ҚОТИЛЛИККА ЕТАКЛАГАН РАШК

Ўтган йил кеч куз кунларидан бири эди. Ярим тунда қишлоқ мактаби орқасида жойлашган хонадондан кутилмаганда эшитилган дод-фарёд қўни-қўшниларни уйқудан уйғотиб юборди. Ҳамма апил-тапил ўша томонга югурди. Бу дод-фарёд ака-ука Сатторовлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) яшайдиган ҳовлидан эшитилган, кўча эшиги олдида оиланинг кенжа фарзанди Баҳромни номаълум шахслар пичоқлаб кетган эди. Жабрланувчи қонига ботиб ётар, унинг бошида хотини уввос тортиб йиғларди.

Хўш, бу машъум воқеа қандай содир бўлди? Баҳромни шу кўй­га солиб, воқеа жойидан қочиб кетганлар аслида ким? Уларнинг жабрланувчига қандай аламу хусумати бор эди?

Аввало шуни айтиш керакки, Қарши туманида яшовчи Шерзод Мейлиев бундан роппа-роса олти йил бурун қўш­ни Нишон туманидаги қишлоқлардан биридан истиқомат қиладиган Нигора Ботирова билан телефон орқали танишиб қолади. Ке­йин­чалик улар учрашгач, бир-бирларини ёқтириб қолишади ва Шерзод Нигорага уйланадиган бўлади.

Бироқ уларнинг ота-онаси бундан бехабар эди. Бу орада Шерзод ишлаш учун чет элга жўнаб кетади. Бўйи етиб кол­ган қиз эмасми, орадан кўп ўтмай Нигорани ҳам сўраб, сов­чилар кела бошлади.

Тоғли туманда яшайдиган узоқроқ танишларидан келган совчиларга Нигоранинг ота-онаси розилик беришади. Албатта, бунга Нигора қаттиқ қаршилик кўрсатади, лекин ота-онаси ўз билганидан қолмайди.

Хуллас, Нигора ота-онасининг қистови билан Баҳром исмли йигитга узатиладиган бўлди. Нигоранинг яқинлари куёв бўл­миш Баҳром илгари уйлангани, аммо фарзанд кўрмагани туфайли ажрашганини билишган, фақат буни тўй арафасида Нигора айтишади.

Қисқаси, аввал-бошдан омонат қурилган оила узоқ бормайди, Нигора тўрт ойдан сўнг ота хонадонига қайтиб келади. Аммо у бошидан кечирган бу савдоларни чет элда ишлаб юрган Шерзодга айтмайди, унинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди. Шерзод эса, бу воқеалардан танишлари орқали хабар топади ва Нигоранинг ўзи билан гаплашиб, аниқлик киритишга аҳд қилади. Ке­йинчалик Нигоранинг ўзидан барчасини эшитгач, Шерзоднинг кўнглида Баҳромга нисбатан тийиқсиз алам пайдо бўлади. Чет элдан қайтиб келгач, Нигорадан Баҳромнинг яшаш манзилини сўраб олади. У Нигоранинг гапига ишониб-ишонмай ўзи ҳам Баҳромнинг яшаш манзили ҳамда унинг касб-корини танишларидан сўраб-суриштиради.

Шундан сўнг Шерзод Баҳромдан қандай ўч олиш ҳақида ўйлай бошлайди.

Аммо буни ёлғиз ўзи эплай олмаслигига кўзи етгач, шерик излашга тушади.

Кўп ўт­май жиноий шерик ҳам топилади. Қарши шаҳридаги қурилишларда бирга ишлайдиган Рустам Расулов аввалига унинг таклифига рози бўлмайди, аммо кейинчалик Шерзоднинг ваъдаларига учиб, розилик беради.

Шундан сўнг улар жиноий қилмишга обдон ҳозирлик кўришади. Шерзод иккита катта ошхона пичоғи ва махсус қўлқоплар сотиб олади.

Қисқаси, ўша кун кечки пайт Шерзод жияни Шуҳратга телефон қилади ва ёқилғи олиб беришини айтиб, уларни узоқ бир манзилга олиб боришини илтимос қилади.

Кеч соат 21.00 ларда Шуҳратнинг «Ласетти» русумли автомашинасида учаласи Баҳром яшайдиган қиш­лоқ томон йўл олишади. Йўл-йўлакай Шерзод Шуҳратга ваъда қилган ёқилғини автомашинага қуйдириб беради.

Йўлда Шерзод автомашинанинг ор­қа ва олди рақамини ечиб олади.

Жиянининг бундан ажабланганини кўргач, «бир қалтис ишга қўл ур­ганмиз, ҳозирча бу сир, ке­йинчалик билиб оласан», дейди у сирли оҳанг­да.

Шерзод Баҳром яшайдиган қишлоққа чамаси, икки чақирим масофа қолганда, автомашинани тўхтатишни буюради:

— Сен бизни шу ерда кутиб тур, бир ярим соатлардан сўнг қайтиб келамиз, — дейди Шерзод жиянига.

Бу пайтда тун иккинчи ярмига оққан эди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Шерзод Ботир ишдан сўнг уйида автомашина ёқилғиси сотишни аввал сўраб-суриштириб билиб олган эди.

Айни дамда бу ҳол жиноий режани амалга оширишда қўл келди. Яъни улар Ботир яшайдиган ҳовли дарвозасини тақиллатишаркан, ўзларини гўёки ёқилғи излаб келган йўловчилардек тутишди. Орадан кўп ўтмай ичкаридан тўнини елкасига ташлаганча Ботир чиқиб келгач, Шерзод қўшни қишлоққа кетишаётгани, аммо йўлда ёқилғи тугаб қолганини айтади.

— Қанча ёқилғи керак? — де­ди Ботир уларнинг асл ния­тини пайқамай.

— 10 литр бўлса, етади, — деди Шерзод унга жавобан ва ёқилғининг ҳақини Ботирнинг қўлига тутқазди.

Орадан ўн дақиқа ўтмай Ботир ёқилғи тўлдирилган елим идишларни кўтариб, уйдан чиқди. Шунда Шерзоднинг жиноий шериги Рус­там ўсмоқчилаб, Баҳромдан ниманидир сўради. Аслида унинг нияти Баҳромни чал­ғитиш эди. Баҳром ҳам унга юзланиб, саволига жавоб бераётганда, ортида турган Шерзод кос­тюмининг енгидан ошхона пичоғини олиб, унинг биқини ва кўксига бир неча марта зарб билан санчади…

Ҳа, бу машъум ҳодиса бир лаҳзада содир бўлди. Ботир қандай воқеа рўй берганини ҳам англамай қолди, пичоқ зарбидан кўк­сини чангаллаганча бақириб ерга қулади. Ботирнинг бақирганини эшитиб, ҳовлидан акасининг хотини югуриб чиқди. Аёл додлаганча қотилларнинг ортидан югурди. Бироқ жиноий шериклар воқеа жойидан аллақачон ғойиб бўлганди.

Аммо қотиллар узоққа қо­чиб кетолмади, тез орада улар қўлга олинди ва қонун олдида муд­ҳиш қилмишлари учун жавоб беришди.

Суд жиноятчи шерикларнинг қилмишини батафсил муҳокама этиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси тегишли бандларини қўллаган ҳолда, узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлади. Шу билан бирга, судланувчилардан марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 50 миллион сўм маънавий зарар солидар тартибда ундириладиган бўлди.

Ёшлик — инсон умрининг гул­лаган фасли. Афсуски, бу бебаҳо фаслнинг қадрига етмай уни беҳуда ҳавога совураётган, ўткинчи ҳою-ҳавасларга учиб ўз келажагини барбод қилаётган йигит-қизлар ҳаётда учраб туради.

Баён этилган воқеага ҳам Шерзоднинг узоқни кўра олмаслиги, ноўрин жазава ва рашкка берилиши сабаб бўлди. Унинг жиноий шериги Рустамнинг хатти-ҳаракатини мутлақо оқлаб бўлмайди. Ҳолбуки, у жазавага тушганидан ақлу ҳушини йўқотиб қўйган Шерзодни бу разолатдан қайтариши, унга тўғри йўл кўрсатиши, агар бунинг уддасидан чиқмаса, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бериши лозим эди. Шунда у Шерзоднинг мудҳиш жиноят содир этишдан, Баҳромнинг умри бевақт хазон бў­лишидан асраб қолар, қолаверса, ўзи ҳам жиноятга шерик бўл­масди.

Аммо у нафс қутқусига алданди.

Агар бу мудҳиш жиноятни янада батафсил таҳлил этадиган бўлсак, унинг содир этилиши энди вояга етган уч нафар йигитнинг ҳаётини буткул издан чиқарди: Баҳром бевақт ҳаётдан кўз юмди, Шерзод билан Рустам умрининг энг навқирон ва гўзал дамларини темир панжара ортида ўтказади. Агар бу мудҳиш қотиллик содир бўлмаганда, Шерзод ҳам, Рустам ва Баҳром ҳам уйланиб, оила қуришар, фарзандларни тарбиялаб вояга етказишарди.

Бундан уларнинг ўзлари, ота-она ва яқинлари, қо­лаверса, жамият ҳам манфаатдор эди. Аммо мудҳиш жиноят ҳаммасини остин-устун қилиб юборди. Мана сизга бир жиноий­ қилмишнинг ҳаётда қолдирган аянчли излари…

Шунинг учун ҳам одам боласи азал-азалдан жиноий қилмишнинг ҳар қандай кўринишини қаттиқ қоралаб келган. Инсон камолоти, фарзандлар иқболи, эзгу ва савоб ишларнинг ривожи замирида ҳар қандай жиноий қилмиш ва иллатлардан холи тинч ва осойишта ҳаёт мужассамдир. Тинч ва осойишта ҳаёт эса, ҳар биримиздан атрофга очиқ кўз билан қараш, турли хил иллат ва қилмишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, умуман айтганда, ўзимиз ва ўзгалар ҳаётини кўз қорачиғидек асраб-авайлашни талаб қилади.

Инсоний бурчимизнинг асл моҳияти аслида шу.

 

 

Наврўз Ашуров,

жиноят ишлари бўйича

Ғузор тумани суди раиси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: