ҚАРИНДОШГА ҚЎЙИЛГАН ТУЗОҚ

Кўплар қатори урганчлик Озода Йўлдошева  ҳам асални ёқтиради. Шу боис анчадан буён асалари парваришлаш, қолаверса, ундан даромад орттиришни ният қилади. Бироқ оиладаги маблағ тақчиллиги бу эзгу ниятни рўёбга чиқаришга монелик қиларди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз: бозор муносабатлари ва эркин тадбиркорлик йўлини тутган Ўзбекистонда маблағ ор­зулар ижобати йўлидаги энг катта тўсиқ эмас. Истак бўлса, бас. Орзунинг рўёби йўллари мудом очиқ.

Озода ана шундай кунларнинг бирида «Агробанк»нинг туман филиали раҳбари номига ариза ёзиб, камида 25 қути асалари уясини парваришлаш учун молиявий ёрдам сўради. Унинг бу эзгу ниятини оилада ҳаммадан кўра қайн­оғаси Арслон кўпроқ қўллаб-қувватлади.

— Янга, сиз учун ажойиб совға ҳозирлаяпман, — деб қолди у кунларнинг бирида.

— Хўш, қандай совға экан?

— Сизга ҳамроҳ бўлиб,банкка шахсан ўзим бораман. У ерда танишларим бор. Қараб туришмайди. Кўмак беришади. Камида 20 миллион сўм кредит оласиз. Ариларни парваришлаб, ҳаммаёқни асалга, чўнтакни эса, пулга  тўлдирасиз.

— Майли, сиз айтганча бўлақолсин.

Қайнуканинг бу янглиғ ширин-шакар сўзи-ю, кафолатомуз ваъдасидан сўнг чиндан ҳам, Озоданинг кўнгли кўтарилди, қўлига кредит маблағи теккандек қувонди.

Дарҳақиқат, бу янглиғ шахдамликнинг сир-синоати бор. Суянса, арзигулик ўз одами шу банкда ишлайди. Қолаверса, банк кредити учун тузилган режа ҳам пухта-пишиқ.

Арслон «ўз одамимиз», дея ғойибдан танитган банк ходими Улуғбек Солаев (ҳозирда собиқ) уларни илиқ кутиб олди. Ташрифдан кўзланган мақсад — унга олдинданоқ аён эди. Шу боис гапнинг индаллосини эшитмаёқ интиҳосига кўчди. Озоданинг номига берилажак 20 миллион сўм ҳажмидаги кредит маблағи ҳужжатлари деярли тахт эканини мамнуният билан таъкидлади.

Банк масъули ўз мижозларини алдаб-аврамаган, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмаган, О. Йўлдошеванинг аризасига биноан ажратилиши за­рур бўлган банк кредитига оид ҳужжатларни эса, тайёрлаб қўйганди.

Пулнинг бўлғуси эгаси Озода Йўл­дошеванинг «Агробанк» туман филиалига такроран боришга ҳожат ҳам, эҳ­тиёж ҳам қолмади. 25 қути асалари уясини 20 миллион сўмга  сотиб олиш юзасидан 14-тартиб рақами остида қайд қилинган шартнома 17-май куни унинг имзосиз расмийлаштирилди.

Аниқроғи, ҳужжатга Озоданинг номидан У. Солаевнинг ўзи имзо чекди. Ўзга шахс­нинг дастхати қўйилган қалбаки ҳужжат имзолангани ҳамон кредит маслаларини кўриб чиқувчи туман ҳудудий ишчи гуруҳига тақдим этилди ва ижобий хулоса олинди.

…Қайнука — Арслон Қутлимуродов тегишли ҳужжатлар тайёрлиги, гал ажратилган 20 миллион сўм миқдоридаги пулни олишга келиб тақалганини не­гадир янгасидан сир тутди. Лекин ёпиғли қозон ёпиғлигича қолмади. Коса тагида нимкоса борлиги маълум бўлди. Кейинчалик аниқланган факт ва далилларга қараганда, банк тегишли ҳужжатлар рас­мийлашти­рил­гач, 20 миллион сўм маблағни йилига 8 фоизлик имтиёзли устама асосида 3 йил-у 6 ой муддат ичида қайтариш шарти би­лан 2019 йил 17 майда О. Йўлдошеванинг тасарруфига ўтказиб берган. Аммо бу маблағ эгасининг қўлига етиб келмаган.

…Банк масъули У. Солаев ҳақиқатан ҳам, танишининг ишончини оқлади. О. Йўлдошеванинг номига ажратилган пул ўзаро келишувга мувофиқ эгасидан қатъий сир тутилган ҳолда ўша куннинг ўзидаёқ тумандаги «Иброҳимов Шомурод Тангриберганович» деҳқон хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Хў­жалик раҳбари Ш. Иброҳимов ҳам сў­зида собит турди. Ўз ҳисоб рақамига келиб тушган маблағни нақд­лаш­ти­рилган ҳолда ортга қайтарди.

Шундан сўнг ҳам бу маблағ ўзининг ҳақиқий эгасига етиб бормади. Аксинча, А. Қутлимуродовнинг чўнтагига келиб тушди. Озода эса, банк кредитига тааллуқли шартнома ҳужжати шу алфозда сохталаштирилгани, унга асосан берилган пул фириб асносида ўзлаштирилгани ва аллақачон ўз қайноғасининг шахсий манфаати йўлида сарфлаб юборилганини ҳатто билмай ҳам қолди. Қайноғасидан кредит маблағи қачон берилишини сўрайвериб, чарчади. Бу орада фирибнинг бошқа бир қилиғи ҳам намоён бўлди. Арслон ҳа­ром луқма сифатида жиғилдонга жо бўлган ўзганинг ҳалол ризқи-насибасини оз билди чо­ғи, тағин янгасига юз­­ланди. Кредитни қоплаш учун олдиндан 500 минг сўм миқдорида нақд пул тўлови талаб қилинаётганини айт­ди. Банкнинг молиявий ма­­дадига астойдил умид боғлаган Озода унинг сў­зини ерда қолдирмади. Шу заҳотиёқ 500 минг сўмни унинг қўлига тутқазди. Арслоннинг ўпқон очган нафси бу пулни ҳам ўз домига тортди.

Кунларни қувлаган куйи ҳафталар, ойлар ўтди. Озода Арслондан пулни сўрайвериб чарчагач, банк мутасаддиларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Шундан сўнг хаспўшланган сирнинг синоати очилди. Оилавий тадбиркорликка бел боғлаган Озода Йўлдошева 2019 йилнинг май ойидаёқ ўз номига «Агробанк»нинг туман филиали томонидан жорий ҳисоб рақами очилгани ва 20 миллион сўм ҳажмидаги кредит маблағи ушбу ҳисоб манзилига ўтказиб берилгани, пировардида эса, ҳақи­қий эгаси бир четда қолиб, қайнукасининг чўнтагига кирганини орадан роппа-роса 1 йил-у 3 ой ўтиб, 2020 йилнинг август ойида билди. Ўз қайнукасининг фирибига дуч келган аёл ҳам қараб турмади. Ҳақ-ҳуқуқлари ҳи­моя­сини сўраб, тегишли назорат маҳкамасига мурожаат қилди. Иш Озоданинг фойдаси, фирибга қўл берганларнинг зарари томон силжиди. Тергов ҳа­ракатлари ўтказилди. Суд эса, ҳар икки нафс бандасининг ўзаро тил бириктирилган ҳолда содир этган қилмишини Жиноят кодексининг фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришга тегишли 168-моддаси, 228-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича малакалади.

Баднафс кимсаларнинг ғайриқонуний қилмишига шу аснода чек қўйилди.

Жиноий кирдикорни юзага келтирган омиллар ва шарт-шароитларни аниқлаш, тафсилотларини ўрганиш чоғида қилмиш таф­силотлари янада ойдинлашди. Кредитнинг ҳақиқий эгаси О. Йўлдошева ва банк муассасаси вакили О. Сафарбоев фуқаровий даъвогар, айбланувчининг акаси Р. Қутлимуродов ва фуқаро С. Аҳмадбоева гувоҳ мақомида қатнашди. Қонун устуворлиги намунаси, адолат ва ҳақиқат ҳисси юз-хотирдан устун келди.

Даъвогар ва гувоҳлар жазони қонуний ва одилона тарзда тайин­лаш талабини илгари сурди.

Қонун эса, етти ўлчаб бир кесишни, жазони ким бўлишидан қатъи назар одилона ва адолатли тарзда тайинлашни тақозо қилади. Суд масаланинг бу жиҳатини алоҳида муҳокама қилди. Бу жараёнда юртимизда кенг расм бўлган инсонпарварлик тамойили олдинги маррага чиқди. Ҳар икки судланувчининг айбига иқорлиги, қилмишидан ас­тойдил пушаймонлиги, моддий ва ои­лавий шароити, банкдан олинган ва фириб йўли билан ўзлаштирилган кредит маблағини қайтаришга қаратилган ҳаракатлари инобатга олинди. Жазодан кўзланган мақсадга ушбу таъсир чорасининг енгилроғини қўллаш орқали ҳам эришиш мумкинкинлиги назарда тутилди.

Судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг жазони енгиллатишга хизмат қилувчи тегишли моддалари татбиқ қилинди. Бунинг шарофатидан уларга оиласи ва яқинлари даврасида тарбияланиш, маънан ва ахлоқан покланиш имкони берилди.

Судланувчилар тегишли муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қи­лин­ди.

Айни пайтда банк кредити бў­йича тўланмасдан қолиб кетган 16 миллион 617 минг сўм миқоридаги маблағни биргаликда қоплаш мажбурияти ҳам уларнинг зиммасига юкланди.

Шу тариқа ўзганинг ҳақига хиёнат қил­ган кимсалар ўзлари қў­йган тузоққа ўзлари илинишди. Нафс қутқусига учиб, қариндошига хиёнат қилган қайинука эса, оғир иснодга қолди. Энди у айбини ҳалол меҳнати билан ювиши керак. Ана шундагина эл-юрт, қавм-қариндошлар олдидаги юзшувутлик унутилади.

 

Бунёд  Якубов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: