ҚОНУНГА ЗИД ҚАРОР УЗОҚ САРСОНГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Урганч шаҳар ҳокимлигида ўзини уддабурон санаган «ишбилармонлар» йўқ, десангиз, янгилишасиз. Шундайлардан бирининг «топоғонлиги» боис Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабардаги «2011-2015 йилларда» ибораси билан бошланувчи қарори матни «2011-2019 йиллар» иборасига ўзгарди.

Балки «Шунгаям ота гўри қо­зихонами, эътиборсизлик оқибатида йўл қўйилган ва дар­ҳол тузатса бўладиган оддийгина хато экан-ку!» — дея эътироз билдирарсиз. Ҳа, эъ­тиро­зингиз ўринли. Бироқ ўша атиги биттагина «жузъий» хато пировардида бутун бошли тадбиркорлик субъекти-ю, ушбу ҳокимликни овора-ю сарсон қилгани, жиддий қонунбузилиш ҳолати рўй бергани, ҳатто суд органини чалғитишга қаратилган ножўя қилмиш ҳам бўй кўрсатганига нима дейсиз?

Вазирлар Маҳкамасининг «2011-2015 йилларда мада­ният­ ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2010 йил 29 декабрдаги 332-сонли қарорининг амал қилиш санаси бузиб кўрсатилди. Шаҳар ҳокимлиги 2018 йилнинг 5 ноябрида ижро муддати салкам 4 йил муқадам-2015 йили тугаган ушбу ҳужжатни асос қилган ҳол­да янги 2814 к-сонли қа­рорни қабул қилди.

Унга биноан тадбиркор Шоҳруҳ Комиловга Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида «Ўқув маркази» биноси қуриш учун ваколатли маҳкама — «Тошбошплан ЛИТИ» давлат унитар корхонасининг бош режаси асосида 400 квадрат метр ер майдони узоқ муддатли ижара шартномаси асосида ажратиб берилди.

Мазкур ерни ўзлаштириш муддати уч йил, 2019 йил Ер кодексига киритилган ўзгартишдан сўнг эса, 2 йил қилиб белгиланди. Аммо чамаси, ҳокимлик мутасаддилари бу муддатни ҳам кўп кўришган чоғи, унинг охирлашини кутмаёқ, галдаги қонунбузилишига йўл қўйишди.

Ер тадбиркорнинг ихтиёрига берилгани ва ундан фойдаланишга қарата лойи­ҳа-харажат ҳужжатлари тайёрланганидан роппа-роса 1 йилу 10 ой ўтгач, 400 квадрат метр май­донни тадбиркорога бериш тўғрисида 2018 йил қабул қилинган қарор бекор қи­линди. Бу иш 2020 йил 5 сентябрда ҳокимнинг янги 1221 к-сонли қарорини қабул қи­лиш асносида амалга оширилди. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, «2015 йил» санаси айнан ана шу ҳужжатда «2019 йил» тарзида ўзгартирилди. Унга асосан тадбиркор Ш. Комиловга ажратилган 400 квадрат метр ер майдони яна ҳокимлик ихтиёрига қайтарилди.

Афсуски, бу жараёнда қо­нунбузилиш ҳолати ва уни хас-пўш­лашга қаратилган бош­қа ажабтовур воқеалар ҳам рўй берди. Аниқланишича, ҳокимлик мутасаддилари ерни ижарадордан олиб қў­йиш ҳақидаги қарорни қабул қи­лиш маҳали «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 60-моддаси талабини ҳам эъ­тибордан соқит этишган. Аслида қонуннинг талаби оддий, равшан ва тушунарли. Унда қайд этилишича, «Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс манфаатларига зид ра­вишда бекор қи­лиш, агар қо­нунда бошқача қои­да назарда тутилмаган бўлса, уни мажлисда қайта кўриб чиқиш орқали амалга оширилади». Мазкур қонуннинг 9-моддаси талабига кўра, маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қи­лиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имконини бериши шарт. Бироқ мутасаддилар қонун талабига риоя этишни лозим топишмади. Ерни тадбиркордан қайтариб олиш ҳақидаги қарор маъмурий органнинг мажлиси ўтказилмаган, манфаатдор тарафнинг иштироки таъминланмаган, унга ўз фикрини билдириш имкони берилмаган ҳолда қабул қилинди.

Бу эса, янада жиддий оқи­батларга олиб келди. Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини қонун билан қўриқлаш юзасидан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида белгиланган қоида бузилди. Шу боис ҳо­ким қарорига нисбатан ишончизлик ҳолати юзага келди.

Бу ҳолат шаҳар ҳо­кимлигига қа­рашли Ар­хи­тек­тура ва қурилиш бош­қармаси тарафидан тадбиркорнинг номига алоҳида ло­йиҳа-харажат ҳужжати тайёрланган, унга ҳокимлик ҳузуридаги доимий ишловчи комиссиянинг барча аъзолари ижобий хулоса берган, ер майдонини ижарага олиш ҳуқуқи боғнинг «Тошбошплан ЛИТИ» давлат унитар корхонаси томонидан тасдиқланган бош режасига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилган бир вазиятда рўй берди.

Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолия­тида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, уларнинг ишчанлик фао­лиятини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳи­моялаш, давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи идоралар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатда тадбиркорлик фао­лияти субъекти ҳуқуқ­лари­нинг устуворлиги принципига амал қи­лиш, унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликларни тадбиркорлик фаолияти субъекти фойдасига талқин қилиш бўйича «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қо­нуннинг 1- ҳамда 11-моддаларида назарда тутилган қоидалар ҳам эътибордан четда қолди.

Ушбу ҳолатларнинг бари манфаатдор шахс мақомидаги фуқаро Шоҳруҳ Комиловнинг даъво аризаси асосида ўтказилган суд мажлисида юзага қалқиб чиқди. Суд мажлисида жавобгар — Урганч шаҳар ҳо­кимлиги вакили Ў. Машариповнинг мулоҳазалари ҳам тингланди. Унинг айтишича, Урганч шаҳар ҳо­кимининг Ш. Комиловга шаҳардаги Амир Темур номидаги боғ ҳудудидан 400 квадрат метр ер майдонини ижарага бериш ҳақида 2018 йил 5 ноя­брда қабул қилинган 2814 к-сонли қарори Вазирлар Маҳкамасининг «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғ­рисида»ги 2010 йил 29 декабрда қабул қилинган ва ижро муддати аллақачон тугаб бўл­ган 332-сонли қарори 3-моддаси 4-хатбошиси талабига зид­дир. Чунки тадбиркор томонидан барпо қилинадиган объект­ни ушбу ҳуддудда жойлаштириш боғнинг бош режасида кўзда тутилмаган ва ҳо­кимнинг муқаддам 2018 йил 5 ноябр­да қабул қилинган 2814 к-сонли қарори шу важдан бекор қилиниши зарур.

Синчиклаб разм солган киши вакилнинг ушбу даъвоси бирмунча ғалати, ажабланарли ва ҳатто мантиққа ҳам зид эканини­ англамай қолмайди. Ҳа, даъво чиндан ҳам, ғалати. Ҳо­ким­лик­нинг ерни тадбиркорга бериш ва уни қайтариб олиш юзасидан чиқарган ҳар иккала қа­рори мазмуни айнан шундай. Иж­ро муддати бир неча йил аввал ўтиб кетган қарорни «бажариш» мақ­садида боғнинг тегишли ҳудудини манфатдор шахснинг тасарруфига бериш юзасидан 2018 йилнинг 5 ноябрида чиқарилган дастлабки қа­рорда қайд қилинишича, ушбу ер майдони қонун талабига мутлақо мос, нуфузли ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган бош режага ҳам тамомила мувофиқ ҳолда ажратиб берилган. Аммо орадан салкам 2 йил ўтиб, 2020 йил 5 сентябрда қабул қилинган 1221 к-сонли янги қарорга кўра, мазкур ер майдони Вазирлар Маҳ­ка­маси­нинг амалда бўлмаган айнан ана шу қарори талаб­ла­ри­га зид ҳолда ажратиб берилган ва у айнан шунинг учун ҳам тадбиркордан қайтариб олин­моғи керак…

Қизиқ, ижроси салкам 4 йил муқаддам тўхатилган қарорни шу алфозда талқин этиш кимга ва нимага зарур бўлиб қолди? Бу сингари саволларга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, шу сингари нохушликлар чор-атрофимизда ҳа­ли анчагина ва уларнинг кўпи судда ўзининг қонуний ечимини топмоқда. Бунинг амалдаги ифодаси зикр этилаётган масаланинг суддаги муҳокамаси чоғида ҳам намоён бўлди. Ерни тадбиркорга бериш ва тортиб олиш билан боғлиқ барча ҳолатларга ойдинлик киритилди, қабул қилинган ҳар иккала қарорнинг қонунийлиги адолат тарозусида тортилди.

Шу аснода ҳокимлик ва тадбиркор ўр­тасидаги зиддиятнинг одилона ва адолатли ечи­ми­ юзага келди. Тегишли ҳу­дуд­ни тадбиркордан қайтариб олишга қарата шаҳар ҳокими томонидан 2020 йил 5 сентябрда қабул қилинган 1221 к-сонли қарор ҳақиқий эмас, деб топилди. Ер ўз эгаси тасарруфида қол­ди.

Халқимиз «Етти ўлчаб, бир кес», деган ҳикматни бежизга айтмаган.

Ўйланмасдан қи­линган иш пировардида узоқ сарсонгарчиликка сабаб бўл­ди.

Аслида ҳар бир киши қо­нунга қатъий риоя этиб, бурч ва мажбуриятларини унутмаган жойда ортиқча муаммоларга ўрин қолмайди.

 

 

Дилмурод Очилов,

Урганч туманлараро

маъмурий суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: