ҲУҚУҚИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН

Халқаро қонунчилик фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш кафолатининг кенг дои­расини кўзда тутади. Масалан, Инсон ҳуқуқлари умужаҳон декларациясининг 21-моддаси 3-бандида халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозимлиги белгиланган. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш соҳасидаги халқаро принцип ва стандартларни тан олади ва шунга мувофиқ уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштиради.

Жумладан, умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тарзда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлаш ҳуқуқи Конституция, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ва кафолатланган.

Конституцияга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш вақтида давлат органлари, мансабдор ва бошқа шахслар томонидан бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Бир тарафдан, юридик жавобгарлик қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни сайлов жараёнининг барча субъектлари томонидан бажарилишини кафолатлайди, бошқа тарафдан, тегишли ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан давлат мажбурловининг қўлланилишини таъминлайди.

Айни пайтда Ўзбекистонда сайлов ва референдумни ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, қуйидаги хатти-ҳаракатлар жавобгарликка тортиш учун асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик;

номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш;

сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;

номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш;

сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки шикаст етказиш;

сайлов ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш;

жамоатчилик фикрини ўрганиш бў­йича сўровномалар натижаларини, сайлов ёки референдум натижаларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш.

Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг иккита моддасида жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган:

овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоб­лаш кўринишидаги сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш;

фуқароларнинг сайлаш ёки сайланиш ҳуқуқларини, ишончли вакилларнинг ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш.

Сайлов комиссияларининг мус­тақиллиги сайловнинг қонунийлик, адолат ва барча иштирокчиларга тенг шароитларни тақдим этиш принцип­лари асосида ташкил қилинишида жуда муҳим. Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссия­ларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишининг зарурати шу билан изоҳланади. Мазкур принцип­ларга амал қилмаслик сайловнинг демократик моҳиятига жиддий зарар етказиши мумкин.

Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни кўриб чиқар эканмиз, шуни қайд этиб ўтиш лозимки, Сайлов кодексида номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг тегишли сайлов комиссия­ларининг йиғилиш­ларида қатнашиш, овозларни ҳисоблаш, ҳудуд сайлов комиссияси баённомаси билан танишиш каби ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган.

Сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда партиялараро соғлом рақобатни яратиш муҳим аҳамиятга эга. Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи асоссиз ва ёлғон хабар, маълумотларни тарқатиш ман этилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон қонунчилигида номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровномалар натижаларини, сайлов натижаларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бош­қа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш), жумладан, уларни ахборот тармоқлари, шунингдек, Интернет тармоғига жойлаш ман этилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Сайлов кодекси қабул қилиниши билан сайловни тенглик ва очиқлик принциплари асосида ташкил қилиш учун халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига жавоб берувчи шароитлар яратилди. Сайлов қонунчилигининг бузилиши учун ҳуқуқий жавобгарлик чораларининг белгиланиши эса мазкур сайловларнинг Конституция, Сайлов кодекси ва сайлов ҳуқуқи соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтишига хизмат қилади.

Жаҳонгир ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси

(“Postda” газетаси,
2019 йил 18 декабрь)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: