ҚОРА ГУРУҲ ҚИЛМИШИ

Жиззах шаҳрида яшовчи Муяссар Пардамуродова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўша куни қаттиқ толиққан эди. Аксига олгандек, кечки овқатдан сўнг катта қизи Гулруҳнинг юраги безовта қил­ди. Буниси етмаганидек, кичик қизи Гавҳаройнинг ҳам тун ярмида иссиғи чиқди.

Жонҳалак она дори ичиргач, қизнинг ҳарорати тушди. Ўша маҳал у деворга илинган соатга қараганда, унинг миллари тунги учдан саккиз дақиқа ўтганини кўрсатаётган эди. Эндигина кўзи илинган чоғида қандайдир товушдан уйғониб кетди. «Гулруҳнинг юраги яна безовта қилдимикин?» — деган хавотирда бошини ёстиқдан кўтарганида ошхона тарафда турган ниқобли бир шарпага кўзи тушди. Уни кўрган она беихтиёр «Гулруҳ» дея қизини чақира бошлади. Шу пайт хонада яна бир ниқобли кимса пайдо бўлди ва аёлга ташланиб, чап жағига зарб билан мушт туширди. Сўнгра гандираклаб қолган аёлни ётоқхонага киритди. Шериклари эса, қизларнинг бўйнига пичоқ тирашди.

Тез орада босқинчиларнинг муаддаоси маълум бўлди. Улар ётоқхонада турган темир сейфни очиб, ичидаги пул, қимматбаҳо буюмлар ва тақинчоқларни қўлга киритишди.Шундан сўнг аёл билан икки қизини ваннахонага қулф­лаб, уйдан чиқиб кетишди..

Ўтган йил 12 сентябрга ўтар кечаси Жиззах шаҳрида яшовчи М. Пардамуродованинг уйига босқинчилик уюштирган кимсалар 21 минг АҚШ доллари, 8 дона тилла узук, «Mail» фирмасига тегишли 750 пробали бриллиант тошлар билан безатилган 3 дона билагузук, 3 дона зирак, 1 дона бриллиант кўз­ли занжир, 1 дона «Ro­lex» фирмаси ишлаб чиқарган қўл соатини ўмариб кетишади. Етказилган зарарнинг умумий қиймати 563 миллион 149 минг 570 сўмга тенг эди.

Босқинчилик таъсиридаги қаттиқ қўрқув ва карахтлик бироз тарқагач, уй эгалари ички ишлар бў­лимига қўнғироқ қилишади…

Табиийки, ўша заҳотиёқ тезкор қидирув-суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Аввало жабрланувчининг уйида катта миқдордаги бойлик борлигини кимлар билиши ҳақи­да сўраб-суриштирилди. Шунда Гулруҳ босқинчилар айнан нега онаси билан ўзини темир сейф турган ётоқхонага судраб киритишгани ҳа­қи­да ўйлаб қолди.Чунки улар сейфнинг қаерда жойлашганини ақалли сў­раб-суриштирмаган ҳам эди-да… Демак, босқинчилар сейфнинг аниқ жойини олдиндан билишган. Шунда кўз олдига со­биқ турмуш ўр­тоғи Абдумутал Холиқов келди.

Гулруҳнинг кўнглида бундай шубҳа-гумон туғилишига асос бор эди. Гап шундаки, ўтган йилнинг февраль ойида у Тошкент шаҳрида яшовчи А. Холиқов билан танишиб, март ойида унга турмушга чиқди. Қизиғи шун­даки, куёвнинг кам даромадлилиги боис тўй харажатин ке­лин тараф кўтарди.

Афсуски, Гулруҳ билан Абдумутал тўйдан сўнг атиги тўрт ой бирга яшашди, кейин ўзаро келишмовчилик сабаб ажрашиб кетишди.

Абдумутал собиқ хотини ва қайнонасининг уйи­да катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқлар борлиги, улар ётоқхонадаги темир сейфда сақланишини жуда яхши билар эди.

Турмушидан ажрашган Абдумутал уйини ижарага берган бўлиб, унда Насрулло Абдузоиров оиласи билан турарди. Муқаддам босқинчилик ва талончилик жиноятларини содир этиб, икки марта суднинг қора курсисида ўтирган хавфли рецидивист Н. Абдузоиров ўша пайтда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2020 йил 10 августдаги ҳукми билан тайинланган беш йил озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди.

Баён этилган босқинчилик жинояти содир этилишидан бир неча кун илгари Абдумутал ижара ҳақи­ни олиш учун Н. Абдузоировнинг олдига боради. Буни қарангки, ўша куни Н. Абдузоировнинг таниши Юнус Раҳимов ҳам уникига меҳмон бўлиб келган экан. Улар Абдумутални дастурхонга таклиф қилишади.

«Кўр — кўр билан қо­рон­ғуда топади» деганларидек, бу пайтда 1994 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, бирон-бир жойда ишламайдиган Юнус Раҳимов ҳам содир этган жинояти учун суд ҳукмига асосан икки йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди.

Ҳеч кимга сир эмаски, жиноятга мойил одамлар даврасида ҳеч қачон эзгу ва хайрли амаллар ҳақи­да сўз очилмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди: дастурхон устида гап ишламай пул топиш, ўзгалар ҳисобига бойиш ҳақида кетди.

Шунда Абдумутал Жиззах шаҳрида яшовчи собиқ турмуш ўр­тоғи Гулруҳнинг уйида сақланаётган пул ва қимматбаҳо буюмлар ҳақи­да гапириб, суҳбатдошларини қи­зиқтириб қўйди. Бунинг устига Абдумутал темир сейф­да сақланаётган пул ва тақинчоқлар ўғирланса, Г. Пардамуродова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар бера олмаслигини, чунки бу бойликлар ноқонуний топилганини маълум қил­ди.

Катта миқдордаги ўл­жанинг дарагини эшитган Насрулло билан Юнус хурсанд бўлиб кетишди. Ҳамтовоқлар ўша заҳотиёқ бой хонадонни тунаш режасини тузишга киришишди. Би­роқ Абдумутал ўғирликни бирга қилишга қарши чиқди. «Сизлар билан бирга кир­сам бўл­майди, чунки мени таниб қолишади», дея изоҳ берди у.

Шундан сўнг Юнус ва Насрулло танишлари Жасур Ўскановга қўнғироқ қилиб, фойдали иш борлигини айтишди. Буёғини сўрасангиз, Жасур ҳам ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятларни содир этиб, муқаддам уч марта судланган, айни пайтда ахлоқ тузатиш ишлари жа­зосини ўтаётганди.

Қисқаси, ўтган йил 10 сентябрь куни Н. Абдузоиров, Ю. Раҳимов ва Ж. Ўсканов А. Холиқов ҳамроҳлигида киракаш автомашинада Жиззах шаҳрига келишади. А. Холиқов уларга собиқ турмуш ўртоғи Г. Пардамуродова яшайдиган уйни кўрсатади, хоналар қандай жойлашгани, темир сейф ва унинг калити қаерда туришини обдон тушунтиради. Шу куни ҳамтовоқлар хонадонни ташқи томондан кўз­дан кечириб, сўнг яна Тошкентга қайтишади.

Эртаси куни кечаси соат йигирма учларда бос­қин­чилар Ш. Набижоновнинг бошқарувидаги «Матиз» русумли автомашинада яна Жиззах шаҳри томон йўлга чиқиб, тунги соат учларда жиноят содир этилиши режалаштирилган маҳаллага етиб келишади. Ш. Набижонов автомашинаси билан маҳаллага кириш жойида қолади, чунки у ҳамроҳларнинг ғаразли мақсадидан мутлақо бехабар эди.

Жиноий режага кўра, босқинчилар юзини ниқоб билан бекитиб, пичоқ билан қуролланганча хонадонга бостириб киришади.Кейинги воқеалар қандай кечгани юқорида баён этилди. Босқинчилар жиноятни содир этиб, Тошкент шаҳрига қайтиб келишгач, Абдумутал Холиқовни алдашади. Улар 21 минг АҚШ долларини бос­қин­чилик йўли билан қўлга киритишганини ундан яширишади. «Фақат тилла тақинчоқлар бор экан, сотсак, сизга ҳам улушингизни берамиз», дейишади. Аслида Н. Абду­зои­ров, Ю. Раҳимов ва Ж. Ўс­канов 21 минг АҚШ долларини ўзаро бўлиб олишган эди…

Изқуварлар калаванинг учи пойтахтда эканини тахмин қилишганда адашмаган эди. Босқинчилик жинояти содир этилгач, орадан икки кун ўтиб Тошкент шаҳридаги «Олой» бозорида тилла буюмларни таъмирлаш, сотиб олиш, тақинчоқ ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор С. Зиёевга тилла дўконда савдо қилувчи Х. Собиров қўнғироқ қилиб, сотиладиган мол борлигини айтади. Бунга жавобан С. Зиёев «ўғрилик мол бўлмаса, олиб келаверинг», дейди. Шундан сўнг Х. Собиров Бекзод Эронқулов бирга унинг олдига боради.

 

Аслида Бекзод Жасур Ўскановнинг таниши эди. Жасур тилла тақинчоқлар ўзиники эканини айтиб, Б. Эронқуловни алдаган, пул зарур бўлиб қолгани учун уларни сотиб беришни илтимос қилганди. Б. Эронқулов ҳам тилла тақинчоқлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ эканини қайта-қайта айтгач, С. Зиёев унинг гапларига ишонади. Тақинчоқларнинг ҳақиқийлигини текшириб кўриб, 50 миллион 400 минг сўмга баҳолайди ва Б. Эронқуловнинг қўлига 4 минг 870 АҚШ доллари беради.

Ўз навбатида, Ж. Ўсканов Бекзоддан пулларни олгач, унга миннатдорчилик билдириб, хизмати учун 100 АҚШ доллари беради. Сўнг­ра тилла тақинчоқларнинг пули Н. Абдузоиров, Ю. Раҳимов, Ж. Ўс­канов ва А. Холиқов ўртасида тенг тақсимланади.

Изқуварларнинг ҳаракатлари бесамар кетмади. Босқинчилик йўли билан Тошкент шаҳрига олиб кетилган тилла буюмлар 18 сентябрь куни С. Зиёевдан ҳужжатлаштириб олинди.

Дастлабки тергов чоғида жабрланувчиларга етказилган 563 миллион 149 минг 570 сўмлик зарарнинг 177 миллион 935 минг 40 сўми қопланган. Судда она-бола жабрланувчилар қопланмаган 385 миллион 214 минг 530 сўм моддий зарарни ундириб бериш ва босқинчиларга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўради.

Суд далил ва асосларга таяниб Н. Абдузоиров, Ю. Раҳимов ва Ж. Ўскановни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчи Абдумутал Холиқовни босқинчилик жиноятига далолатчилик қилган деб ҳисоблади.

Суд Олий суд Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги «Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бў­йича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий тушунтиришларига таяниб, судланувчилар томонидан содир қи­линган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарар миқдори ва зарарнинг қопланмагани, жабрланувчиларнинг даъвоси борлигини инобатга олди. Уларнинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноятлар со­дир этишининг олдини олиш учун қатъий чораларни қўллаш зарур, деган хулосага келди.

Суд ҳукмига кўра, Н. Абдузоиров Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан ўта хавф­ли рецидивист деб топилиб, унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси та­йинланди. Судланувчи Ю. Раҳимов 15 йил 3 ой, Ж. Ўсканов 15 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд А. Холиқовга 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Қора гуруҳ қилмиши шу тариқа поёнига етди. Судланувчиларга нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланди, жиноий қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Суд ҳукмида судланувчилардан жабрланувчи Муяссар ва Гулруҳ Пардамуродова фойдасига солидар тартибда 385 миллион 214 минг 530 сўм ундирилиши алоҳида қайд этилди.

 

 

Ўткир ЖУМАЕВ,

Жиззах вилояти суди раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: