ҚОНУНГА БЕПИСАНД МУНОСАБАТ АСЛО КЕЧИРИЛМАЙДИ

Ҳаётда амалдаги қонунлар талабига қатъий риоя этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади. Ҳолбуки, қонунга риоя этган киши ҳеч қачон кам бўлмайди.

Аксинча, қонунга беписанд муносабатда бўлиш, унинг талабларини бажармаслик ҳеч қачон изсиз кетмайди. Хусусан, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний талабини бажармаслик, унинг фао­лия­тига қаршилик кўрсатиш тегишли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Аниқроқ айтганда, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Норбек (исм-шарифлар ўзгартирилди) қаттиқ уйқуда эди. Кутилмаганда қўл телефони жиринглаб қолди. Қўш­ниси Сирожиддин қўнғироқ қилаётганди. Бу пайтда соат миллари тунги бир­дан қирқ дақиқа ўтганини кўр­са­таёт­ганди.

— Нима гап, тинчликми? — деб сўради Норбек.

— Ёрдамингиз керак, — деди Сирожиддин ташвишли овозда. — Профилактика инспектори менга нисбатан маъмурий баённома тузмоқчи бўляпти.

Норбек манзилни сўраб олгач, автомашинасини ўт олдириб шоша-пиша йўлга тушди.

Айтиш керакки, Сирожиддинга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштираётган профилактика инспекторининг хизмат вазифасига жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш, аҳо­ли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш сингари вазифалар киради. Демак, профилактика инспектори бежизга маъмурий баённома расмийлаштирмаган.

Шу ўринда воқеа тафсилотини батафсил баён қиладиган бўлсак, туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг шу йил 7 июнь кунги қарорига кўра, профилактика инспектори А. Бурҳонов биринчи ҳудуд бўйича 11 та маҳаллага ҳамкасби Ғ. Пўлатов билан тунги хизматга бириктирилганди.

Улар хизматни олиб бораётган вақтда «Чархин» ма­­ҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи «М — 37» автомобиль йўлининг четида оқ рангли «Нексия» русумли ав­томашина тўхтаб турганига кўзлари тушади. Автомашинанинг орқа ўриндиғида икки нафар йигит ва олдинда Сирожиддин ўтирганди. А. Бурҳонов уларга ўзини таништиргач, С. Шермаматовдан тунги дам олиш вақтида бу ерда қандай мақсадда ўтиргани, ҳужжатлари бор-йўқлигини сўрайди.

Сирожиддин автомашинани бошқа­риш билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим қилолмайди. Бунинг устига уларнинг шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспорти ҳам йўқ эди.

Шундан сўнг А. Бурҳонов С. Шермаматовга автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз бош­қаргани ҳолати бўйича ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш учун ЙПХ ходимларини чақиришини билдиради. Ке­йин эса, у С. Шермаматов ва унинг шерикларига тунги вақт­да мақсадсиз, амалдаги ка­ран­тин қои­даларини бузиб, ниқоб тақмасдан ўтиришгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштиришни бошлайди.

Аммо С. Шер­маматов профилактика инспекторидан баённома тузмасликни талаб қилади ва «Соҳибкор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи қўшниси, юқорида сизга таниш Н. Абдумуталовга қўнғироқ қилиб, ёрдамга чақиради.

Н. Абдумуталов етиб келиб, инспекторга «сиз бу маҳалланинг профилактика инспектори эмассиз, маъмурий баённома тузишга ваколатингиз йўқ», дейди.

А. Бурҳонов туман ИИБ бошлиғининг қарори ижроси юзасидан тунги навбатчиликни ўтаётганини айтиб, хизмат фаолиятига аралашмаслик ва тўс­қинлик қилмасликни сўрайди.

Албатта, Н. Абдумуталов ҳокимият вакилининг қонуний талабини бажарганида, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмасди. Аммо у профилактика инс­пек­то­рини турли ножўя сўзлар билан ҳа­қорат қилади. Яъни ай­­­ни шу йўл билан ҳо­­­­кимият вакилининг хизмат вазифасини бажаришига фаол қаршилик кўрсатади. Ҳатто А. Бурҳоновнинг қўлидан уяли алоқа телефон аппаратини тортиб олади. Бунга ҳам қаноат қилмасдан эгнидаги хизмат кийимининг пагонини йир­­тиб ташлайди. Жабрланувчига енгил тан жароҳати етказади.

Туман суд-тиббий экспертиза бўлинмасининг 286-сонли экс­пертиза хулосасида профилактика инс­пектори Алишер Бур­ҳоновнинг танасининг турли жойларида жароҳатлар мавжуд бў­либ, улар ўтмас қат­тиқ жисм таъсирида пайдо бўлгани, бу жароҳатлар «енгил тан жароҳатлари» гуруҳига кириши қайд этилган.

Суд дастлабки тергов органи томонидан тўп­ланган ҳамда суд мажлисида текширилган судланувчи Н. Абдумуталовнинг айбини тасдиқловчи далилларни мақбул далиллар деб эътироф этди. Судланувчи Н. Абдумуталовнинг жабрланувчини хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ҳа­қорат қи­лиш ва хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилишда ифодаланган жиноий ҳаракати даст­лабки тергов ор­гани томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қис­ми «а» бан­­ди ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми би­лан тўғ­­­ри малакаланган деб ҳисоблади.

Шундан келиб чиқиб, суд судланувчига нисбатан жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун тўрт йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жа­зоси тайинлади. Шу тариқа жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётда қонун талабига қатъий риоя этган киши ҳеч қачон кам бўл­майди. Қонунга беписанд муносабат эса, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Буни ҳеч қа­чон унутмаслик керак.

 

Баҳодир АҲМЕДОВ,

 жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани судининг раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: