Бугун биз аёлларга қаратилаётган эътиборни ҳар нафасимизда ҳис қилиб келаяп­миз. Буни жамиятимиз ҳаё­тининг барча жабҳаларида, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими, ҳуқуқ-тартибот, саноат ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва алоқа соҳаларида самарали фаолият юритаётган фидойи аёллар тимсолида кўриш мумкин.

Зукко қизларимиз, фозила аёлларимиз эса, илм-фан, санъат, маданият ва спортда юқори марраларни забт этишаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Шу йил 1 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда 7 март куни қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Сўнгги йилларда аёлларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Биргина 2021 йилда «Аёллар дафтари»га киритилган 900 минг нафарга яқин хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, уларга моддий ёр­дам кўрсатиш, имтиёзли кредитлар аж­ратиш борасида муайян тажриба тўпланди. Юридик маслаҳатга муҳтож 74 минг нафардан ортиқ аёлга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бу борадаги ислоҳотларнинг самараси шундаки, нафақат соҳа ва тармоқлар, балки аҳолининг барча қатламлари билан алоҳида ишлаш амалиёти йўлга қўйилган. Ёшлар, нуронийлар ва албатта, хотин-қизлар муаммолари билан иш олиб борувчи давлат ва жамоат ташкилотларининг фаолияти тобора такомиллаштирилмоқда. Хусусан, бу борадаги устувор мақсадлар ижросини тизимли тарзда, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармонда хотин-қизлар учун яратилаётган янги имтиёз ва шароитлар белгиланди. Шу асосда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш, саломатлигини тиклаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, ҳар қайси ўзбек аёли ҳеч кимдан кам бўлмаслик учун таълим олиш, ўзи ёқтирган соҳанинг етук мутахассиси бўлиш орзуси билан яшайди. Лекин ҳар кимнинг ҳам олий таълим олишга қурби етмаслигини тан олиш лозим. Давлатимиз раҳбари шундай хотин-қизларга оталарча меҳр кўрсатиб, жудаям яхши имкониятлар бериш ташаббусини илгари сурди. Эндиликда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Янги ўқув йилидан таълим контракт­ларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратиш жорий қилинади.

Бундай имкониятлардан хабар топган мактаб ҳамда лицейларни битирувчи ёш қизларимизнинг кўзлари қувонч ва шодликка тўлиб, уларда Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга бўл­ган ишонч туйғулари ортмоқда.

Жамиятимизда олималар улушини сезиларли ошириш учун келгуси ўқув йилидан магистратурада ўқиётган қизларнинг шартнома пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади.

Шуни эътироф этиш жоизки, билимга чанқоқ, илм олиб, тинимсиз ўз устида ишлаб, олган маънавий бойликлари ва тажрибасини келгуси авлодларга бериш истагида бўлган хотин-қизларимиз учун берилган бундай рағбат ривожланган чет давлатларида ҳам мавжуд эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун айни пайтда аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий таълим муассасаларида хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилиши белгиланди. Бунинг учун ҳар йили хотин-қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади.

Бу эса, мазкур соҳа ва тармоқларда гендер тенглиги таъминланиши, аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва билими ошиши, хотин-қизларимиз тараққиётнинг барча жабҳаларида ўз ҳиссаларини қўшишига хизмат қилади.

Афсуски, алимент ундириш масаласи ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда аёлларни қийнаб турган долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Фарзандларининг таъминоти учун қарздорлардан алимент ундириш белгиланса-да, унинг ижросини таъминлаш даражаси пастлигича қолмоқда.

Шу сабабли Президентимиз томонидан мазкур муаммога фундаментал ечим сифатида энди алимент тў­лов­ларини кафолатли таъминлаш бў­йича мутлақо янги тизим жорий қилиниши ташаббуси эълон қилинди.

2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюросида «Алимент тўловлари» жам­ғармаси ташкил этилади ва унга даст­лаб 50 миллиард сўм йўналтирилади. Мазкур маблағ уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тў­лашга ажратилади ва кейинчалик Бюро томонидан ундириб олинади.

Алимент мажбуриятларини бажармаётган шахсларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади. Қўшимча чоралар қўллаш масалалари қонунчиликка киритилади.

Бундан ташқари Фармонда ва ўтказилган видеоселектор йиғилишида аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин ундан кейинги тизим бўшлиқ бўлиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Шу боис келгусида аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши суд томонидан таъминланади. Бунда алоҳида ҳимояга олиш муддати бир йилгача узайтирилади. Буларнинг барчаси жамиятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланаётганидан далолатдир.

Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти аввало инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан юксак эътиборга молик.

Эндиликда шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва қадрини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президент Фармонида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши муҳим аҳамиятга эга.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартда қабул қилинган «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам айни мақсад ижобатига қаратилган.

Қарорда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий ёрдам кўр­сатишнинг аниқ механизми белгилаб берилган.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимликларида «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Эътиборлиси шундаки, мазкур жам­ғарма маблағлари бошқа йўналишлар билан бир қаторда дафтарга киритилган хотин-қизларнинг муаммоларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва фуқаролик паспортини олиш, судга даъво аризаси киритгани учун ундириладиган давлат божи тўловлари ва бошқа харажатларни сектор раҳбари хулосасига асосан тўлаб беришга йўналтирилади.

Бу, ўз навбатида, аёлларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан боғлиқ асосий муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишга, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлашга, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Юртимиз хотин-қизлари учун яратилаётган бундай улкан имкониятлар, қулай шароитларни мўътабар оналаримиз ва опа-сингилларимиз катта мамнуният, эртанги кунга ишонч, шукроналик билан қабул қилмоқда.

Давлатимиз ва жамиятимизнинг аёлларга бўлган юксак ҳамда изчил эътибори хотин-қизлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланишимиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланишимиз, билдирилаётган ишончни оқлаш биз — аёлларнинг вазифамиз ва бурчимиздир.

 

Робахон Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раисининг

биринчи ўринбосари

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: