ҚИМОР – ҚАРЗ – ҚОТИЛЛИК

Қимор харом дейилади. Афсуски кейинги пайтда интернет тармоқлари орқали ўйналадиган турли қимор ўйинлари ҳам оммалашмоқда. Истисно тарзда айтиб ўтиш жоизки, ягона мақсади моддият бўлган бу жирканч “машғулотлар” афсуски жамият учун ҳам катта муаммолар туғдираётир. Ёшлар тарбиясида “маънавият” деган тушунчани суғуриб ташлаяпти. Бунинг оқибати эса аянчли.

Фарғона вилоятидаги даҳшатли воқеа ҳам ана шу – “1-xbet” ўйинидан катта миқдорда қарз бўлиб қолган фуқаро томонидан содир этилди. 1992 йилда туғилган Умар Нишонов (исм-шарифлар шартли) аввал судланмаган. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Яхшигина ташкилотда иш юритувчи вазифасида ишлаган. Нима бўлдию, интернет тармоғи орқали қимор ўйинларига (ҳа, шундай дейиш ноўрин эмас, бизнингча) ўралашиб қолди. Даставвал ютди, албатта. Кейин ютқаза бошлади.

“Ютқазган курашга тўймас”, деганларидек давом этаверди, давом этаверди. Қарз миқдори 100 000 000 сўмдан ошиб кетди. Бундан ташқари, кўчадан, дўсту ёр, танишларидан олган қарзлари бор эди. Табиийки, бундай ҳолатларда ҳақдор томон чора кўришни бошлайди. Ўйинлардан четлаштирилган Умар ўз ўрнида қарздорликни ёпиши лозим эди. У ҳақдорлар томонидан тез-тез огоҳлантирилар, ҳатто таҳдидлар бўлиб турарди. Қарзни биридан олиб бирига, бошқасидан олиб иккинчисини ёпарди. “Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин”, дейишган. Умар қаттиқ “стресс” холатига тушиб борарди.

Қўшниси Омондан ҳам қарз сўраб турар, лекин вақтида қайтариб берарди.

Бу гал у 5 000 АҚШ доллари сўраганда Омон бироз ўйланиб қолди.

Қурилиш қилаётганини айтиб, 2 000 АҚШ доллари бериб тура олишини айтди. Умарнинг иши бу билан битмасди. Қўшниси берган 2 000 долларни ҳам олдию қандай қилиб вазиятдан чиқиш мумкинлиги ҳақида ўйлади.

Айни шу ўйлар, тинимсиз қўнғироқлар унинг тинчлиги, оромини олганди.

На куни, на тунида ҳаловати бор эди.

У қўшнисида яна пул борлигини ва пулларни айни қайси хонада туришини ҳам биларди. Миясида “лоп” этиб кўриниш берган бир ёмон ўй унга нажот бўлиб кўринди.

Аслида “ўғирлик” даб аталувчи бу ёмонлик ортидан эса ёвузлик ҳам эргашиб қолиши мумкинлигини идрок этишга унда куч йўқ эди.

Кундуз куни уйда эркаклар бўлмаслигини билгани холда Омоннинг келинчаги кўча тозалаб юргани кўрдию мақсадини амалга ошириш истагида орқа эшикдан ҳовлига кириб борди. Пул сўраганида доимо олиб чиқиб бериладиган хона томон юриб аста ичкарига кирди. У ер бу ерга кўз югуртириб ҳали “объект”ни топиб улгурмагандики, залда оёқ товуши эшитилди. Умар яширинмоқчи бўлди, аммо шарпа хона томон яқинлашиб у билан юзлашди.

Уйларида куппа-кундуз куни бегона одамга кўзи тушган аёл қичқириб юборди.

– Бу ерда нима қиляпсиз?!

Аёл шошиб ташқарига отилди. У ҳомиладор, ҳатто ой-куни яқин эди.

Орқасидан отилиб чиққан Умар ошхона рахида турган пичоқни олди-ю аёлга ташланди.

–  Ўчир! Ўчир деяпман!

Пичоқ бир зумда аёлнинг кўксига қадалди. Кейин яна… яна… охиргиси ҳатто бўйнидан тортилди.

Ерга узала тушган ҳомиладор аёлнинг устидан сакраб ўтган Умар ўзини яна орқа эшика урди!

Ўшанда соат кундуз 11.30 лар чамаси эди. Уйига чиқиб ўзини ўнглаб, қўшнисининг уйи олдидаги оломондан юраги ҳовлиққан Умар четроқдаги 1-2 кишига қўшилган бўлди. Маълумот олмоқ бўлди. Аммо эплолмади, воқеа жойида туролмади. Аста юриб орқасига қайтди.

Моҳичеҳра Исақова 26-27 ёшлар орасидаги навниҳол жувон эди. Бир нафар қизалоғи бор, турмуш ўртоғи билан улкан орзулар оғушида ўғил фарзанд кутишаётган эди. Шифокорлар уриниши зое кетди.

Моҳичеҳранинг жароҳатлари ўта оғир, боз устига кўп қон йўқотган эди.

Унинг вужудидаги бугун-эрта ёруғ оламни кўришга шай “қўчқордек ўғил” ҳам айни онаси янглиғ ёвузлик қурбонига айланганди.

Инсоният имкониятларни доим ҳам муваффақият, эзгулик, яхшилик йўлида ишлатавермас эканда. Бизга улкан шароитлар манбаи бўлиб кириб келган тараққиёт туҳфаларидан фойдаланишни ўйин, шўхлик, беҳайр қизиқишларга алишиш оқибатлари эса афсуски тез-тез бўй бериб турибди.

Буни тўхликка-шўхлик ёинки, нонкўрлик деб аташ ҳам ўринли бўлар.

Икки инсон ҳаётига, умрига зомин бўлган Умарни ҳам ана шундайлар сирасидан дейиш мумкиндир. Унинг биргина адашиши оқибатида, гарданида яхшиликка ёмонлик, тўқликка-шўхлик, бебошлик, нонкўрлик ҳатто қотилликдек иллатлар бош кўтарди ва алалоқибат ўз умрига-да зомин бўлди. Яқинлари, оиласи, ота-онаси ҳаловатини кунпаякун қилди.

Эндигина 30 ёшни қаршилаган, айни навқирон даврида ўта оғир жиноятни содир этиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Барчамизни оиламиз, маҳалламиз, атрофимиз ва албатта, жамиятимизни бундай қусурлардан, фожеа – жиноятлардан ҳоли қилсин! Тинч-осойишта юртимиз, фаровон турмушимиз, яратилган имкониятлар қадрини билган ҳолда муносиб яшаш қандай яхши. Холбуки, бу неъматлар бизда бор, кимлардадир эса… Хулоса ўзингиздан.

 

 

Акром Арипов, 

Олий суд бош консультанти

 

(“Жамият” газетаси,

 2022 йил 7 апрель)

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: