ҚАЛТИС ҚАДАМ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Қувасой шаҳрининг «Полмон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мавжуда Акбаралиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил 26 октябрь куни кенжа ўғли Низом билан бирга қўшни мамлакатда яшовчи қариндошлариникига тўйга кетади. Уйда қизи Муҳайё бир ойлик чақалоғи билан ёлғиз қолади.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бу оила ўзига тўқ оилалардан эди.

Қолаверса, катта ўғли Зиёдулла Ак­баралиев хорижда ишлаб, яхшигина даромад топишини ҳам маҳалла аҳли яхши биларди.

Қўшни кўчада яшовчи Исроил Алимов орқаваротдан «Мавжуда Акбаралиеванинг уйида тўртта қопда хориж валютаси бор», деган узунқулоқ гапни эшитган эди. Аммо бу гап қанчалик рост ёки ёл­ғон эканини у аниқ билмасди.

Кейинчалик вазият шунга бориб етдики, у бу маблағни қўлга киритиш учун жиноий режа тузишга киришди. Охир-оқибат у ғаразли мақсадини синфдоши Маъруф Иминжонов ва маҳалладоши Жафарали Мамановга айтди.

— Қулай пайтни пойлаб, уй­га кирамиз. Агар ҳаммасини олиб чиқсак, сизларни қу­руқ қўймайман, икки минг доллардан бераман, — деди И. Алимов.

Ҳамтовоқлари мўмай даромад дарагини эшитиб, дарҳол унинг таклифига рози бўлишди.

— Яна бир киши керак, ҳар ҳолда кўп­чилик бўлсак, иш тез битади, — дея мас­лаҳат берди И. Алимов. Шериклари ҳам бу фикрни маъқуллашди.

Эртаси куни И. Алимов воя­га етмаган Аҳрор Сайдуллаевнинг кўнглига қўл солиб кўрди. Ўша пайтда А. Сайдуллаевнинг икки кишидан қар­здор бў­либ, шуни қандай тўлашни билмай боши қо­­тиб юрган эди. Шу боис у доллар «операция»сини эшитгач, ўй­лаб ҳам ўтирмай рози бўлди.

Жиноий режага кўра, Исроил, Жафарали ва Аҳрор хонадонга яширинча кирадиган, Маъруф эса, кў­чада пойлаб турадиган бўлди.

2021 йил 24 октябрь куни кечқурун жиноий гуруҳ М. Акбаралиеванинг уйи олдига келишади. Аммо кутилмаганда меҳмонлар келиб, ҳовли гавжум бўлиб қолади. Буни кўриб, жиноий гуруҳ режани амалга оширишни бошқа кунга қолдиришади. Аммо кейинги сафар Жафарали келмайди. Шунинг учун ичкарига Исроил билан Аҳрор киради. Бу вақтда Маъруф нарироқдаги канал бўйида И. Алимовнинг отаси Икром Алимовга тегишли «Дамас» автомашинасида кўчани кузатиб туради.

Юзига ниқоб тақиб, қўлига «Gletcher CLT 1911» русумли тўппонча тутган «чақирилмаган меҳмонлар» хонадонга кириб, пул қидиришга тушишади.

Ай­ни шу пайтда боласи билан уйда ўтирган Муҳайё Акбаралиева оёқ товушларини эшитиб қўрқиб кетади, бир муддат гапира олмай қолади.

Сўнг боласини бағри­га босиб, бироз ўзига келгач, нотаниш кимсалардан ким эканини сўрайди.

— Бақирсанг, отиб ташлайман, — дей­ди И. Алимов ун­га тўппончани ўқталиб.

Айни шу маҳал Муҳайёнинг уяли телефони жиринглаб қолади.

Қўшнисининг қи­­зи Маликага кечаси ўзи билан бирга ётишни илтимос қилгани учун у телефон қилаётган эди.

— Жавоб бер. Аммо кўп гапирма, ке­йинроқ қўнғироқ қи­ламан, де, — деб буюради Исроил.

— Малика, боламни ухлатаётгандим. Ўзим сизга қўн­ғироқ қиламан, — дейди Муҳайё паст овозда.

Алоқа узилгач, И. Алимов ундан телефонни тортиб олади. Кейин дағдаға қилишга ўтади:

— Пуллар қаерда? Тўрт қоп доллар бор, буни ҳамма билади, топиб бер!

— Бизда ҳеч қандай пул йўқ, — дея жавоб беради М. Акбаралиева титраганча.

Исроил эса, унинг гапини охиригача эшитмай, А. Сайдуллаевга юзланади:

— Бор, хоналарни бирма-бир қараб чиқ!

Бироқ орадан кўп ўтмай Аҳрор ҳеч вақо тополмай қайтиб чиқади. И. Алимов тўппончани унга бериб, ўзи хонама-хона пул излашга тушади.

— Тиллалар қаерда?, — деб у ўшқиради пулларни тополмагач.

Бунга жавобан Муҳайё онаси тилла тақинчоқларини тўй­га тақиб кетганини, шунинг учун ўзининг тақинчоқларини беришини айтади. Шунда бирдан чақалоқ йиғлаб қолади.

— Илтимос, боламга тегманг, — дея аёл ялиниб жигарбандини бағрига босади.

Шундан сўнг М. Акбаралиева қўрққанидан онасининг буюмлари турадиган сейфни очиб беради. Босқинчилар сейф­­даги Мавжуда Акбаралиевага тегишли 24 700 000 сўмлик 17 дона кумуш ва тилла тақинчоқлар, 4 АҚШ доллари (42 780 сўм), нархи 250 000 сўм­лик «Армани» русумли эркаклар қўл соати, ба­ҳоси 450 АҚШ долларига тенг бўл­ган «iPhone» русумли уяли ало­­қа телефони, 1 020 000 сўмлик «Samsung» русумли уяли алоқа телефони ҳам­да 300 000 сўм нақд пулни қўл­га кирити­ша­ди. Сўнгра Исроил Му­ҳайё­дан ертў­лага олиб тушишини талаб қилади. Лекин ертўладан пул топилмайди.

— Яхшиликча пуллар қаердалигини айт, бўлмаса, отаман, — деб ўдағайлайди у тўппончани ўқлагандек бўлиб.

Тўппончанинг ўқланаётган овозини эшитганда М. Акбаралиева йиғлаб юборади ва уй­да бошқа пул йўқлигини айтади. Худди шу маҳал дарвозани кимдир тақиллатиб уй эгасининг исмини айтиб чақиради. Бу профилактика инспектори Р. Раҳмоналиев эди. Унинг овозини таниган И. Алимов Муҳайёга «Ичкарига кир, эшикни очма» деб буйруқ беради. Келинчак эътироз билдирмай, ўз хонасига кириб кетгач, Исроил билан Аҳрор ҳовлининг орқа тарафидан кў­чага қочиб кетишади.

Муҳайё Акбаралиева дар­ҳол эшикни очиб, инспекторга жиноятчилар қочган томонни кўрсатади. Р. Раҳмоналиев бос­қинчиларнинг изига тушади. Оқи­батда босқинчилар ўша куниёқ қўлга олинади. Уларнинг ҳамтовоғи Жафарали Маманов эртаси ку­ни ушланади. Шундан сўнг босқинчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда жиноят ишлари бў­йича Қувасой шаҳар суди Ис­роил Алимов, Маъруф Иминжонов, Жафарали Маманов ва Аҳрор Сайдуллаевни Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига асосан айбдор деб топиб, турли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Бироқ Ж. Маманов ва А. Сайдуллаев суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция инс­танциясига мурожаат қилишди. Апелляция инс­танцияси суди мажлисида аён бўл­дики, биринчи бос­қич суди уларнинг қилмишларини тўғ­ри малакалаган. Қолаверса, уларнинг айби жабрланувчи, гувоҳларнинг даст­лабки тергов ва суддаги кўрсатмала­ри,­ ҳодиса жойини кўздан кечириш, ашёвий далилни олиш, ашёвий далилларни кўздан кечириш, судланувчилар ўр­тасида ўтказилган юзлаштириш баённомалари, суд-баллис­тик экспертизаси хулосаси, видеотасвир ва фотосуратлар ҳамда ишда тўп­ланган бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган. Шунингдек, та­йин­ланган жазо жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавф­лилик даражаси, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳо­латларга тўлиқ мос келади. Бинобарин, Фар­ғона вилояти суди судлов ҳайъати апелляция ши­коя­тини қа­ноатлантирмасдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш юзасидан ажрим чиқарди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳаётда оқибатини ўйламай босилган ҳар бир қадам инсонни аянч­ли қисматга гирфтор қилади. Бундай пайтда пушаймон бў­лишнинг асло фойдаси йўқ. Айниқса, судланувчиларнинг ота-оналари такрор-такрор афсус чеккандан кўра аввал-бошиданоқ фар­занд­ларига тўғри тарбия берса, уларнинг юриш-туришини жиддий назоратга олишганда баён этилган воқеа содир бўлмасди.

 

 

Тўлқин ТЎРАҚУЛОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: