ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН ҚАРИНДОШ

Тўрақўрғон туманининг «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи Исмат Алиназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигидан анчайин манман, калондимоғ бўлиб улғайди. У ўтган йилнинг август ойи охирларида уйига меҳмон бўлиб келган тоғасига қўл кўтарди.

Исматнинг бу қилиғи қариндош-уруғларини қаттиқ ранжитди. Кўп­чиликнинг ундан кўнгли қол­ди. Айнан ана шу воқеа сабаб у 2021 йил 5 сентябрь куни яна бир қариндоши Ботир Абдулҳамидов билан ҳам жанжаллашиб қолди.

Афсуски, бу жанжалнинг охири фо­жиали якун топди.

Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ўша куни И. Алиназаров дў­конга борганида Ботир унга киноя­ли сўз қотади:

— Тоғасини урган «полвон», ишлар қалай?

Табиийки, бу гап Исматга ёқ­май­ди. Пировардида иккаласи мушт­­лашиб кетишади. Лекин атрофдагилар уларни ажратиб қўйишади. Ботир у билан жанжаллашмаслик мақсадида уйига кириб кетади. Би­роқ И. Алиназаров уни телефон орқали ҳақорат қи­либ, сў­кишда давом этади. Қолаверса, ўртадаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида қа­риндошини ту­маннинг «Олчин» ма­­ҳалласи марказига чақиртириб, бир неча маротаба қўнғироқ қилади. Жавоб бўлмагач, SМS хабарлар юборади. Аммо Б. Абдул­ҳамидов ке­йинчалик телефон аппаратини ўчириб қўяди. Бу эса зўравон йигитга жуда алам қилади. На­­ти­жада у ғазабланиб, Ботирнинг ака­си Баҳром Абдулҳамидовга телефон қилади. Улар ўзаро баҳслашиб, орани очиқ қилиш учун туманнинг жа­нубий чегарасидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси бўйида учрашишга келишади.

Эртаси куни Исмат уйидан чиқиб кетаётган вақтида укаси Жавоҳир Алиназаров кечқурун бўлиб ўтган воқеа тафсилотини сўрайди.

— Майли, ўтган ишга саловат. Сиз борманг, Баҳром ака ва Ботир би­лан ўзим гаплашаман, — дейди Жа­воҳир.

Шунинг учун акасини уйда қолдириб, ўзи Баҳромнинг уйи томон йўл олади.

Манзилга яқинлашганда Баҳром тоғаси Азамат Ак­ром­алиев билан кўчада турганига кўзи тушади. Ж. Алиназаровга тоға-жиян гўёки акаси Ис­матни сўроқ-савол қи­лиш учун йиғилишгандек туюлади. Шу боис у акасига қўнғироқ қи­­­либ, бу ҳақда хабар беради. Сўнг­ра Баҳром ва Азаматнинг ёнига боради. Шу пайт Б. Абдулҳа­мидов бор кучи билан Ж. Алиназаровнинг юзига мушт туширади. Оқи­батда у ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади.

Укасининг қўнғироғидан кейин ғазаб отига минган И. Алиназаров ошхонада турган ўткир пичоқни олиб, киракаш машинада Баҳром Абдулҳамидовнинг олдига жў­найди.

Исмат етиб келгач, укаси Жа­во­ҳирнинг ерда қимирламай ёт­га­нини кўриб, «Укамни ўлдириб қў­йибди» деган фикрга боради. Шу боис машина­дан туша солиб, куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинганча Баҳромга ташланади ва ёнидаги пи­чоқни олиб, унинг кўкрак қафаси ва ўнг елка қисмига зарб билан санчади. Оғир жароҳат олган Б. Абдулҳамидов во­қеа жойида вафот этади. Пировардида қотил шу куниёқ қўл­га олиниб, унга нисбатан жи­ноят иши қўз­ғатилди. Тергов жа­­раё­нида Исматнинг хонадонидан соф вазни 3,22 граммга тенг «Марихуана» гиёҳвандлик моддаси ҳам топилади.

Шундан сўнг ҳар икки жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тўра­қўрғон тумани судида кўриб чиқилди. Суд И. Алиназаровни Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 276-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) лари 1-қисмига асосан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси та­йинлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, манманлик ва ўжарлик каби иллатлар ҳамиша инсонга панд бериб, аянчли қисматларга гирифтор этиб келган.

Жаҳли чиққанда ўзи­ни босолмаслик эса, бундан ҳам хавфлироқдир. Шу боис оила, маҳалла ва бутун жамиятимизда ана шундай иллатларга қарши қатъий курашиш зарур. Юз берган қотиллик барчани ҳушёр торттириши, ҳа­миша огоҳ бўлишга ундайди. Зеро, жиноятчиликнинг олдини олишга барча бирдек масъулдир.

 

 

Отабек СИДДИҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Тўрақўрғон тумани суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: