ҚОШ ҚЎЯМАН, ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРИШ ЖУДА ҚИММАТГА ТУШДИ

Ҳеч кимга сир эмас, ҳаётда жорий этилган тартиб-қои­далар ва белгиланган талабларга риоя этмаслик ку­тилмаган фалокатга сабаб бўлади. Бу эса, кимнингдир ҳаётига хавф солиши, саломатлигига жиддий зарар ет­казиши ва охир-оқибат узоқ вақт изтироб чекишига олиб келиши мумкин. Қуйида шундай нохуш воқеа тафсилоти баён этилади.

Аминжон (исм-шарифлар ўз­гартирилди) билан Насибани унаштириб қўйишганди. Куёв бўлмиш бўлажак умр йўл­дошига узук тақиш маросимини ёдда қоладиган тарз­­да ўтказиш учун қаҳвахонадаги хоналардан бирини никоҳ ма­росимига мос қилиб безатишга буюртма берди. Бу хабарни эшитган Насиба ҳам табиийки, хурсанд бўлди. Бироқ…

Шу йилнинг 23 февраль ку­ни соат ўн саккизларда Аминжон ўзининг автомашинасида Насиба ва унинг опаси ҳамда поччаси билан бирга қаҳвахонага борди. Қаҳвахона иш бош­қарувчиси маросим учун тайёрланган хонани кўрсатди. Ўша пайтда ҳаяжон ва қувончдан юзлари ёниб турган Насибага Аминжон хонага биринчи бўлиб киришни таклиф қилди.

Қиз эшикни очганида хона қизил шарлар, устунли безак гул, рангли чироқ, сунъий атиргул япроқлари билан ғоятда чиройли қилиб безатилган, қаҳвахона хизматчилари шамларни ёқиш учун тайёр туришганди. Ниҳоят, учқун сачратувчи шамлар ёқилди. Шу пайт сира кутилмаганда фалокат рўй берди. Шамлар ҳам, шарлар ҳам ёрилиб, хонани бирдан аланга қоплаб олди. Насиба аланга ичида қолиб кетди, у уст-боши, сочи ёнаётганидан қаттиқ қўрқув ва талвасага тушганди. Бир пасда хонадаги дераза пардаси ва диванларга ҳам ўт илашди… Кутилмаганда содир бўл­ган бу фалокатдан ҳамманинг эсхонаси чиқиб кетди.

Аминжон ёнғин натижасида оғир жароҳат олган Насибани зудлик билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига олиб борди.

Шу ўринда бу фалокатнинг сабабларига тўхталадиган бўл­­­сак, қаҳвахона иш бош­қа­рувчиси буюртма олгач, Диёржон Раҳмонқуловга қўнғироқ қилади. Д. Раҳмонқулов эса, хонадонларни турли хил безаклар билан безатиш фаолияти билан шуғулланарди.

Ўша куни Диёржон тахминан соат ўн тўртларда қаҳвахонага келади. Мижоз учинчи хонани танлаганини эшитгач, қаҳвахонадагилар билан ўза­ро оғзаки келишувга кўра, ишга киришади. У 40-50 дона шарни метан газ билан тўлдириб, хона шифтини безайди. Сўнг 4 дона устунли безак гул, рангли чироқ, сунъий­ атиргул япроқлари ва стол устига 20 дона шамни жойлаштириб, уйига қайтади.

Аслида шарларни юқорига кўтаришда гелий моддасидан фойдаланилиши керак эди. Д. Раҳмонқулов гелий моддаси қимматлиги сабабли ундан фойдаланмаган. Шарлардан бири тешик бўл­гани боис пастга тушган ва шамлар ёқилгач, кучли ёнғин келиб чиққан.

Бундай вазиятда ҳаво оқи­ми табиийки, эшик орқали ташқарига чиқади. Шу сабабли олов эшик томонга ўрлаган ва остонада турган Н. Маматалимова аланга ичида қолган. Суд тиббий экспертизаси жабрланувчи Н. Маматалимованинг танасидаги жароҳатлар юқори ҳароратли аланга таъсирида юзага келган бў­либ, оғирлик даражаси бўйича «ўртача-оғир шикаст­ла­нишлар тоифасига киради» деб хулоса берган.

Бу воқеанинг тафсилотини келтиришдан мақсад — яхши ниятда унаштирилган ёшларнинг бошига тушган кўнгилсиз ҳодисани эл олдига дастурхон қилиш эмас. Аксинча, фалокатнинг келиб чиқиш сабабларидан азиз газетхонни хабардор қилиш орқали ҳуш­ёрликка ундашдан иборатдир.

Албатта, ҳаётда ҳар бир иш­­нинг ўз тартиб-қоидаси бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги «Ён­ғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 649-сонли қарори 86-бандида «Ҳаво шарларини ва шунга ўхшаш бошқа буюмларни тўл­дириш (шишириш) учун ёнувчи газлардан фойдаланиш таъқиқланади» деб қатъий белгилаб қўйилган. Д. Раҳмонқулов ана шу талабга риоя қилмаган, тез алангаланувчи ва портловчи ҳи­собланган метан газ билан шарларнинг тўлдирилгани оқибатида кучли портлаш юз берган.

Фалоқат рўй бергач, жабрланувчи Н. Маматалимова хусусий шифокорларга қатнаб даволанган, жами даволанишига 60 миллион сўм харажат қилган.

Албатта, ҳаётда ҳеч қайси жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Д. Раҳмонқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд дастлабки тергов органи судланувчи Д. Раҳмон­қуловни портловчи, тез алангаланувчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақ­лаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлишида ифодаланган жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 250-моддаси (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.

Судланувчига нисбатан жа­зо тайинлашда унинг айбига тў­лиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, талаба эканлиги, оилада ягона боқувчилигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Унинг ҳаракатида оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Жиноят­ кодексининг 15-моддаси (жиноятларни таснифлаш) талабига кўра, Д. Раҳмонқулов айбланаётган модда ижтимоий хавфи катта бўл­маган жиноят ҳисобланади.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сон­ли қарори 5-бандига амал қилди. Негаки, ушбу бандда «Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузитилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак», деб раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд юқорида таъкидланган қонун талаби ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига амал қилиб, судланувчи Д. Раҳмонқуловга нисбатан қилмиши квалификация қилинган модда санкция­сида назарда тутилган жазолардан мажбурий жамоат иш­­лари жазоси тайинлашни лозим топди.

Шунингдек, суд жабрланувчи Д. Маматалимованинг даволаниши учун кетган харажатларини ундириб бериш тўғ­рисидаги талабини ўрганиб чиқиб, зарарни асословчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли жи­­­­ноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни судланувчи Д. Раҳмонқуловдан ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди.

Хулоса қилиб айтганда, судланувчи Д. Раҳмонқуловнинг қилмиши қош қўяман, деб кўз чиқаришга ўхшайди. Амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик оқибати жабр­ланувчига ҳам, судланувчига ҳам, гувоҳи бўлганингиздек, жуда қимматга тушди.

 

 

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах вилояти

судининг судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: