ҳужжатларга қа­раганда, аҳо­лидан йиғиб олинган 1 429 дона газ баллонининг 978 таси филиал омборигача етиб келмаган, аниқроғи, ўз­лаштириш йўли билан талон-торож этилган. Амалга оширилган тафтиш-текширишлар асносида идора омборига топширилмаган ва ҳар бирининг нархи 242 500 сўм­ни ташкил этган 451 дона газ баллонини С. Эрназарова рўйхат асосида тумандаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатгани аниқланди. Бу баллонларнинг умумий нархи 109,5 миллион сўмни ташкил этади. Қолган 978 та баллоннинг «тақдири» бозорда ҳал бўлган. Жами 237,1 миллион сўмлик баллонлар Ҳазорасп буюм бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи У. Отажанов ҳамда шахси аниқланмаган бошқа фуқароларга сотиб юборилган. Ундан келиб тушган маблағ С. Эрназарованинг чўн­тагидан жой олган. Филиал мулки бўлган 1 535 та газ баллони ҳужжатлари ном-нишонсиз йўқолган. Бироқ ҳужжатларда қайд этилишича, камомад шунинг ўзидан иборат эмас.

Тафтиш жараёнида аниқланишича, 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг май ойигача С. Эрназарованинг ихтиёрида 26 936 дона газ баллонлари мавжуд бўл­ган. Демак, бундан кўринадики, юқори турувчи ташкилотга топширилган ҳисоботларнинг аксарияти сохта бўлган.

Табиий газ босимини меъёрловчи ускуналар учун масъул­ Д. Ҳалимовнинг хатти-ҳаракати ҳам жамоага анча зиён келтирди. Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, у ҳам С. Эрназарова каби ҳисботларни қалбакилаштирган.

Аниқроқ айтганда, у 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2020 йилнинг май ойигача ўз ихтиё­рида 58,3 миллион сўм­лик жиҳоз ва ускуналар мавжудлиги юзасидан ҳисобот юритиб келган. Камомад айнан шу тарзда эл кўзидан яширилган. Бундан ташқари у С. Эрназарова билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда филиал тасарруфидаги газ баллонларини но­қонуний сотиб, мўмай даромад орттирган. Айни пайтда 30,4 миллион сўмлик суюлтирилган табиий газ қолдиғини ҳам ҳисоботлардан яширган.

Тумандаги 20 та маҳалла аҳо­лисидан суюлтирилган табиий газ учун 4,8 миллион сўм миқдорида пул йиғиб олган бўл­са-да, таъминот борасидаги мажбуриятини бажармаган. Пулни ўз эҳтиёжига сарф­лаб юборган. Тергов органи С. Эрназарова томонидан содир этилган қонунбузарлик ҳаракатини Жиноят кодексининг талон-торожликка оид 167-моддаси 3-қисми “а” банди, ҳужжатларни қалбакилаштиришга тааллуқли 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” банд­лари, Д. Ҳалимовнинг қилмишини эса, 167-модданинг 2-қисми “г”, ушбу модданинг 3-қисми “а” банди, 228-модданинг 2-қисми “а”, “б” бандлари, шунингдек, мансаб сохтакорлигига доир 209-моддаси 2-қис­ми “а” банди бўйича малакалади.

Қонунчиликка мувофиқ, даъво қандай тарзда қўйилмасин, ҳаққоний ва аниқ далилларга асосланиши талаб этилади. Юқорида баён этилган қонунбузарлик мазмун-моҳияти анча жиддий, қў­йил­ган айб бирмунча оғир эканини кўр­сатади.

Суд мажлиси жараёнида масаланинг бу жиҳати синчиклаб ўрганилганда жамоанинг катта миқдордаги мулки ўз­лаштириш йўли билан талон-торож этилгани маълум бўлди.

Суд айбланувчи С. Эрназарованинг қилмиши тергов ор­гани томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қис­ми “а” банди билан тўғ­ри малакаланганини эъ­ти­роф эт­ди. Бироқ ушбу ко­декс­нинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари бў­йи­ча эъ­лон қилинган айбни асоссиз деб топди.

Чунки уш­бу модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандларида такроран ва хавфли рецидивист ҳам­да бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир қи­линган қонунбузарлик ҳолатлари назарда тутилган. С. Эрназарованинг қилмишида эса, бундай жиноят аломатлари йўқ. Шунинг учун суд ушбу айбловни унинг зиммасидан соқит этиш лозим, деган хулосага келди.

Д. Ҳалимовга қўйилган айб ҳам анча жиддий. Судда исботини топган ҳолатларга қараганда, унинг 237,2 миллион сўмлик газ баллонларини С. Эрназарова билан ўзаро келишган ҳолда талон-торож этганини тасдиқловчи далиллар етарли эмас. Қолаверса, унинг эгаллаган вазифасига кўра, мансабдор шахс ҳисобланиши ҳақидаги даъво ҳам асосли эмас. Унга жамоанинг 9,9 миллион сўмлик мулкини ўзлаштириш юзасидан Жи­ноят­ кодексининг 167-моддаси 3-қисмига мувофиқ эълон қилинган айб ҳам нотўғри малакаланган.

Ўзгаларнинг 30,4 миллион сўмлик мол-мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш бўйича эълон қилинган айб далил-исботларга эмас, балки тахмин ва шубҳа-гумонларга асосланган. Аҳолидан йиғиб олинган ва истеъмолчиларга етказиб берилмаган 4,8 миллион (қонунга кўра, бу оз микдорни ташкил этади) сўмлик суюлтирилган табиий газ учун жавобгарликни жиноий эмас, балки маъмурий тарзда кўриб чиқиш зарур.

Шу муносабат билан суд Д. Ҳалимовни Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича айблашга қаратилган даъвони ўзгартирди. Айб ушбу кодекснинг 228-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди. Кодекснинг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари бўйича қўйилган айблов қилмиш содир этилмагани сабабли бекор қилинди. Судланувчи ушбу модда бўйича ҳам оқланди. Таассуфки, айб­ланувчининг баъзи қилмишлари рецидив жиноятлар содир этилганидан далолат беради. Қайд қилинишича, Д. Ҳалимов илгари ҳам айнан шундай жиноий қилмишга қўл урган. Хусусан, 2018 йил Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қис­ми “а” банди, 228-моддаси 1-қис­ми бў­йича жиноий жазога тортилган. Фақат у тайинланган жазодан 2019 йили муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Шундай бўлса-да, қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, тузалиш йўлига кирмаган. Айнан шундай қилмишга такроран қўл урган. 2020 йил 8 июндаги текшириш далолатномасига кўра, у бу галги жиноий қилмишни қасддан содир этган. Яъни 9,9 миллион сўмлик мол-мулкни талон-торож қилган, 791 та газ босимини меъёрловчи ускуналарни ўзлаштирган. Қонун айнан шу хилда қасддан ва такроран содир қи­линган жиноий қилмишларни рецидив жиноят сифатида баҳолайди. Суд бу ҳолатларни назарда тутар экан, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандига би­ноан қўйилган айбни унинг зиммасидан соқит қилди. Қилмиш ушбу модданинг рецидив жиноятларни назарда тутувчи 2-қисми “б” банди асосида баҳоланди. Айни пайтда Д. Ҳалимовни мансабдор шахс сифатида эътироф этиш ҳақидаги масалага ҳам ойдинлик киритилди.

Жиноят қодексининг 8-бўлимида қайд этилишича, ҳокимият вакили ёки ташкилий бошқарув, маъмурий хўжалик ваколатлари ёхуд юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширишга ҳақ­ли бўлган шахсларгина мансабдор шахс ҳисобланади. Д. Ҳалимовнинг зиммасига бундай ваколатлар юклатилмаган, бу ҳолат унинг хизмат вазифасига оид йўриқномада ҳам қайд қилинмаган. Шу боис уни мансабдор шахс сифатида эътироф этиб бўл­майди. Суд қонуннинг ушбу талабига риоя қилди. Айбланувчини мансабдор шахс сифатида эътироф этиш ҳақи­даги даъво жиноят ишидан чиқарилди. Шунингдек, суд ҳар икки судланувчининг қилмишида қалбакилаштиришга доир такрорий қонунбузарлик ҳаракати мавжуд эмас, деган хулосага келди.

Суд мажлиси жараёнида С. Эрназарова айбига тўлиқ, Д. Ҳалимов қисман иқрорлик билдирди.

Фуқаровий даъвогар — «Хива тумангаз» филиали раҳбари К. Абдуллаев судда кўрсатма берар экан, ўтказилган текширишда чиндан ҳам, камомад аниқлангани, суюлтирилган газ баллонлари учун моддий жавобгарлик С. Эрназарованинг зиммасига юклатилгани, 1 535 та ускунага оид ҳужжатларни топишнинг иложи бўлмагани, бу ножоизликни аҳоли хонадонларига бориб суриштирув ўтказиш йўли билан бартараф этиш мумкинлигини таъкидлади. Етказилган 237,2 миллион сўмлик камомад С. Эрназарова, табиий газ босимини меъёрловчи 791 та редукторни талон-торож қилиш оқибатида юзага келган 9,9 миллион сўмлик зиён Д. Ҳалимов томонидан қоплагани, шу муносабат билан ҳар икки айбланувчига нисбатан даъвоси йўқ эканини маълум қилди. Судда иштирок этган ўн нафардан зиёд гувоҳлар эса, тумангаз филиалида юз берган жиноий киридкорнинг содир бўлиш сабаб ва тафсилотларини очиқ-ойдин баён этишди. Бу ҳолатларнинг бари ишни холис ва адолатли кўраб чиқиш, судланувчиларга нисбатан қонуний жазо тайинлашга асос бўлди.

Бинобарин, ҳар икки судланувчининг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, бунинг устига фуқаровий даъвогарнинг даъвоси йўқ экани енгилроқ жазо тайинлашга асос бўлди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи С. Эрназаровага 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдор ва моддий жавобгарликка оид вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Айб­ланувчи Давронбек Ҳалимов 1 йил-у 6 ой мобайнида мансаб ва моддий жавобгарликка дахлдор вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қи­линди ва яна шунча муддатга ахлоқ ту­затиш ишлари жазоси тайинланди. Ўзганинг 4,8 миллион сўмлик мул­кини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш юзасидан қўзғатилган даъвони маъмурий тартибда кўриб чиқиш масаласи ҳам ҳал этилди. Яъни гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш масаласи Хива тумани прокуратурасига эътиборига ҳавола қилинди.

Ҳақ жойида қарор топди. Жамоат мулкига хиёнат қилганларга қонуний жазо тайинланди. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Гап шундаки, баён этилган ушбу воқеа кўпчилик, биринчи галда ушбу корхона мутасаддилари кўз ўнгида илдиз отгани ва бўй кўрсатганини ҳеч ким инкор этолмайди. Аслида қалби пок, соф виждонли, иймон-эътиқодли одамлар ён-верида ниш урган нопокликка бефарқ ва лоқайд қарашмайди. Шу боис содир этилган жиноий қилмишларни «кўр­май, билмай, пайқамай» қолган «ёшулли»ларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Демак, бундан тегишли хулоса чиқариш зарур.

 

 

Муродбек ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: