ҚОНУНГА НОМУВОФИҚЛИК ОЛИЙ СУД ТОМОНИДАН БАРТАРАФ ҚИЛИНДИ

Қонунчиликда шундай талаб бор: идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция, қонун ҳамда юқори юридик кучга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлиши мумкин эмас.

Аммо Шерзод Иброҳимов ўзининг хизмат фаолияти мобайнида қонун талабларига мувофиқ бўлмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга дуч келди. Бу — Ер ресурслари, геодезия, карто­графия ва давлат кадастри давлат қў­ми­тасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объект­ларига бўл­ган ҳуқуқларини давлат рўй­ха­тидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги Низомдир.

Мазкур Низом Адлия вазирлигида 2019 йил 22 апрелда 3156-сон билан рўйхатга олинган. Унинг 24-бандида «Мурожаатлар комиссия томонидан манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади», дея қайд этилган.

Низомнинг ушбу бандини ўқиган Ш. Иброҳимов «Ахир, бу «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун талабларига бутунлай зид-ку?!» — дея ўйланиб қолди.

Айтиш керакки, Давлат со­лиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ўз йўналиши бўйича Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қў­мита­си­нинг ҳуқуқий вориси саналади.

Бинобарин, Ш. Иброҳимов Олий судга Кадастр агентлигига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, юқоридаги Низомнинг тегишли бандини ҳақиқий эмас, деб топишни ҳам­да агентлик зиммасига мазкур бандни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қо­нун­га мувофиқлаштириш мажбуриятини юклашни сўради.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғ­рисида»ги қо­нуннинг 8-моддасида Ўзбекистонда Конс­титуция ва қонунларнинг сўзсиз устуворлиги тан олиниши кўр­са­тилган. Мамлакат қо­нунлари ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унга зид бўлиши мумкин эмас.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғ­рисида»ги қо­нуннинг 3-моддасида уш­бу қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳу­қуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бе­риш, рўй­хатдан ўтказиш тар­тиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бош­қа тартиб-таомилларига, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бош­қа маъмурий-ҳу­қуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган. Қонунийлик, тинглаш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги ва шаффофлиги эса, айни қонуннинг асосий принципларидир.

Албатта, ушбу ишни кўриб чиққан Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати юқоридаги Низомнинг 24-банди нафақат Бош қомусимиз ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғ­риси­да»ги қонунга, балки мамлакатимиз­да амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳам зид деб ҳи­соблади. Чунки ҳар бир шахс мулкий ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатларини кў­риб чиқиш жараёнида иштирок этиш, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқига эга.

Суд мажлисида Кадастр агентлиги ва Адлия вазирлиги вакиллари «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ла­ри­нинг кўчмас мулк объектларига бўл­ган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва ши­коят­ла­ри­­ни кўриб чиқиш тартиби тўғ­­­рисида»ги Низом билан фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланмаслиги, унинг юқо­ридаги банди қонун талабларига зид эмаслиги, мазкур Низомга нисбатан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғ­риси­да»ги қо­нун тадбиқ қи­линмаслиги ҳа­қи­даги важларини исботлай олмади.

Шу боис судлов ҳайъати Шерзод Иброҳимовнинг аризасини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қа­бул қилди. Яъни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ларининг кўч­мас мулк объект­ларига бўл­­ган ҳуқуқ­ларини давлат рўй­хатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги Ни­зом­нинг 24-бан­ди­ ҳақи­қий эмас, деб топилди.

Суд Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агент­лигига ушбу бандни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғ­риси­да»ги қонунга мувофиқлаштириш мажбуриятини юклади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир вазирлик, давлат қўмитаси ва бошқа органлар ўзларининг идоравий норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда уни қай­та-қайта муҳокама ва таҳлилдан ўтказишлари шарт. Зеро, ҳар бир ҳужжат кел­гуси­да фуқаролар ва юридик шахс­­лар­нинг ҳу­қуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимояси кафолати бўлиб хизмат қи­лиши лозим.

 

 

Дониёр ТОЖИБОЕВ,

Олий суд судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: