ҲАҚИҚАТГА ЗИД ХАБАР ДЕПУТАТГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Мана, уч ойдан ўтдики, мамлакатимизда COVID-19 дея аталмиш коронавирус касаллигининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртдошларимизнинг жорий қилинган карантин талабларига оғишмай риоя қилишни таъминлаш ҳам шундай тадбирлар сирасига киради.

Айтиш керакки, жорий йил 26 мартда қабул қилинган «Ўз­бекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳам­да Ўз­бекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодексига ўз­гар­тиш ва қў­шимчалар киритиш ҳақи­да»ги қонун ҳам бу борада янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қонуннинг 1-моддасига биноан, амалдаги Жиноят кодекси янги 244-5-модда (карантинли ва инсон учун хавф­ли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақи­да ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавф­ли бўлган бош­қа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақи­да ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ах­лоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тар­қатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олт­миш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Буни қарангки, айни қо­нун қабул қилинганининг эртаси куниёқ халқ депутатлари Қў­қон шаҳар кенгаши депутати, шаҳардаги «Imona group» масъулияти чекланган жа­мия­ти раҳбари Нодир Ҳамидов юқоридаги моддада назарда тутилган қилмишни содир этди.

Аниқланишича, 2020 йил 17 март куни Туркия давлатидан хизмат сафаридан қайтган Н. Ҳамидов яшаш манзилида уй карантинида бўлади. Орадан 10 кун ўтгач, 2020 йил 27 март куни кўчада шахсий юмушлари билан юр­ган пайтда бир таниши шаҳа­р­даги хусусий клиникалардан бирининг раҳбари Ҳафиза Ниёзова (жабрланувчининг исм-шарифлари ўз­гар­ти­рилган) нинг коронавирус инфекциясини юқтириб олганини айтади. Буни эшитган Но­диржон эса, сўраб-суриштирмай, соат 17:42 да Телеграм ижтимоий тармоғидаги «Иймонли дўст­лар» ва «Де­пу­тат­лар кенгаши» гуруҳлари аъ­золарига овозли хабар орқа­ли мурожаат қи­лади:

«Бугун шаҳримизда иккита касаллик аниқланди, — дейди у ҳар иккала гуруҳ аъ­зо­ла­рига салом бериб, ҳол-аҳвол сўрагач. — Бири УЗИ (УТТ) шифокори Ҳафизахон опа, иккинчиси Туркияда савдо-сотиқ билан шуғулланадиган аёл».

Нодиржон шундай деб ик­ки аёлнинг ён-атрофидаги 30 нафардан яқинлари ва мулоқот қилган инсонлар карантинга олингани, шу боис имкон борича кўчага чиқмаслик ва оила аъзоларини эҳ­тиёт қи­­лишни, айниқса, ёши улуғ отахону онахонларни эъ­зозлаш, ижтимоий масофани сақлашни уқтириб, Яратган бу кўзга кўринмас балодан асрашини айтиб, тилак билдиради.

Шундан сўнг унинг овозли хабари яна бошқа тармоқ фойдаланувчилари ўртасида тарқалади. Айниқса, Ҳ. Ниёзова тажрибали ва таниқли ши­фокор бўлгани боис, бу хабар янада кенгроқ қулоч ёзади. Ҳафиза опанинг ўзи эса, бундан эртаси куни хабар топади. Яъни ҳамкасбларидан би­ри ўша аудиоёзувни унинг уяли телефонига жў­натади.

Шундан сўнг Ҳафиза Ниёзованинг жиддий равишда тоби қочади.

Бунинг устига Те­лег­рамдаги хабарни эшит­­ган таниш-билишларининг қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳ­вол сўраши, шубҳа-гумон аралаш саволлари унинг баттар хунобини оширади. Шифокор аёл қарасаки, ваҳимали хабар ҳали-бери тинадиган эмас. Бинобарин, у дар­ҳол Давлат хавфсизлик хизматининг Қўқон шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қи­либ, айбдорни аниқлашни ва унга қонуний чора кўришни сў­райди.

Қўқон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасининг 2020 йил 29 мартдаги 37-сонли маълумотномасига мувофиқ Ҳафиза Ниёзовада COVID-19 (коронавирус касаллиги) аниқланмаган. Қўқон шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг шу кунги 01-10/417-сонли маълумотномаси эса, шаҳар ҳу­дудида COVID-19 билан рўй­хатга олинган шахслар мавжуд эмаслигини тасдиқлайди. Шунга асосан, ДХХ шаҳар бўлими тезкор ходимлари то­мони­дан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Нодир Ҳамидовнинг қилмиши фош этилади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят­ кодексининг янги 244-5-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, тергов ҳаракатлари мобайнида Нодиржон Ҳа­физа опадан кечирим сўраб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди.

Шунинг учун Ҳ. Ниёзова унга нисбатан моддий ва маънавий зарар юзасидан даъвоси йўқ эканини қайд этди. Бинобарин, жиноят ишлари бў­йича Қўқон шаҳар суди Н. Ҳамидовни юқоридаги модда билан айбдор деб топиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари — 44 600 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Қолаверса, айбдорнинг «МI-9» русумли уяли телефони хо­тирасидаги маълумотлар йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара этилди.

Бундан ташқари тилга олинган жиноятнинг юзага келиш омилларини бартараф қи­лиш ҳамда бу борада ички ишлар органлари билан ҳамкорликни кучайтиришни таъминлаш мақсадида, хусусий ажрим чиқарилиб, судланувчи яшайдиган «52-Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинига юборилди.

Нимаям дердик. Ҳаётда кўп­чиликка яхшилик улашаман деб, масаланинг иккинчи томонини, яъни ўзганинг ҳа­мия­тига, шахсиятига тегмасликни ўйламаслик ҳолатлари ҳам баъзан учраб қолади. Қонун эса, ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирмайди. Шундай экан, ҳар ким ўз ҳуқуқий маданиятини мун­тазам шакллантириб ва янги қонунчилик билан яқиндан танишиб бориши — ўзига ҳам, жамиятга ҳам фақат наф келтиришини эсдан чиқармаслик лозим.

 

 

Элёрбек ҲАКИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар судининг судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: