МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ АСОС

Адолатли суд ҳокимияти бўл­ган жойда қонун ва адолат тамо­йиллари устувор бўлади. Бу мақсад йўлида, энг аввало, суд ҳокимияти мустақиллиги, суд жараёни иштирокчиларининг тенг ҳу­қуқлилигини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш соҳадаги ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов муҳим ўрин тутиши эътиборга олинди.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Қо­нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари» доирасида суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришга аоҳида аҳа­мият­ берилмоқда.

Жумладан, соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қи­лиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ор­тиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилиш даражасини ошириш, одил судловдан фойдаланиш имко­ният­ларини кенгайтириш, суд тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ислоҳотлар, ташкилий-ҳуқуқий, тузилмавий, институционал ўзгартиришлар амалга оширилди.

Бу борадаги ижобий ўзгаришлар БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги ма­саласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан ҳам эътироф этилди.

Суд тизимида амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда ҳам мамлакатимиз нуфузига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Яқинда «Мерос» халқаро жам­ғармаси тадқиқот маркази томонидан «Иқтисодий эр­­кинлик индекси-2021» ҳисоботи эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 186 та мамлакат орасида 58,3 балл билан 108-ўринни эгаллади.

Сўнг­ги ҳи­соботга кўра, мамлакат рейтинги 1,1 баллга яхшиланиб, 6 поғонага кўтарилган. Шу билан бирга, охирги тўрт йилда Ўзбекистон 44 та ўрин (152-ўриндан 108-ўринга) юқорилади.

Эътиборлиси, ушбу рей­тинг­­да мамлакатимизнинг ўр­ни асосан суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган. Ушбу кўрсаткич энг юқо­ри бўлган 16,6 балл­га кўтарилди.

Бундай натижаларга эришишда, албатта, соҳада амалга оширилган тарихий ислоҳотлар ҳамда қабул қилинган қонунлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритганда, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғ­рисида»ги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилганига эътибор қаратиш лозим. Мазкур қонун «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди. «Судлар тўғрисида»ги қонун 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қа­бул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи қо­нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳам­да фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Реал ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва илғор халқаро­ стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий суд қонунчилигини шакллантирмасдан туриб, ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди.

Бунда «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг амалда бўлган таҳририга 2001 йилдан бошлаб 19 марта концептуал ўзгартиришлар киритилди. Шунга қарамай, ушбу қонунда суд тизимидаги ислоҳотлар, чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларга, замонавий талабларга жавоб бермай қолган эди.

Шу сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг мантиқий давоми сифатида ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолия­тини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга до­ир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги «Судлар тўғ­рисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

«Судлар тўғрисида»ги қо­нуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинди, Сенат томонидан 26 июнда маъқулланди ҳамда 2021 йил 28 июлда Президентимиз томонидан имзоланди.

Янги қонуннинг асосий маз­­мун-моҳияти қуйидагиларга қаратилган:

Биринчидан, суд тизимида амалга оширилган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар қо­нунда акс эттирилди. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ягона судга бирлаштирилгани ва маъмурий судлар тизимидаги ўзгаришларга оид нормалар назарда тутилди.

Иккинчидан, одил судловнинг асосий принциплари қайта кўриб чиқилди. Яъни қо­нунийлик, одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи каби янги асосий принциплар билан тўлдирилиб, амалдагиларига таҳририй ўзгартишлар киритилди.

Учинчидан, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қай­та кўриш тартиби илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилди. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши муносабати билан Олий суд Пленуми, Раёсати, барча судларнинг ваколатлари, таркибларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқлаштирилди.

Тўртинчидан, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Судьяларнинг ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Уларнинг мажбуриятлари «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига мувофиқлаштирилди.

Бешинчидан, судьялик лавозимига номзодлар ва судьялик лавозимига тайинланадиган, сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар дои­раси белгиланиб, иш стажлари бўйича талаблар қайта кў­риб чиқилди.

Олтинчидан, судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби такомиллаштирилди.

Еттинчидан, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби унинг ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборга олган ҳолда қай­та кўриб чиқилиб, унинг мақомига мослаштирилди. Бунда судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши назарда тутилди. Судьяларга нисбатан қўлланиладиган интизомий чоралар тури кенгайтирилди. Судья­ларга интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.

Саккизинчидан, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилди. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш асослари кенгайтирилиб, судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёки судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иш­тирок этаётган тақдирда судьянинг ваколатлари тўхтатилиши белгиланди.

Тўққизинчидан, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қи­лиш чоралари кучайтирилди.

Шунингдек, илк бор «Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «Судья­ларнинг малака даражалари тўғрисида»ги ва «Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомлар қонун билан тасдиқланди.

Шундай қилиб, «Судлар тўғ­­рисида»ги қонуннинг ян­ги­ таҳрирда қабул қилиниши:

– суд-ҳуқуқ соҳасида сўнг­ги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни қонун билан мус­таҳкамлашга;

– судьяларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга қа­­ратилган кафолатларни янада кучайтириш, судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга;

– фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, бунга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга;

– одил судловга оид ҳу­қуқий нормаларни халқаро стандарт­ларга мослаштириш, бу борадаги халқаро ҳужжатлар нормаларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига;

– суд ҳокимияти билан боғлиқ масалаларни меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиш амалиётини бекор қи­лишга, одил судлов самарадорлигини оширишга;

– суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал­қаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари қонунда БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузасида берилган тавсиялари инобатга олинган ҳолда муайян нормалар баён этилди. Бу ҳам мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятлари бажарилишига қў­шилган ҳиссадир.

 

Робахон Маҳмудова,

Олий суд раисининг

биринчи ўринбосари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: