ҚОРА НИЯТ

Самарқандлик Гулсора Жонқобилова (исм-шарифлар ўзгартирилган) қизи Ноила хорижга ишга кетгач, икки набираси билан уйда қолди. Соғлиғи яхши эмаслиги сабабли аёл уй-рўзғор юмушларига қийнала бошлади. Қолаверса, набиралари Моҳичеҳра билан Олтинойга ҳам қарашнинг ўзи бўлмайди. Шу боис жияни Зебони ёрдамга чақирди. Зебо чаққон дастёрга айланди.

Шу зайлда осуда турмуш кечираётган оиланинг кутилмаганда ҳаловати бузилди. Ўтган йилнинг 12 феврал куни Моҳичеҳра ва Олтиной мактабга кетишганди. Г. Жонқобилованинг уйи кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган ҳамда томор­қа майдони тарафидан ҳам уйга кириш эшиги очилган бўлиб, Зебо уйнинг ҳавосини алмаштириш мақсадида ана шу эшикни очиб қўйган эди.

Гулсора Жонқобилова меҳмонхона томонга ўтганда бо­ши ва юзига қора ниқоб тақиб олган нотаниш кимсага кў­­­зи тушди. Шу пайт айвондан яна ниқобли икки киши чиқиб келди.

— Кимсизлар? — деди Г. Жонқобилова чақирилмаган «меҳмонлар»га қарата. — Нима сабабдан уйга кирдингиз?

Бунга жавобан улардан би­ри аёлнинг юзига зарб билан мушт туширди. У кутилма­ган зарбдан ерга йиқилгач, бос­қинчилар ундан сейфнинг калитини топиб беришни талаб қилишди. Бироқ уй эгаси­ тез орада ҳушидан кетди.

Босқинчилар шовқин-суронни эшитиб, қўшни хонадан чиқиб келган Зебони ҳам уриб, ҳаммомга олиб киришди. Сўнгра чилвир билан унинг оёқ-қўлларини боғлаб, сейфнинг калитини топиб беришни сўрашди.

— Бу уйга яқинда келганман, — дея жавоб беради қиз қўрқувдан титраганча. — Сейф­нинг калити қаерда туришини билмайман.

Босқинчилар оёқ-қўли боғланган Зебони ҳаммомда қолдириб, эшикни ёпиб қў­йишди. Шундан сўнг темир сейф калитини қидиришга ту­шишди. Ни­ҳоят,­ улар Г. Жонқобилованинг ҳамёнида турган сейф калитини топиб, сейфда сақланаётган 44 минг 500 АҚШ доллари, юз евро, умумий баҳоси 3 минг 800 АҚШ доллари бўлган етти хил турдаги тақинчоқлар, умумий ба­ҳоси 2 минг 700 АҚШ доллари бўл­ган икки дона планшет ва бир дона уяли телефон аппаратини олиб кетишди.

Хўш, жиноятни ким содир этган? Г. Жонқобилованинг уйида бунча миқдорда пул борлиги-ю, унинг хонадонига кириш йўлини ким билган?

Изқуварлар олдида ана шу каби саволлар кўндаланг турарди.

Суриштирувлар натижасида калаванинг учи Шеҳруз Шоҳназаровга бориб тақалди. Гап шундаки, Шеҳрузнинг акаси Облоқул бир пайт­лар Г. Жонқобилованинг қизига уйланган бўлиб, кейинчалик улар ажрашиб кетган. Акасининг собиқ қайнонасиникида катта миқдорда пул борлиги, уйга қандай кириш мумкинлигини Шеҳруз яхши биларди.

Шу ўринда жиноят сабабига тўхталадиган бўлсак, содир этган жинояти учун суд томонидан тайинланган жазони Пастдарғом туманидаги манзил колониясида ўтаётган Шеҳруз Зуфар Иззатуллаев деган кимса билан танишиб, яқин бўлиб олади.

Бир куни Шеҳруз Зуфарга Г. Жонқобилованинг уйида катта миқдорда пул борлигини айтади. Бу хабар осон пул топишга мойил кимсаларнинг хаёлини бузади. Улар Г. Жон­қобилованинг пулини қўлга ки­ритишни ўйлай бошлашади. Бу ишга Жамшид Рамазо­нов ва қидирувда бўлган Носир Остоноқуловни ҳам жалб этишади.

Тузилган жиноий режага мувофиқ улар босқинчилик йўли билан Г. Жонқобилованинг уйига кириб, пул ва моддий бойликларни қўлга киритишади. Ўлжа эса, ўзаро келишув асосида тақсимланади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга ғай­риқонуний равишда кирган ҳолда ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ва шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда ифодаланган жиноий ҳаракатларни содир этган кимсаларга суд ҳукми чиқарилди. Суд З. Иззатуллаев ва Ш. Шоҳназаровга муқаддам тайинланган ҳукм бўйича ўталмай қолган жазосини қисман қўшиш йў­ли­ билан узил-кесил ўташ учун 15 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари улар ўта хавфли ре­цидивист деб топилди. Ж. Рамазонов ҳам умрининг 12 йилини темир панжара ортида ўт­казадиган бўлди. Н. Остоноқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши алоҳида ажратилиб, қўшимча суриштирув ва тергов ишлари олиб борилмоқда.

 

Қора ниятли кимсаларнинг қабиҳ қилмишлари ана шундай якунланди.

Улар энди бировнинг ҳақи бошқага ҳеч қачон буюрмаслигини англаб етишса, ажаб эмас.

 

 

Фаррух САМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нуробод тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: