ҚОҒОЗДАГИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИК ФЕРМЕРЛАРНИ САРСОН ҚИЛДИ

Қўштепа тумани давлат солиқ инспекцияси Марғилон туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасида тумандаги «TURDIMAT» фермер хўжалигига нисбатан 1 086 853 774 сўмлик молиявий жарима қўллашни сўраган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, мазкур жарима қандай асосга мувофиқ ҳисобланган?

Даъво аризасида ёзилишича, боғдорчиликка ихтисослашган «TURDIMAT» фермер хўжалиги ва Россиянинг «Оддиссей групп» масъулияти чекланган жамияти билан тузилган экспорт шартномаси бўйича 2020 йил 1 октябрь куни ҳолатига кўра, 349 299,1 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебиторлик қарздорлик вужудга келган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўзбекис­тон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдлиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 24-бандига асосан экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қай­та олиб кириш муддати товарларга нисбатан «экспорт» божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан, хизматларга (ишларга) нисбатан бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Бунда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади. Низомнинг 27-бандига мувофиқ чет элдан хорижий валютадаги ту­шум тушиши ке­­чиктирилишига йўл қўй­­ган экспорт қилувчилар, шу­нингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни ба­жариш ёки хизматлар кўр­сатишни 30 банк кунидан ор­тиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан ке­йин 180 кунгача кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомалага чиқариш (им­порт)» божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10, 180 кундан 365 кунгача кечикканда 20, 365 кундан ор­тиқ кечикканда 70 фои­зига тенг миқдорда қўшимча жарима тўлайди. Бинобарин, Қўш­тепа тумани давлат солиқ инспекцияси ана шу Низом талабларидан келиб чиқиб, жавобгарга нисбатан хорижий ҳамкор билан вужудга келган дебитор қарздорликнинг 10 ва 20 фоизи миқдорида — жами 1 086 853 774 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Шу йилнинг 21 апрель куни мамлакатимизда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликни ри­вожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур мо­лиявий ва инфратузилмавий ресурс­лар билан таъминлаш мақсадида «Тадбиркорликни қўл­лаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо опе­рацияла­ри­ бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўл­лаш тўхтатилиши ва дебитор қарздорлик ву­жудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Ана шу асосга таянган суд Қўштепа тумани давлат солиқ инспекция­сининг даъвосини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бу — масаланинг иқтисодий судда кўрилган ҳолати. Аммо муаммонинг асл илдизи бош­қа ёқда. Гап шундаки, 2019 йилнинг охирларида Қўштепа тумани ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Бах­тиёр­ Та­ниқулов «TURDIMAT» фермер хўжалигининг муҳрини олиб кетиб, маълум муддат ўтгандан сўнг қайтариб беради. Ўшанда ҳоким ўринбосари фермернинг номидан бир нечта экспорт шартномаларини имзолаб, муҳр босган. Фермернинг имзоси қўйилган шартномадан фойдаланиб, экс­портни бошқа тадбиркорлар амалга оширган. Хорижий ҳамкор экс­порт қилинган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳақи­ни ўз вақ­тида тўламагач, фермер хў­жалиги зиммасида 349 299,1 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўт­ган дебитор қарздорлик пайдо бўл­ган.

Шунга асосан солиқ идораси иқтисодий суддан хў­жаликка молиявий жарима қўллашни сўраган. Умуман олганда, тумандаги 16 та фермер хўжаликлари зиммасида 2 977 907 АҚШ доллари миқдорида ана шундай нореал қарздорлик юза­га келган.

— Мен ҳеч қандай маҳсулотни экспорт қилмаганман. Ҳо­ким ўринбосари жуда кўп фермерларнинг муҳрини олиб кетиб, кўзбўямачилик қил­ган экан.

Бу ҳақда туман прокурату­ра­сига мурожаат қилдик, — дея судда кўрсатма берди фермер хўжалиги раҳбари М. Тожиматов.

Дарҳақиқат, тумандаги «TUR­DIMAT», «NURIDDIN ULUG` YERI», «ҚИЗИЛ ТЕПА» ва «УМАРБЕК» фермер хўжаликларининг мурожаатига биноан шу йил 21 январда туман прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан жи­ноят иши қўз­ғатган.

Бундай жиноий қилмишлар фақатгина Қўштепада эмас, бошқа туманларда ҳам содир этилган. Жумладан, 2019 йилнинг баҳор ойларида Тошлоқ тумани ҳо­ким­лиги вакили Алижон Абдувоҳидов «Файзли юрт кўрки» фермер хўжалигига нисбатан ана шундай йўл тутган. Пировардида 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, фермер хўжалигида 1 167 676 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарз­дорлик вужудга келган. Қўш­тепалик ҳамкасблари сингари Тошлоқ тумани давлат со­лиқ инспекцияси ҳам хўжаликка 3 миллиард 630 миллион 707 минг 421 сўм миқдорида мо­лия­вий жарима қўллаш бў­йича судга даъво ариза киритган.

Албатта, суд жараёнида бундай кўзбўямачилик фош бўлди. Шу боис Марғилон туманлараро иқтисодий суди «Файз­ли юрт кўрки» фермер хўжалиги номидан имзоланган экс­порт шартномасининг қалбакилаштирилганлик ҳолатига ҳу­қуқий баҳо бериш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, Тошлоқ тумани проку­ра­ту­расига юборди. Ҳо­зирги пайтда айни ҳолат бўйича тегишли жиноят­ иши қўз­ғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тез орада фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ўр­нига уларни катта миқдордаги қарз­га йўлиқтириш, сарсону саргардон қилишдан ким манфаатдор бўлган, нега сохтакорликка йўл қўйилган, деган саволларга жавоб топилади.

 

 

Алишер МАДАМИНОВ,

Фарғона вилояти суди

раиси ўринбосари

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: