ҚИДИРУВДАГИ ТЕРРОРЧИ 22 ЙИЛДАН СЎНГ ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Юртимизда мустақиллик туфайли диний эътиқод эркинлигига қонун асосида кенг йўл очилди.

Пойтахтлик Қудрат Юнусов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бу имкониятдан фойдаланган ҳолда диний маросимларни адо эта бошлайди.

Аммо орадан йиллар ўтиши билан унда чин эътиқод ўрнини ақидапарастлик ғоялари эгаллайди. Аниқро­ғи, у маҳалладошлари Толируҳ Зиёхонов (лақаби «Абдумалик») ва Аъло Акбаров (лақаби «Ади») ташкил этган норасмий йиғинларга қатнашиб, «жамоат ами­ри»,­ «ҳижрат», «жиҳод» сингари ақи­­­­да­па­раст­лик ғояларини ўр­­га­нишга киришади. Ке­йин­ча­лик масжидда йиғилган шахс­ларга очиқдан-очиқ равишда ақидапарастлик ғояларини даъват қи­ла бошлайди. Бу йўл­да у мамлакатимизда фаолияти тақиқланган «Туркистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилоти билан олдиндан тил бириктиради. 1998 йилнинг январь ойида «ҳижрат» ниқоби остида Че­ченис­тонга йўл олади. У ер­да уюшган қу­ролли гуруҳлар таркибида жанговор тайёргарликдан ўтиб, террорчилик ҳа­ра­катини назарий ва амалий жи­­ҳатдан ўрганади. Сўнгра мамлакатимизга қайтиб келади. Орадан кўп вақт ўтмасдан террорчилик ташкилоти раҳбарларининг кўрсатмасига асосан ўанишер, Сайфулло ва Ботир исмли шахслар билан бирга қонунга хилоф равишда Тожикистонга чиқиб кетади.

У ерда улар террорчилик ташкилоти аъзолари учун кийим-кечак тикиш билан шуғулланишади.

1999 йилнинг январь ойи охирларида Қ. Юнусов тергов жараёнида аниқлашни имкони бўлмаган, террорчилик ташкилоти раҳбарларидан бири ҳи­собланган «Абдулҳаким» исм­ли шахсдан бой-бадавлат шахс­­ларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш ҳа­қида кўр­сатма олади. Шу мақсадда қонунда белгиланган тартибни бузиб, айланма йўл­лар орқали Ўзбекистонга келади.

1999 йил 16 февраль куни террорчилик ташкилоти томонидан Тошкент шаҳрида кўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилади. Ана шу пайтда Қудрат Юнусов ўз раҳнамоларидан зарур топшириқларни ку­тиб туради.

Лекин ҳуқуқни му­­ҳо­фа­за қилувчи идораларининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида ташкилотнинг ҳаракатларига чек қўйилади.

1999 йил 4 март куни Қ. Юнусов ҳамтовоқлари Т. Зиёхонов, Ғ. Солиев, И. Худойберганов (лақаби «Ҳолид»), Н. Ҳакимов, М. Сафаров (лақаби «Муслим»), К. Қосимбеков (лақаби «Абдураҳмон»), А. Қуд­ратов (лақаби «Аббос») ва тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган «Санжар» исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, Тошкент туманида истиқомат қилувчи Қобилжон Обидовнинг хонадонига бостириб киради. Сўнгра хонадон со­ҳиб­ларини пичоқ, арқон ва ўқ-отар қуролларга ўхшаш буюмлар билан қўрқитиб, уларнинг қўл-оёқларини боғлаб қў­йиб, 1 000 АҚШ доллари, 250 000 сўм миқдоридаги пул, 1 000 000 сўмлик тилла тақинчоқларни босқинчилик йўли билан эгаллашади.

Қўл­га киритилган пулни М. Сафаров орқали террорчилик ташкилотининг аъзоларига юборишади.

Шундан сўнг Қ. Юнусов қо­нунга хилоф равишда Тожи­кис­тонга ўтиб кетади.

Унга нисбатан Тошкент шаҳридаги қў­порувчилик ҳаракатлари ҳам­да босқинчилик жиноятини содир этгани учун амалдаги Жи­ноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қидирув эъ­лон қилинади.

Қ. Юнусов 1999-2006 йилларда Афғонистон, Покистон, Эрон ва Тожикистонда дайдаб юради. У ушбу давлатлардаги террорчилик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади. Бу орада ҳамтавоғи Ғ. Солиевнинг бева қолган аёли Мавлуда Солиева ҳамда тожикистонлик Малика Давлатовага шаръий никоҳ асосида уйланади. Қолаверса, ик­ки-уч маротаба бошқа шахсларнинг фуқаролик паспортига ўз суратини ёпиштириб, исм-шарифини ўзгарти­ра­ди.

2006 йилнинг декабрь ойида у М. Давлатованинг укаси Иззатулло Давлатовнинг сохталаштирилган ҳужжати билан ноқонуний равишда «Душанбе-Бишкек-Олмаота» йўналиши бўйича Қозоғистонга борган вақтида қўшни давлатнинг хавф­­сизлик идоралари томонидан ушланган.

Унга бир неча жиноятларни содир этганлик айблови асосида узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазо муддатининг 14 йилу 7 ойини ўтаб озодликка чиққанидан сўнг 2021 йил 26 август куни Ўзбекис­тонга экстрадиция қилинган.

Яқинда жиноят ишлари бў­йича Мирзо Улуғбек тумани судида Қудрат Юнусовга нисбатан муқаддам қўзғатилган жиноят ишлари кўриб чиқилди.

Суд уни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «в» банди, 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” банд­лари, 159-моддаси 4-қисми, 161-моддаси, 223-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 242-моддаси 1 ва 2-қисми ҳамда 244-2-моддаси 2-қисми «а» бан­ди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон учун Ватандан муқаддас гўша, унда эмин-эр­кин ва ҳузур-ҳаловат ила умргузаронлик қилишдан ор­тиқ бахт бўлмаса керак. Бу неъ­мат­ларнинг қадрига етмай, уларни саробга алмаштириб, нақ 22 йил ватангадо бўлиб юрган судланувчи умрининг катта қисмини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бундай аянчли қисмат бошқалар учун сабоқ бўлиши зарур. Зеро, бу дунёда ҳар ким экканини ўради.

 

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: