ҲАЛ БЎЛГАН МУАММО: СУД БУЗИЛГАН ҲУҚУҚНИ ТИКЛАДИ

Тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш судлар олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорларга эмин-эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, бу борадаги сунъий тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш давлатимиз  сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судида кўрилган икки иш ҳам бунинг яқ­қол далилдир.

Шу ўринда, бевосита иш мазмунига эътибор қаратсак, М. Маҳмудова 2014 йилда туманнинг «Марказ» маҳалла фу­­қаролар йиғини Б. Роши­до­ний кўчасида жойлашган савдо дўконини сотиб олган. Ўшанда бино-иншоотга нисбатан тадбиркорнинг мулк ҳу­қуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шундан буён М. Маҳмудова тадбиркорлик фаолиятини юритиб келган.

Савдо дўкони туманнинг марказий кўчаси — Фарғона халқа автомобиль йўли ёқасида жой­лаш­га­ни учун харидорлар кўп эди. Аммо 2019 йилда дўкон бузиб ташланган.

Аниқланишича, 2019 йил 13 майда туман ҳокимининг 2852-сонли қарори қабул қи­линиб, унда Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи 4р-112 «Фар­ғона халқаси» автомобиль йўли ва мазкур йўлга ту­таш бўлган туман марказидаги барча автомобиль йўл­лари ёқасида жойлашган турар жой ҳамда нотурар жой объектлари ва ижтимоий со­ҳа объектларини шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуришга рухсат берилган. Ҳоким қарорига илова қилинган рўйхатга М. Маҳмудованинг савдо дўкони ҳам киритилган. Шундан сўнг савдо дўкони бузилган. Аммо орадан икки йил ўтса ҳамки, компенсация пули тўлаб берилмаган.

Фарғона шаҳридаги «Континент имкон баҳо» масъулия­ти чекланган жамиятининг 2019 йил 26 августдаги 362-сонли хулосасига мувофиқ бино 286 012 009 сўмга баҳоланган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экс­пертизаси маркази Наманган вилояти бўлимининг 2021 йил 7 апрелдаги хулосасига асосан савдо дўконининг 2019 йил август ойи ҳолатидаги бозор баҳоси 298 759 547 сўмни ташкил этган.

Шундан келиб чиқиб, туман адлия бўлими судга компенсация пулини ундириш юзасида даъво ариза киритган.

Буни қарангки, тадбиркор Н. Аҳмадалиева ҳам туман ҳокимининг юқоридаги қарори қа­бул қилингач, жабр кўр­ган­лардан экан. Судда аён бўлишича, Н. Аҳмадалиева Риштон туман Истироҳат бо­ғи ҳудудидаги чойхона биносини 2006 йилда сотиб олган ва ушбу мулк­ка бўлган ҳуқу­қини давлат рўйхатидан ўт­казган. Ажабланарлиси шундаки, туман ҳокимининг қарорига илова қилинган рўйхатда чойхона биноси киритилмаган бўлса-да, Риштон тумани ҳо­кимлиги томонидан 2019 йил 20 май куни тадбиркорга огоҳлантириш хати берилиб, чойхонаси бузиб ташланган. «Капитал стандарт ба­ҳо» масъулияти чекланган жамияти чойхонани 255 067 829 сўмга баҳоланган. Шунга кўра, туман адлия бўлими Н. Аҳмадалиева манфаатини кўзлаб, судга даъво ариза киритган. Мазкур иш­ни кўриш жараёнида суд томонидан суд-қурилиш экспертизаси тайинланди. Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экс­пертизаси маркази Фарғона вилояти бўлимининг 2021 йил 1 февралдаги хулосасида «Капитал стандарт баҳо» масъу­лия­ти чекланган жамияти баҳолаш ҳи­соботини илмий жиҳатдан асослангани қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қў­йилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахс­ларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақи­да»ги қарори билан тасдиқланган ва 2020 йил 1 январгача амалда бўлган Низомнинг 2-бандида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят­лар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, амалга оширилиши, 31-бандида эса, ер участкаларини олиб қў­йишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйилаётганлиги сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейингина рухсат берилиши белгиланган.

Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 14-моддасига мувофиқ, агар қо­нун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Кодекснинг 985-моддасида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги қайд этилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг  2019 йил 23 августдаги «2019-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Риштон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори 4-бандига биноан, туман маркази ва аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникацияларини модернизация қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар белгиланган тартибда Фар­ғона вилояти ҳо­кимлиги томонидан тўлиқ қопланиши таъминланади. Суд ҳар икки даъво аризани қаноатлантириб, Риштон тумани ҳокимлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлигидан М. Маҳмудова фойдасига 298 759 547 сўм, Н. Аҳмадалиевага 255 067 829 сўм моддий зарарни солидар тартибда ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қил­ди. Шу тариқа тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтгача юртимизда М. Маҳмудова ва Н. Аҳмадалиева сингари компенсация муаммосига дуч келган тадбиркорлар оз эмас эди. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 20 август куни Ўз­бекистон тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор эканини таъкидлаб, вилоят ҳокимларини шу йил 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳи­соб-китоб­ларни якунига етказиш юзасидан огоҳлантирди. Демак, тадбиркорнинг оё­ғига тушов бўлиб келган муаммолар тез орада барҳам топади.

 

 

Акмал РОЗИҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Риштон туманлараро суди раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: