ҚАРОР ТОПГАН ҲАҚИҚАТ: БЕШ ЙИЛДАН СЎНГ АДОЛАТ ТИКЛАНДИ

Маълумки, ҳаётда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам жавобсиз қолмайди. Навоий шаҳрида яшовчи 2016 йилда ноҳақ судланган ҳамюртимиз Мусафир Акберовнинг орадан 5 йил ўтиб оқлангани замирида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам.

Гап шундаки, «Навоийазот» акциядорлик жамиятида 1-даражали муҳандис лавозимида ишлаган Мусафир Акберов ўшанда жамиятнинг бир гуруҳ масъул ва мансабдор шахсларига нисбатан қўз­ғатилган жиноят иши доирасида но­ҳақ жиноий жавобгарликка тортилган. Тергов органи ва суд томонидан эълон қи­линган айблов хулосасида Мусафир Акберов «Навоийазот» акциядорлик жамияти бош муҳандиси Ё. Холибоев, бўлими бошлиғи В. Шарипов билан ўзаро жиноий тил бириктиргани қайд этилган.

Унда айтилишича, 2014-2015 йилларда жамиятда бир қатор капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бинобарин, бир қатор пудратчи ташкилотлар ана шу иш­ларни бажариш бўйича ўз таклифлари билан мурожаат қилган.

Бунга масъул бўлган уч ҳамкасб шартнома қийматидан келиб чиқиб, ўша ташкилотлардан шартнома тузиш ҳамда бажарилган ишларни қабул қи­лиш эвазига ўн фоиз миқдорида пора олиш, «даромад»нинг 5 фоизини ўзи ва В. Шарипов ўртасида тақсимлаш, қолган 5 фоизини эса, Ё. Холибоевга бериш ҳақида режа тузишган. Натижада 2014-2015 йилларда жамиятнинг турли цеҳларида капитал таъмирлаш, қолаверса, Навоий шаҳридаги истироҳат боғида саҳна қуриш ишларини бажаришга даъвогар бўлган «Шаҳризода-шахина», «Зарафшон тола импекс» ва «Кармана милк Инвест» масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда «Гўзал тонг шабада» хусусий фирмаси мансабдор шахсларидан 30 000 000 сўм ва 3 000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан такроран пора тариқасида олиб, пулни ўзаро тақсимлашга келишишган.

2015 йилнинг август-сентябрь ойларида мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Оқибатда 2015 йил 19 сентябрь куни Мусафир Акберов қамоққа олинган. Айни ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди 2016 йил 17 июндаги ҳукми би­лан ҳар бир судланувчига жазо тайинлаган.

Жумладан, суд Мусафир Акберовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топиб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам­да 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Шундан сўнг у озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. 2017 йил 15 мартда эса, унинг ўталмаган жазо муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар М. Акберов ҳамда унинг ҳимоя­чиси Г. Мўминованинг жорий йилда Навоий вилояти судига апелляция тартибида шикоят беришига асос бўлди. Апелляция шикоятини судда кўриш жараёнида Мусафир Акберовнинг баён этилган жиноятга алоқаси йўқлиги, тергов органи ва биринчи бос­қич суди уни ноҳақ айблагани аён бўл­ди.

Хусусан, апелляция су­ди мажлисида М. Акберов 2014-2015 йиллар давомида 30 000 000 сўм ва 3 000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан олмагани, дастлабки тергов ҳамда биринчи босқич судидаги кўрсатмаларини тазйиқлар остида берганини билдирди. Қолаверса, гувоҳ — «Шаҳризода-шахина» масъу­лия­ти чекланган жамияти раҳбари Р. Темиров ҳам шундай тазйиқлар таъсирида М. Акберовга қарши кўр­сатма берганини маълум қилди.

Бош прокуратура, Олий суд, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 23 июнда имзоланган «Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича» Қўшма кўрсатмасида аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганда жиноят иши қўзғатилиши, шахснинг қа­моқ­қа олиниши, жиноий жавобгарликка тортилиши, жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақи­да қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, ҳар қандай ҳолатда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги белгиланган. Би­роқ жиноят иши ҳужжатларида М. Акберовнинг айбига иқрорлик ҳамда бошқа шахсларнинг унга пора берганлик ҳақидаги кўрсатмаларидан таш­қари объектив далиллар мажмуини ташкил этувчи бирор-бир аниқ мезон мавжуд эмас.

Бундан ташқари жиноят ишидаги фақатгина иқрорлик кўрсатмалари ва шубҳа-гумон­лардан иборат ҳолатлар М. Акберовни жиноят содир этганликда айблаш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолатда эса, суд ҳукмини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди.

Жиноят процессуал кодексининг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли экани суд муҳокамасида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши лозим. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўл­ган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши керак.

Бинобарин, Навоий вилояти суди жиноят ишлари бў­йича Навоий шаҳар судининг 2016 йил 17 июндаги ҳукмининг Мусафир Акберовга оид қисмини бекор қилиб, уни Жи­ноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топди. Яъни М. Акберов Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди.

Дарвоқе, суд ажримида оқ­ланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган эди. Шу боис у ғайриқонуний жиноий жавобгарликка тортилгани оқибатида етказилган моддий зиённи ундиришни сўраб, яна судга мурожаат қилди.

Жиноят процессуал кодексининг 304-моддасида реабилитация этилган шахсга ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бош­қа даромадлар, пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса, пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек, суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати, суриштирув, дастлабки тергов ор­ганлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати, суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари, юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан юридик маслаҳатхонага тўланган пул, шунингдек, унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар қопланиши лозимлиги белгиланган.

Ана шу қайд этилган асосларга мувофиқ, суд М. Акберов фойдасига 29 219 485 сўм моддий зарар ундириш юза­сидан ажрим чиқарди. Моддий зарарни қоплаш эса, Навоий вилояти молия бошқармаси зиммасига юклатилди.

Мана шу тариқа яна бир инсоннинг қисмати билан боғлиқ адолат қарор топди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси туфайли оқланган шахслар сафи кенгайиб бормоқда. Зеро, бир шахсни ноҳақ айблаш, йиллар ўтгач эса, уни оқ­лаш ёш авлодга сабоқ бўлиши шарт. Чунки улар қонун устуворлиги таъминланиб, адолат тантана қилаётган жамиятда яшашмоқда.

 

 

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,

Навоий вилояти суди

раиси ўринбосари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: