ҲАҚИҚАТНИ АНИҚЛАШДА ГУВОҲ КЎРСАТМАЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ

Юртимизда кейинги беш йилликда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари одил судлов тизимини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йилларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилди. Президентимиз фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлик­ларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунинг­дек, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини қайд этиб ўтганликлари алоҳида эътиборга молик. 

Таъкидлаш жоизки, жиноят-процессуал нуқтаи назардан одил судловга эришишнинг муҳим бўғинларидан бири, албатта, жиноят процессининг ҳақиқатни аниқлаш принципига оғишмасдан амал қилишдир. Содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш бўйича ҳақиқатни аниқлаш жиноят процессининг муҳим принципларидан бири сифатида қонунийликни таъминлаш, жавобгарликнинг муқаррарлиги, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги каби муҳим вазифаларнинг самарали бажарилишига хизмат қилади.

Жиноят процессида ҳақиқатни аниқлаш принципининг таъминланиши, албатта, бир қатор омилларга боғлиқ. Улардан бири ҳақиқатни аниқлашда ҳал қилувчи ўринга эга бўлган гувоҳ кўрсатмалари эканлигини қайд этиб ўтиш лозим.

Жиноят процессида гувоҳ деб жиноят иши бўйича аниқланиши лозим бўлган ҳолатни билиши мумкин бўлган ҳар қандай шахсга айтилади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса гувоҳ сўзи бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни ўз кўзи билан кўрган ёки уларнинг ҳақиқатдан ҳам бўлганлигини тасдиқлаш учун шу иш бўлган жойга махсус чақирилган кишига нисбатан ишлатилган. Мазкур тушунчалар ўз моҳиятига кўра жиноят процессида гувоҳ кўрсатувларининг ҳақиқатни аниқлашдаги ўрни ва аҳамиятини намоён қилади.

Юқорида таъкидланган масалалар жиноят процессида ҳақиқатни аниқлашда содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш бўйича гувоҳларни аниқлаш, улардан кўрсатувлар олиш, олинган кўрсатмаларнинг иш ҳолатларига мувофиқлигини текшириш, гувоҳнинг ҳақиқатга мувофиқ кўрсатмаларини аслича сақлаш, унинг турли сабабларга кўра ўзгартирилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш тергов ва суд органлари олдида турган муҳим вазифалардан эканлигини намоён қилиб турибди.

Бугунги кунда тергов ва суд амалиётини тадқиқ қилаётган олим ва мутахассислар жиноят процессида гувоҳ кўрсатмаларидан самарали фойдаланишда бир қатор муаммолар кузатилаётганлигини қайд этишмоқда. Жумладан, гувоҳларнинг ўз вақтида сўроқ қилинмаслиги, вақтнинг ўтиши жиноятдан қолган изларга бевосита таъсир кўрсатиши, гувоҳларнинг эсида қолган ҳодисаларнинг ёддан чиқиши, жиноятчининг яшириниши, барча хатти-ҳаракатларни ниқоблаши ёхуд жабр­ланувчи ва гувоҳларга таъсир кўрсатиб, уларнинг берган кўрсатувларидан бош тортишга мажбур қилиниши, шунингдек, гувоҳ ва жабрланувчиларни ҳақиқатга зид кўрсатмалар беришга кўндириш жиноят иши бўйи­­ча ҳақиқатни аниқлашда тўсқинлик­ларни келтириб чиқаради.

Жиноят ишини тергов қилиш давомида терговчи кўп ҳолатларда айнан гувоҳ томонидан терговга қаршилик кўрсатиш, жумладан, қасддан ёлғон кўрсатмалар бериш, гувоҳлик беришдан бош тортиш, гувоҳ сифатида ишга жалб қилинишига қаршилик қилиш каби ҳолатларга дуч келиши мумкин. Бундан ташқари жиноятчилар кўпинча гувоҳлар ва жабрланувчиларга, уларнинг қариндошларига психологик таъсир кўрсатади, бу эса тергов жараёнини сезиларли даражада мураккаблаштиради.

Жиноят процессида ҳақиқатни аниқлашда гувоҳ кўрсатмаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда, бизнингча, дастлабки тергов ва суд босқичларида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, жиноят ишини дастлабки тергов ва суд босқичларида юритишда жиноят ишига гувоҳ сифатида жалб қилинган шахсга оид маълумотларни батафсил аниқлаштириш зарур. Тергов ва суд амалиётида фақат гувоҳнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш ва иш жойи каби умумий маълумотлар аниқланади. Бизнингча, гувоҳнинг жиноят ишидан қай даражада хабардорлиги, унинг психологияси, зеҳни, хотираси, эслаб қолиш имконияти, идроки каби қўшимча маълумотлар ҳам алоҳида суҳбат асосида аниқлаштирилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, жиноят-процессуал қонунчилигида қайд этилган гувоҳнинг адвокати институтининг дастлабки тергов ва суд амалиётида кенг­роқ қўлланилишига эришиш лозим. Бу, ўз навбатида, дастлабки тергов ва суд жараёнларида гувоҳнинг ўзини эркин тутиши, жиноятчи шахс ёхуд бошқа манфаатдор шахс­лар томонидан у ёки бу даражада таз­йиққа учраши мумкинлиги каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бироқ, бугунги кунда тергов ва суд амалиётида гувоҳ адвокати институти бир қатор сабаб­ларга кўра кам қўлланилмоқда, хусусан, гувоҳнинг адвокат ҳуқуқий хизматидан фойдаланиши моддий харажатлар талаб қилиши, гувоҳнинг адвокат хизматидан фойдаланишининг афзаллик­лари тўғрисида етарли тушунчаларга эга эмаслиги шулар жумласидандир. Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги 137-сонли “Адвокатлар томонидан давлат хисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тегишли қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.

Мазкур қарорга мувофиқ давлат томонидан юридик ёрдам кўрсатилувчи шахс­лар сифатида гумон қилинувчи, айб­ланувчи ва судланувчилар назарда тутилган. Гувоҳ ва жабрланувчиларнинг адвокат ҳуқуқий ёрдамидан фойдаланиш­лари эса, уларнинг адвокат билан юридик ёрдам тўғрисида шартнома тузишларини ва муайян тўловларни амалга оширишларини тақозо қилади. Бу эса, гувоҳ ва жабрланувчилар томонидан адвокат хизматидан фойдаланишларида муайян қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, қайд этиб ўтилган Вазирлар Маҳкамаси қарорига адвокатлар томонидан гувоҳ ва жабрланувчиларга ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишини киритиш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2017 йилнинг 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг 5-банди 4-қисмида қайд этилган “…ҳимоячи жиноят иши бўйича далилларни тўп­лаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар жиноят ишига қўшиб қўйилиши, текширилиши ва баҳоланиши шартлиги” масаласини тергов ва суд амалиётида қўлланилишида адвокат томонидан жиноят иши бўйи­­ча тақдим қилинган ҳар бир далил юзасидан дастлабки тергов ва суд органларида ёзма шаклда муносабат билдирилиши тартибини амалиётга киритиши лозим.

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, жиноят процессида ҳақиқатни аниқлаш принципининг таъминланишида гувоҳнинг кўрсатмалари муҳим ўрин тутади. Гувоҳ кўрсатмаларини олиш, расмийлаштириш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий ҳимоя қилишда эса қайд этиб ўтилган масалаларнинг инобатга олиниши ўзининг ижобий самарасини беради.

 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                  Улуғбек ИБРАГИМОВ, 

жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар судининг судьяси

 

(“АДОЛАТ” газетаси,

2022 йил 24 июнь)

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: