ҚИМОР ҚУРБОНИ

Кейинги пайтда интернет тармоқлари орқали ўйналадиган турли қимор ўйинлари иродаси суст, узоқни кўра олмайдиган айрим кимсаларни ўз домига тортиб бормоқда. Буни Фарғона вилоятида рўй берган мудҳиш воқеа ҳам яққол тасдиқлайди.

Оилали, икки нафар фарзандли Умар Нишонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ташкилотда иш юритувчи вазифасида ишлаган. У интернет тармоғидаги қимор ўйинларини ўй­наб, даставвал муайян миқдорда пул ютган. Кейинчалик ютқаза бошлаган. Аммо «ютқазган курашга тўймас» деганла­ри­дек, у яна қимор ўйнашда давом этаверган. Натижада юз миллион сўмдан зиёд қарз бўлиб қолган. Ўйиндан четлаштирилган Умар қарз­ни узиш учун бошқалардан яна қарз олган. Шу тариқа қарз бот­қоғига ботган Умар қаттиқ тушкунликка тушган.

Бу орада қарз берганлар пулни қайтаришни талаб қила бошлайди. Бундан тинчи бузилган Умар топармон-тутармон қўшнисининг пулига кўз тикади. У нажот йўли сифатида «ўғирлик»ни танлайди.

Умар кундуз куни одам бўл­маслигини билгани учун қўшнисининг уйига орқа эшикдан кириб, пул сақланадиган сейф­ни оча бошлайди. Бироқ шу пайт кутилмаганда хонага қўшнисининг келини кириб келади. Унинг кўзи Умарга тушгач, ундан бу ерда нима қилаётганини сў­райди. Сири фош бўлганини сезган Умар ой-куни яқин бўлган келинчакка ташланади ва унга пичоқ санчади. Оғир жароҳат олган келинчак шу заҳотиёқ ҳаётдан кўз юмади.

Энг ёмони, унинг вужудидаги фарзанди ҳам ёвузлик қурбонига айланди.

Шу тариқа бир иллат янада оғир оқи­батли бошқа иллатларни келтириб чиқарди.

Инсон ўзига берилган ҳар бир имкониятни эзгулик ва яхшилик йўлида сарф­­лаганда, дунёда қабоҳатга ўрин қолмаган бўларди. Афсуски, баъзан амалда­ бунинг тескариси рўй беради. Оқи­батда эса, оғир жиноятлар содир этилади.

Бирваракайига икки инсоннинг умрига зомин бўлган Умар ҳам умрини нопок ишларга сарфлади. Аввалига қи­мор ўйинига муккасидан кетди.

Оқибатда қарзга ботди, бундан қутулиш учун эса, янада мудҳиш жиноятга қўл урди.

Суд эндигина 30 ёшни қаршилаган Умарга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қимор ўйинлари азалдан қораланган.

Муқаддас ислом динида ҳам қимор ўйнаш ман этилган. Шу боис ёшларни қимордек жирканч ўйин гирдобига тушиб қолмаслиги учун барча бирдек курашиши зарур. Ана шундагина бундай иллатларнинг олди олинади.

 

 

Акром Арипов,

Олий суд бош консультанти

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: