ҲАЛОЛЛИКДА ҲИКМАТ КЎП, НОПОКЛИК ЭСА ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Халқимиз ҳалолликда ҳикмат кўп, деб бежизга айтмаган. Чунки ҳалол йўл билан топилган ризқ одамга юқади, ўзига ҳам, рўзғорига ҳам барака келтиради. Нопок ишга қўл уриш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Ўз қадрини билган, эртанги куни, оиласи ва фарзандларининг келажагини ўй­­лаган киши борига қаноат қилиб яшайди. Тўғрилик ва ҳалолликни умр мазмуни деб билади, эгри йўлга ҳеч қачон қадам босмайди.

Аммо ҳаётда бундай муқаддас қадриятларга беписанд қарайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Зафаробод тумани халқ таълими бўлими бош ҳи­собчиси А. Болиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган)ни ана шундай кимсалар тоифасига киритиш мумкин. Чунки А. Болиқулов тўғ­ри йўл қолиб, эгриликни танлаган, мансаб мавқеини суиис­теъмол қи­либ, давлат бюджети маблағ­ла­рини ўз­лаштириш ва растарата қи­лиш йўли билан талон-торож этиш, шу тариқа бойлик орттиришни кўзлаган.

Шу ўринда А. Болиқуловнинг жиноий қилмишларига тўхталадиган бўл­сак, у 2020 йил 23 декабр­да «Шоҳ савдо» масъу­лия­ти чекланган жамияти билан умумий қиймати 30 миллион 820 минг сўмлик шарт­нома тузган.

2021 йил 20 февраль куни яна ушбу масъу­лияти чекланган жамияти билан халқ таълими бў­лимига қарашли 4-умумий ўрта таълим мактабининг мебель жиҳозларини таъмирлатиш учун 29 миллион 300 минг сўм­лик шарт­нома расмийлаштиришга эришган.

Буни қарангки, масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига шартномада белгиланган маблағ ўтказиб берилгач, А. Болиқуловнинг асл нияти ойдинлашади. У шартномада белгиланган маҳсулот ўрнига маблағни қайтариб олиш илинжида ҳамкорларига турли баҳоналарни рўкач қилади ва охир-оқи­бат мақсадига эришади. Аниқроқ айтганда, 60 миллион 120 минг сўм маблағни нақд ҳолда қайтариб олади ва ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

А. Болиқулов анойи одам эмасди, шунинг учун у ўз­лаштирган бюджет маблағининг изини ёпиш, жиноий ҳаракатини ниқоблаш йўлларини излашга тушади. Бунинг оқибатида у мансаб сохтакорлигига қўл уради.

Юқорида қайд этилган бюджет маблағи ҳисобига 2021 йил апрель ойи­да мактаб йўлаги ва хоналари учун гиламлар олиб келингани, мебель жиҳозлари таъмирланганини кўр­са­тиш мақсадида бу қин­ғирлик­лар­дан мутлақо бехабар туман халқ таълими бў­ли­ми­нинг хў­жа­лик ишлари бўйича со­биқ мудири Ш. Бойназаровнинг номига электрон шаклда сохта ҳисоб-фактура ва ишончнома расмийлаштиради.

Афтидан, А. Болиқулов қонунни четлаб ўтсам, ҳеч ким мушугимни «пишт» де­майди, деб ўйлаган кўринади. Чунки Халқ таълими вазири томонидан тасдиқланган «Туман (шаҳар) халқ таълими бў­­лими ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлмаган халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғ­ри­си­да»ги Низомда халқ таълими бў­лимлари қо­шида комиссия ташкил этилиши ва ана шу комиссия қарори асосида рағбатлантирувчи пул маблағи берилиши белгилаб қўйилган. А. Болиқулов эса, ушбу Низомнинг 10-19-бандлари талабларига зид равишда иш тутади. Яъни комиссия ташкил этилмаган бўл­са-да, асоссиз равишда ўзи­га, туман халқ таълими бўлими ман­­сабдор шахс­лари — жа­ми 32 нафар шахсга 105 миллион 651 минг 900 сўм ажратиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож этади.

Энг ачинарлиси, у қилмишларини хаспўшлаш мақсадида талон-торож қилинган бюджет маблағини гўёки комиссиянинг тегишли қарори асосида амалга оширилганига ишонтириш мақсадида қасддан 2021 йил июнь-сентябрь ойлари давомида расмийлаштирилган баённомаларга имзо қўйдиришга эришади ва шу тариқа у такроран мансаб сохтакорлигига қўл уради.

Юқорида баён этилган жиноий қилмишларга қа­рамай, А. Болиқуловнинг нафси тўйганини билмайди. Нега деганда, у давлат мулки бўлган таълим муассасалари ҳисобидаги асосий восита ва товар-моддий бойликларини ҳам ўзлаштириш ва растарата қилишдан тап тортмайди.

Аниқроқ айтганда, у халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларининг 198 миллион 41 минг 600 сўмлик асосий восита ва товар-моддий бойликларини ҳи­собдан чиқармасдан ўз­лаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож этган.

Халқимиз «ким қилмагай, ким топмагай» деб бежизга айтмаган. Ҳа, шундай, ҳаётда бирон-бир жиноий қилмиш изсиз кетмайди, албатта, жазога тортилади. Устаси фаранг А. Болиқуловнинг қилмишлари ҳам назардан четда қолмади. Вилоят молиявий назорат бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган текшириш чоғида ҳаммаси кундай равшан тортди. У бюджет маблағини ўз­лаштириш ва рас­тарата қилиш йўли билан талон-торож этиши оқибатида давлатга жами 363 миллион 813 минг 500 сўм моддий зарар етказган. Ушбу зарарни қоплаш мақсадида вилоят­ прокуратураси депозит ҳисоб рақамига қўйилган 105 миллион 652 минг сўм туман молия бў­лими ор­қа­ли маҳаллий бюджетга қайтарилди.

Шунингдек, 258 миллион 161 минг 600 сўмлик товар-моддий бойликлар натура шаклида ўрнига қў­йилган. Қисқаси, шу тариқа етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.

Тергов органининг 2022 йил 28 февралдаги қарори билан бу қилмишларга бевосита дахл­дор бўлган халқ таълими бў­­­­­лими собиқ мудири С. Собировга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Шу ўринда фикримизни иккинчи мисол билан давом эттирадиган бўл­сак, Жиззах вилояти кўп тармоқли касалликлар шифохонаси ҳисобчиси Ф. Омонжонов ҳам нафсига алданиб, жиноий қилмишга қўл урганлардан бири, десак, хато бўл­майди. Айни шундай ға­разли ниятда у шифохона кассири Г. Файзиқулова билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиради.

Қисқаси, ҳамтовоқлар ўз ғаразли мақсадларига эришиш учун 2010 йил 22 декабрдаги «Бюджет таш­­­килотларида бухгалтерия ҳи­соби тўғрисида»ги Йў­риқ­­­­номанинг 21 ва 238-бандлари талабини қўпол тарзда бузишади.

Аниқроқ айтганда Ф. Омонжонов ва Г. Файзиқулова 2020 йил январь ойидан 2021 йил февраль ойига қадар бўл­ган давр­да вилоят кўп тармоқли касалликлар шифохонасида даволаниб чиққан беморларнинг номидан ўзлари ариза ёзиб, чиқим касса ордерларига шифохона раҳбари ва бош ҳисобчисининг имзосини сохталаштириб, 24 миллион 56 минг 600 сўм маблағни ўзлаштиришган.

Аммо ҳамтовоқларнинг қилмиши ўзлари хомтаъма бўлгандек, ёпиқлигича қолиб кетмади. Аксинча, улар қонун олдида қилмишлари учун жавоб беришди.

Биринчи босқич суди А. Болиқуловни Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноят­ларни содир этганликда айбдор деб топди.

Етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли А. Болиқулов суд залидан озод қилинди. Суд А. Болиқуловга Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ни қўл­лаб, икки йил муддатга халқ таълими тизими ва бош­қа соҳаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум этди, судланувчига нисбатан ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жа­зоси тайинлади.

Ф. Омонжонов ва Г. Фай­зиқулованинг жиноий хатти-ҳаракатига ҳам судда қонуний баҳо берилди. Ҳар икки судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қис­ми “в”, “г” бандлари ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор топилиб, қилмишларига яраша қо­нуний ва адолатли жазога тортилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бойлик илинжида нопок йўлга қа­дам босганлар барака топмади, аксинча, эл орасида бадном бўлгани қолди.

 

 

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: